Ўзбекистон янгиликлари

Зиёрат туризмини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида «Зиёрат туризмини ҳозирги кундаги аҳамияти ва долзарб муаммолари» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Унда Туризм ва маданий мерос вазири маслаҳатчиси Темур Мирзаев, Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси «Ислом иқтисодиёти ва молияси, зиёрат туризми» кафедраси профессори Нурислом Тўхлиев, соҳа мутахассислари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этди.
Тадбирда иштирокчиларнинг «Зиёрат туризмини ривожлантиришдаги долзарб муаммолар», «Ўзбекистонда мавжуд динлар, диний конфессия ва ташкилотлар, мамлакатнинг зиёрат туризми салоҳияти», «Зиёрат туризми – маданиятлараро алмашинув ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш соҳаси сифатида», «Ўзбекистонда зиёрат туризми ва унинг ривожланиш истиқболлари», «Зиёрат туризми одоби ва қўлланмаси» каби мавзуларда маърузалари тингланди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати билдиришича, анжуман давомида зиёрат туризми фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Сир эмас, бугун аҳоли орасида зиёрат туризмига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Бу борада фуқароларга юртимизнинг бой тарихи, муборак қадамжолар ва зиёратгоҳлар ҳақида етарли маълумот бериш, мавжуд шарт-шароит, инфратузилмаларни яхшилиш зарурлиги қайд этилди.
Тадбир якунида сўз юритилган мавзулар юзасидан фикр алмашилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1097 марта ўқилди

Янгиликлар

Top