Ўзбекистон янгиликлари

«Ҳисорак» масжиди очилди

Хушхабар

Халқимизда эзгу бир анъана шаклланган: байрамлар арафасида ижтимоий соҳа объектлари, янги-янги иншоотлар, муҳташам иморатлар, файзли масканлар катта қувонч, шоду хуррамлик билан фойдаланишга топширилади.

Ана шу анъанага мувофиқ, мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрами арафасида, муборак жума (2022 йил 19 август) куни Тошкент вилояти Паркент туманидаги “Ҳисорак” жоме масжиди янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, туман имомлари, маҳалла фаоллари, нуроний отахонлар, ҳомийлар ва саховатпеша инсонлар иштирок этди.

Очилиш маросими, одатдагидек, Қуръони карим тиловати билан бошланиб, Аллоҳнинг байти қурилишига ҳисса қўшган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинди.

– Бизнинг “Ҳисорак” масжидимиз 1991 йилда ҳашар йўли билан қурилган эди, – дейди масжид имом-хатиби Иқболхўжа Аҳмедов. – Сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар мўмин-мусулмонларимизнинг ўзлигини англашига, миллий ва диний қадриятларини қадрлашига катта туртки бўляпти. Шу боис намозхонларимиз сафи кенгайиб, жомеларимиз торлик қилиб қолганди. Шуни инобатга олиб, раҳбарларимиз билан маслаҳатлашган ҳолда 2021 йил апрель ойида масжидимиз биносини бузиб, қайтадан қуришга киришдик. Бу жараёнга динимизга ихлосли, муҳаббатли юртдошларимизнинг маблағлари жалб этилди. Янги масжидда бир вақтнинг ўзида минг нафар киши бемалол ибодатларни адо эта олади. Шунга мос равишда таҳоратхона ҳам барпо этилди.

Масжид катта йўл бўйида жойлашгани боис ўтган-қайтган мўмин-мусулмонлар бу масканга кириб, намозларни ўқиб кетишади. Эътибор берилса, масжидга қадам қўйган ҳар бир киши икки ракат “Таҳиййати масжид” намозини ўқийди ва ибодат ортидан шу масжид қурилишига ҳиса қўшганлар ҳақига хайрли дуолар қилади.

Аллоҳ таоло янги масжидни муборак қилсин!

795 марта ўқилди

Янгиликлар

Top