Ўзбекистон янгиликлари

АҚШдаги имом-хатибларимиз Нью-Йоркдаги фаолиятини якунлаб, Огая штатига йўл олдилар

Бугун, 23 апрел куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида Тошкент вақти билан эрталаб соат 03:30 да пойтахтимиздаги “Дорул Омон” жоме масжиди имом-хатиби Абдулҳамид домла Жуманов илмий суҳбат қилиб берди.

Таниқли уламо ва имом-хатибларимиз кун давомида Нью-Йоркдаги “Mahalla USA” ўзбекистонликлар жамиятига ташриф буюриб, унинг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Ташриф асносида бу ерда юртдошларимиз билан мулoқaтда бўлиб, мамлакатимиздаги янгиликлар, Рамазон ойи фазилати ҳақида суҳбат қилиниб, уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб бердилар.

Кун якунида уламо ва имом-хатибларимиз Нью-Йорк шаҳридаги Рамазон тадбирларини якунлаб, Огая штатининг Синсиннати шаҳрига йўл олдилар.

Таниқли ва воиз имом-хатибларимиз ташрифлари давомида Синсиннати шаҳрида яшовчи ҳамюртлар билан учрашув ўтказиш, Рамазон ойи тадбирлари ҳамда ватандошлар томонидан қурилиши бошланаётган “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди пойдеворига тамал тошини қўйиш режа қилинган.

Ташриф тафсилотларини сайт ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимизда кузатиб боринг.

Аллоҳ таоло уламоларимизнинг сафарларини бехатар ва суҳбатларини манфаатли қилсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1234 марта ўқилди

Янгиликлар

Top