Ўзбекистон янгиликлари

ЯНГИ «ЧИЛҚОРИ» МАСЖИДИДА ИЛК ЖУМА НАМОЗИ ЎҚИЛДИ

Муборак Рамазон ойи хушхабарларга бой бўляпти. Бугун, 2022 йил 15 апрель жума куни Оҳангарон туманидаги "Чилқори" жоме масжидининг очилиши маросими бўлиб ўтди.

Тадбир, одатдагидек, Қуръони карим тиловати билан бошланди.

Очилиш маросимида Тошкент вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, вилоят бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, имом-домлалар, маҳалла фаоллари, ҳомийлар ва саховатпеша инсонлар, жоме қавми иштирок этди.

Очилиш маросимидан сўнг вилоят бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов жамоатга таъсирчан мавъиза қилиб, илк жума намозини ўқиб берди. Жума намози адо этилгач, қурилиш ишларида иштирок этган юртдошларимиз ва жамоат ҳақига хайрли дуолар қилинди.

2020 йил қурилиши бошланган масжиднинг янги биноси бир вақтнинг ўзида бағрига 700 кишини сиғдира олади. Замонавий масжидга ҳамоҳанг тарзда барча шароитга эга таҳоратхона ҳам қурилди.

Умумий ер майдони 73 гектар бўлган масжид кутубхона, имом-хатиб хонаси, қаровулхонадан иборат. Намозхонларга қулайлик яратиш мақсадида масжидга учта дарвоза ўрнатилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1082 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top