Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонга туркиялик зиёратчиларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Бош консулхонасида Туркия Дин ишлари бўйича қўмитасининг («Diyanet», қароргоҳи Макка шаҳрида) Умра ва қуддус зиёратлари бўлими бошлиғи Муҳаммад Зейд Озел билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Макка шаҳридаги «Diyanet» ваколатхонаси Туркиянинг Жиддадаги Бош консулхонаси ҳузурида очилган бўлиб қўмитанинг асосий мақсади Саудия Арабистони ҳукумати ва тегишли компаниялар билан тўғридан-тўғри иш олиб боришдан иборат.
Учрашувда Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, республикада меҳмонхона хўжалигини такомиллаштириш доирасида хорижий инвесторларга яратилаётган шароитлар ва имтиёзлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги батафсил маълумотлар берилди.
Самарқанд ва Бухоро каби тарихий шаҳарларидаги ноёб ёдгорликлар, ўзбек халқининг кўп асрлик ҳунармандчилик анъаналари ва урф-одатлари ҳар йили кўплаб сайёҳларни жалб қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Ўз навбатида, Муҳаммад Зейд Озел туркиялик сайёҳлар учун Самарқанд ва Бухоро шаҳарларининг қадимий обидаларига, хусусан, Имом Бухорий мажмуаси ва Нақшбандий мақбарасига зиёратларни ташкил этиш орқали ўзаро ҳамкорлик масаласига қизиқиш билдирди. У шунингдек, «зиёрат туризми» йўналишида Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари билан муносабат ўрнатиш ва тегишли битимни имзолашга тайёр эканлигини маълум қилди.
Бундан ташқари, Туркия вакили Ўзбекистондаги энг йирик туристик компаниялар билан ҳам алоқалар ўрнатган ҳолда турк зиёратчилари учун керакли турпакетларни ишлаб чиқиш ташаббусини билдирди.
Учрашув натижасида туркиялик зиёратчиларни Ўзбекистонга жалб қилиш мақсадида мамлакатимизнинг ушбу жабҳага мутасадди идора ва туркомпаниялари билан алоқа ўрнатиш юзасидан келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

626 марта ўқилди

Янгиликлар

Top