Ўзбекистон янгиликлари

Имконияти чекланганлар билан «Оламларга раҳмат Пайғамбар» шиори остида тадбир ўтказилди

Бугун, 3 ноябрь куни «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» мажмуасининг анжуманлар залида имконияти чекланганлар иштирокида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойлари муносабати билан «Оламларга раҳмат Пайғамбар» шиори остида тадбир ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида ташкил этилди. 
Ушбу маросимга кўзи ожиз ҳамда эшитиш ва гапириш имконияти чекланганлар, аҳли илмлар, хусусан, Қуръони Карим ходими Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид ва азиз меҳмонлар ташриф буюришди.
Ҳар бир ишни Аллоҳнинг Каломи билан бошлаш хайрлидир. Бугунги сийрат анжумани ҳам Қуръони Карим тиловати билан бошланди. 
Анжуманда имконияти чекланганлар Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, у зотга бўлган муҳаббат, бутун оламларга раҳмат ўлароқ биз учун ҳам раҳмат Пайғамбар эканликлари, у зот бева-бечоралар, заифлару фақирларнинг пушти паноҳи эканликлари ҳақида қалбларни эритувчи изҳорларини туҳфа этишди. 
Шу билан бирга буюк саҳобалар ва саҳобия аёлларнинг ҳаётларига оид ибратли маълумотлар, саҳна кўринишлари ва нашидалар ҳам ижро этилди. 
Анжуман якунида тадбирда иштирок этганларга ҳомийлар томонидан совғалар тарқатилиб, уларга байрамона кайфият улашилди ҳамда дуолар қилинди. 
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят килинади: 
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Менинг розилигимни заифларга яхшилик килиш билан истанглар! Зеро, сизлар заифларингиз туфайли ризқланасиз ва нусратга эришасизлар», деганларини эшитганман».
Имом Термизий, Абу Довуд Насоий ривоятлари.
Ушбу хайрга тўла тадбирнинг ҳар бир сонияси икки дунёда манфаатли бўлсин. 

islom.uz 

1301 марта ўқилди

Янгиликлар

Top