Ўзбекистон янгиликлари

Таниқли уламоларимизнинг диний-маърифий маърузалари мўмин-мусулмонларга катта манфаат бермоқда

Айни кунда юртимизнинг таниқли уламолари Тошкент шаҳри ва республикамизнинг турли туманларида пешин, хуфтон ва жума намозларида иштирок этиб, ўзларининг гўзал мавъизалари билан намозхонларни яхшиликка чақирмоқдалар. Албатта, бундай суҳбатлар мўмин-мусулмонларга катта манфаат бериб, диний-маърифий билимларининг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.


Ана шундай учрашув 19-20 август кунлари пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур, Олмазор тумани масжидларида ташкил этилди. Унда юртимизнинг бир гуруҳ таниқли уламолари пешин ва хуфтон намозидан сўнг мўмин-мусулмонларга диний-маърифий суҳбатлар қилиб бердилар.


Шу кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари, фазилатли устоз Иброҳимжон домла Иномов “Хожа Аламбардор” ҳамда “Ҳазрати Имом” масжидларига ташриф буюриб, пешин намозидан сўнг жамоатга устозларга ҳурмат кўрсатиш, уларнинг дуоларини олишнинг фазилати ҳакида гўзал маъруза қилдилар. Маърузадан сўнг жамоат ҳақига дуолар ўқилиб, йиғилганлар устоз Иброҳимжон домла Иномовга гўзал мавиъзаси учун ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Шунингдек, бундай манфаатли учрашувлар "Фотимаи Заҳро” масжидида Салоҳиддин домла Шарипов, “Хўжа Аҳрор Валий” масжидида Жалолиддин домла Ҳамроқулов, “Шайх Зайниддин” масжидида Абдуқаххор домла Юнусов, “Дўстжонбой” жоме масжидида устоз Исҳоқжон домла Бегматов, "Масжидус-салом" масжидида Ҳасан домла Қодиров ҳамда бир қатор уламолар иштирокида бўлиб ўтди.


Маърифий суҳбатларда воиз уламо ва имом-хатибларимиз йиғилганларга юртимиздаги хайрли ислоҳотлар бўлаётгани, диний-маърифий соҳадаги янгиликлар ҳақида ҳам маълумот беришиб, намозхонларнинг саволларига жавоб қайтаришди. Ўз навбатида ҳудуддаги мўмин-мусулмонлар ҳам бундай илмий суҳбат ва диний саволларга батафсил жавоб учун уламоларга ўз миннатдорликларини билдирдилар.
Суҳбатлар якунида уламолар жамоат билан бирга Ҳақ таолодан юртимизга тинчлик-офият, файзу барака ва тан-сиҳатлик сўраб дуолар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

766 марта ўқилди

Янгиликлар

Top