Ўзбекистон янгиликлари

Хитой ОАВлари Ўзбекистонда зиёрат туризми ҳақида

Хитойнинг «Pseacher» нашрида Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Материалда Ўзбекистонда сўнгги йилларда туризм саноатининг турли йўналишларини ривожлантириш, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларга кўрсатилаётган хизматлар даражасини яхшилаш, мамлакатнинг сайёҳлик масканларини авайлаб-асраш борасида қилинаётган ишлар қаламга олинган.

Мақолада қайд этилганидек, бугунги кунда анъанавий маданий ва тарихий туризм билан бир қаторда Ўзбекистон учун зиёрат, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, тиббий-соғломлаштириш, қишлоқ, саноат, бизнес ва бошқа туризм йўналишлари муваффақиятли ривожланмоқда.

Нашрда Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларни сифатли амалга ошириш мақсадида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилгани, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани алоҳида таъкидланган. «Маълумки, Ўзбекистонда бутун дунёга машҳур тарихий ва меъморий обидалар кўп, - деб ёзади Хитой нашри. - Жумладан, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Тошкент ва бошқа шаҳарларда жойлашган қадимий иншоотлар ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси объектлари сифатида эътироф этилган».

Ўзбекистоннинг сайёҳлик жозибадорлигини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги» ни ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, дейилади мақолада.

Ҳужжатга кўра, халқаро ҳафталикни ўтказишдан мақсад Ўзбекистонда зиёрат туризми салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, мамлакатни жаҳон цивилизациясининг энг муҳим марказларидан бири сифатида тақдим этиш, жаҳон ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар томонидан юксак эътирофга сазовор бўлиш, шунингдек, зиёрат туризмини диверсификация қилишдан иборат хизматлар ва туризм экспортини оширишдан иборат экани қайд этилган.

«Шу мақсадда 2022 йилдан бошлаб ноябрь ойининг биринчи ҳафтасида Ўзбекистонда Халқаро Зиёрат туризм ҳафталиги ўтказилади, - деб маълум қилган манба. - Халқаро ҳафталик доирасида Ўзбекистонда чоп этилган диний китоблар, дин уламолари асарлари, шунингдек, тематик эсдалик совғалари кўргазмалари ташкил этилади»

Ўзбекистон ўзининг гўзаллиги ва бетакрор обидаларининг улуғворлиги, бой маданияти ва урф-одатлари хорижлик сайёҳлар учун ҳамиша севимли ва жозибали маскан бўлиб қолади, деб ёзган «Pseacher».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

913 марта ўқилди

Янгиликлар

Top