Ўзбекистон янгиликлари

Президент топшириғи амалда: бухороликлар ҳам Умра зиёратидан қайтиб келди

Президентимизнинг жорий йил 17 февраль куни Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига кам таъминланган оилалар вакилларини Умрага юборишда давлат томонидан ёрдам бериш бўйича топшириқ берилган эди.

Натижада Давлат раҳбарининг ташаббуси билан Умра зиёратига боришни ният қилиб, имконини тополмай турган кўплаб эҳтиёжманд юртдошларимизнинг орзуси руёбга чиқди.

Муборак Рамазон ойида юртимиздаги кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган хонадонлар вакиллари, фахрийлар давлат томонидан берилган йўлланма асосида Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларида Умра зиёратини амалга ошириб қайтди.

Бухоро вилоятидан ҳам давлатимиз кўмаги билан Умра зиёратига борган 100 нафар юртдошимизга бу бахт насиб этди. Бухоролик зиёратчилар зиёратни адо этиб юртимизга қайтиб келди.

Муқаддас сафардан қайтган бухоролик зиёратчилар ҳокимлик ва жамоатчилик вакиллари, яқин қариндошлари томонидан Бухоро темир йўл вокзалида кутиб олинди.

Қоракўл тумани Зарафшон маҳалласида яшовчи Моҳира Асадова ҳам давлатимиз кўмагида Умра амалларини адо этди.

– Каъбани зиёрат қилиш истагини анчадан бери қалбимда сақлаб келаётган эдим, – дейди Моҳира ая. -Кўп йиллик орзуларимни ушалишига сабабчи бўлгани учун Президентимиздан бир умр миннатдорман.

Зариф Комилов, ЎзА

551 марта ўқилди

Янгиликлар

Top