Ўзбекистон янгиликлари

Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Ғомидий: “Узоқ-яқиндан келган намозхонлар масжидни тўлдириб ибодат қилаётганларидан беҳад мамнунман”

Бугун, 7 ноябрь куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги парламентининг Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Ғомидий бошчилигидаги делегацияси Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” мажмуасига ташриф буюрди. Мартабали меҳмонлар билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров мулоқот қилишди.

Учрашув аввалида, томонлар икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг тарихида янги саҳифа бошлангани, ўзаро дўстона ва ишончли муносабатлар, иттифоқчилик ва ҳамкорликни ривожлантириш борасида дадил қадамлар ташланаётганини мамнуният билан таъкидладилар. Шунингдек, суҳбат чоғида Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги дўстона алоқалар кўп жабҳаларда, жумладан, парламентаризм соҳасида ҳам изчил ривожланиб бораётгани, бундай ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш учун икки томонда ҳам қизиқиш катта экани алоҳида таъкидланди.

Мулоқотда муфтий ҳазратлари меҳмонларга сўнгги вақтларда диёримизда дин соҳасидаги улкан ўзгаришлар бўлаётгани, илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилгани ва ихтисослашган илмий мактаблар иш бошлагани тўғрисида гапириб бердилар.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Минаваров суҳбат чоғида юртимизда ислом маданиятига оид осори атиқалар ва маънавий меросни асраб-авайлашга катта эътибор қаратилаётгани таъкидлаб, мана шу йўналишдаги ишларни кенг кўламда олиб бориш мақсадида, Президентимиз ташаббуслари билан пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилганини маълум қилди. Шунингдек, Ш.Минаваров диёримиз аҳолисининг Саудия Арабистони мамлакатига бўлган муҳаббати ўзгача экани, айниқса, Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварага доимо талпиниб яшашларини алоҳида қайд этди.

Ш.Минаваров сўзида давом этиб, мамлакатимиз ҳудудида жуда кўп саҳобаларнинг ҳоки поклари қўним топганини, халқимизнинг уларга бўлган ҳурмат ва эҳтироми чексиз эканини гапириб берди. Ислом тамаддунига муносиб ҳисса қўшган алломаларга бешик бўлган бу заминнинг ўзига хослиги, мўътадил иқлими бугунги кунда хорижий сайёҳларнинг эътирофига сазовор бўлаётгани, хусусан, Саудия Арабистони мамлакатидан диёримизга сайёҳларни жалб этиб, мана шундай гўзал масканлар, табиатимиз ва миллий урф-одатларимиз билан уларни танишитириш мақсадида, зиёрат туризми ташкил этилаётганини батафсил изоҳлади.

Учрашувда Тошкент давлат Шарқшунослик институти ректори Абдураҳим Маннонов иштирок этиб, ушбу институт таркиби, фаолияти ва араб тилини ўқитиш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида гапириб берди.

Учрашувда Саудия Арабистони делегацияси раҳбари Аҳмад ибн Муҳаммал ал-Ғомидий сўз олиб, Ўзбекистон замини қадим-қадимдан ўзининг етук алломалари, кўплаб ноёб асарлари ва илмий кашфиётлари билан маълуму машҳур эканини алоҳида қайд этди. Айниқса, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Ибн Сино каби олимларнинг мусулмон дунёси ривожидаги хизматлари беқиёс эканини эътироф қилди. Аҳмад ибн Муҳаммал ал-Ғомидий сўзида давом этиб, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон парламентларо дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришдан икки мамлакат манфаатдор эканини изҳор қилди.

Саудия Арабистони делегацияси аъзоси Абдулла ибн Руфуд ас-Суфёний мулоқотда сўз олиб, Ўзбекистонда охирги йилларда қилинаётган ишларни кузатиб бораётганини билдириб, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилганини қўллаб-қувватлаб, Саудия Арабистонида ҳам “2030 йилга нигоҳ” дастури асосида жуда катта ишлар бошлаб юборилагини ва бу дастур доирасида Саудияда улкан музей ташкил этилаётгани ва албатта ушбу музейда Ўзбекистоннинг алоҳида ўрни борлигини баён қилди. Имом Бухорийнинг заминида қилинаётган кенг кўламли эзгу ишларни, албатта, Саудия Арабистони Подшоҳлиги раҳбариятига етказишини, - Абдулла ибн Руфуд ас-Суфёний билдирди.

Мулоқот якунида Аҳмад ибн Муҳаммал ал-Ғомидий сўз олиб, ўтган куни диёримиздаги масжидларнинг бирида аср намозини адо этгани ва у ердаги узоқ-яқиндан келган намозхонлар масжидларни тўлдириб ибодат қилаётганини кўриб беҳад мамнун бўлганини айтди.

Делегация аъзоларининг “Ҳазрати Имом” мажмуасига ташрифи давомида Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон ва Мўйи Муборак мадрасалари, “Тилла Шайх” ва “Намозгоҳ” масжиди каби обидаларни ҳам зиёрат қилишди. Меҳмонлар Мўйи муборак мадрасасида сақланаётган қадимий “Усмон Мусҳафи”ни кўриб, ўзларининг ҳайратларини беркита олишмади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

матбуот хизмати

1232 марта ўқилди
Top