Ўзбекистон янгиликлари

Ҳозирги вақтда кучга асосланган экстремизм ва терроризм дунёдаги миллатлараро тотувликка таҳдид солмоқда. Бу эса уларни бартараф этиш йўлларини излаш учун биргаликда ҳаракат қилишни талаб этаётир. Шу боис Бирлашган миллатлар ташкилотининг махсус қарори билан 21 август – Халқаро терроризм қурбонларини хотирлаш куни сифатида белгиланган.

23 август куни Ўзбекистон Республикасида терроризмга қарши кураш Миллий стратегияси ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамкорликда “Халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашда халқ дипломатиясининг аҳамияти” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати маълум қилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Дин ишлари бўйича қўмитас, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамалакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси вакиллари  ҳамда Самарқанд ҳадис илми мактаби мутахассислари маъруза ва таклифлар билан иштирок этдилар.

Мазкур анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков сўз чиқиб, ҳозирги кунда республикамизда терроризмни олдини олиш, ёшларни бу иллатлар қарши туришда самарали ишлар қилинаётганини алоҳида қайд этди. Хусусун, бу таҳдидга маърифий йўл билан барҳам беришда диний улома ва ҳудудларда фаолият юритаётган имом-хатибларнинг роли тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Айниқса, улар томонидан масжидларда пешин, хуфтон ва жума намозларидан сўнг жамоатга доимий тарзда илмий-маърифий суҳбатларнинг ташкил этилаётгани халқимизнинг диний билимларининг мустаҳкамланишига ва турли оқимларга берилиб кетишининг олдини олишга хизмат қилаётганини билдирди.

Семинар давомида иштирокчилар терроризм ва экстремизмга қарши курашда Ўзбекистонда бугунги кунга қадар муайян тажриба шаклланганлигини таъкидладилар.

Шунингдек, бу йўлда жамиятимизда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ёш авлодни турли бузғунчи оқимлар сафига кириб қолишларини олдини олиш бўйича тарғибот ишларини изчил амалга ошириш, уларни интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тарғиб қилинаётган турли мафкуравий ва информацион хуружлардан ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган тадбирлар кўламини давом эттириш зарур эканлиги қайд этилди.

Тадбир якунига кўра, семинар иштирокчилари мамлакатимизда терроризм ва экстремизм ғояларига қарши йўналтирилган илмий тадқиқотларни олиб бориш, диний ақидамиз ва умуминсоний қадриятларимизни тарғиб этувчи китоб ва қўлланмалар мунтазам нашр этиш ҳамда бағрикенглик ғояси ва тинчликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан илмий-назарий мулоқот давралари, семинарлар ташкил этиш, ушбу йўналишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини янада ошириш зарурлиги борасида таклиф ва тавсиялар қабул қилдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

706 марта ўқилди

Янгиликлар

Top