Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ватандошлар учун ифторлик уюштирди

Муқаддас Рамазон ойида Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Россияда бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси, ушбу мамлакатда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошлар ва иш берувчилар иштирокида ифторлик уюштирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.


Элчи Ботиржон Асадов меҳмонларни самимий қутлар экан, Ўзбекистон жамиятида анъанавий исломий қадриятларни асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш, ўзликни англаш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича маълумотларни тадбир иштирокчилари билан ўртоқлашди. Шу ўринда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ҳудудларга чиқиб, меҳнат қилаётган фуқаролар ва уларнинг яшаш жойлари ва шарт-шароитларини ўрганиш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар киритиш бўйича вазифалар қўйилгани алоҳида қайд этилди.


Таъкидланганидек, ўтган йил давомида элчихона томонидан Россия ҳудудларига бир неча амалий сафарлар амалга оширилгани ҳолда, белгиланган вазифаларни амалга оширишга йўналтирилган ишлар олиб борилмоқда.


Ўз навбатида, Ўзбекистон Бош вазири маслаҳатчиси Меҳриддин Хайриддинов давлатимиз раҳбари хориждаги, жумладан, Россиядаги ватандошларга алоҳида эътибор қаратаётгани, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан, меҳнат муҳожирларининг мамлакатимизда яшаётган оила аъзоларига муносиб шарт-шароит яратиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинганини қайд этди.


У, шунингдек, Россия вазирлик ва идоралари вакиллари билан ўтказилган учрашувлар ва ҳудудларга режалаштирилган ташрифлар ҳақида йиғилганларга маълумот берди. Яқин фурсатда ушбу мамлакатда рўйхатга олиш муддатини 15 кунга узайтириш тўғрисидаги икки томонлама битим кучга кириши кутилаётгани, бу эса тегишли рухсатномаларни расмийлаштириш учун қўшимча вақт беришини маълум қилди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳим Иномов суҳбат давомида Қуръони Карим сураларидан қироат қилгани баробарида йиғилганларга делегациянинг Россияга хизмат сафаридан кўзланган мақсад ва вазифалар ҳақидаги маълумотларни ҳам ўртоқлашди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

892 марта ўқилди

Янгиликлар

Top