Ўзбекистон янгиликлари

Рамазон ойининг биринчи ярмида 500 га яқин масжидда хатми Қуръонлар якунланиб, 300 дан зиёд масжидда янги Қуръон хатмлари бошланди

Бу йилги Рамазон ойи юртимизда ўзгача файз ва шукуҳли кечиб, кечалари юртимиз нурга тўлмоқда, десак янглишмаймиз. Чунки ҳар кеча мамлакатимиздаги бир ярим мингдан зиёд масжидларимизда 2400 дан ортиқ қориларимиз таровиҳ намозларида Қуръони каримни хатм қилмоқдалар. Уларга соме бўлувчи, Қуръонга муҳаббатли бўлган тингловчилар ҳам ҳар йилгидан кўпайиб, масжидларимиз тўлиб бормоқда. Бу эса муборак ойнинг янада файзли ўтишига хизмат қилаётир.


Қувонарлиси шундаки, Рамазон ойининг биринчи ярмида юртимиздаги 473 та масжидда хатми Қуръонлар якунланган бўлса, 311та масжидда янги Қуръон хатмлари бошланди. Айни пайтда 1027 тадан ортиқ масжидда хатми Қуръонлар давом этмоқда.


Мамлакатимиз бўйлаб бошланган хатми Қуръонлар Рамазон ойининг Қадр кечасида якунлаш мўлжалланмоқда. Бундан асосий мақсад Қуръони карим тиловатидан кўпроқ баҳраманд бўлиб, муборак, дуолар ижобат бўладиган кечада йиғилган Қуръон шайдолари билан Аллоҳ таолодан тинчлик хотиржамлик, хайру барака, файзу раҳмат сўраб дуолар қилишдир.


Муборак китобларда Қуръони карим нурдир, уни тинглувчига ҳам ўқувчи инсонга ҳам ҳар бир ҳарфига ажру савоблар ёзилади, дейилади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай ҳадис келади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зарр розияллоҳу анҳуга: “Аллоҳга тақво қил”, дедилар. У киши васиятларига қаноатланмай: “Зиёда қилинг, ё Расулуллоҳ” деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръон тиловати ва Аллоҳ зикрини ўзингга вазифа қилиб ол, чунки бу сен учун ер юзида нур, осмонда эса захирадир”, дедилар.


Қуръони каримда эса бундай дейилади: «Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажр савоб бўлишидан) умидвордир. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукр қилувчидир» (Фотир, 29–30).


Зеро, Қуръони каримни Рамазон ойидан ўқишнинг фазли кўпдир. Чунки Рамазон Қуръон нозил бўлган ойдир.


Бугун минглаб масжидларимизда давом этаётган бундай хатми Қуръонлар баракасидан Аллоҳ таоло юртимизга ўз раҳматини ёғдириб, тинчлик осойишталигимизни бардавом қилиб, турмушимизга файзу барака ато этади, Иншааллоҳ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар билан ишлаш бўлими

1203 марта ўқилди

Янгиликлар

Top