Ўзбекистон янгиликлари

Ислом институтидаги Қуръон мусобақаси ғолиби умра йўлланмаси билан тақдирланди

Бугун, 16 февраль куни Тошкент ислом институтида “Қуръон қироати ва илмлари фан ойлиги” доирасида Таҳфизул Қуръон кафедраси томонидан талабалар ўртасида “Қуръон мусобақаси – 2024” кўрик-танлови ўтказилди.

Каломуллоҳ тиловати билан бошланган тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, институт ректори Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов очиб берди. Сўнгра Диний идоранинг Қуръон ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли ҳамда “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири Абдулҳаким қори Матқуловлар иштирокчиларга ўз табрик сўзини йўллаб, уларга омад тиладилар..
Таҳфизул Қуръон кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов қатнашчиларни танлов шартлари билан таништирди. Иштирокчиларнинг чиқишларини малакали ўқитувчилар баҳолаб борди.

Якуний натижалар қуйидагича бўлди:
1-ўрин: Сирожиддин қори Жалилов, 2-босқич талабаси;
2-ўрин: Аҳмадуллоҳ қори Ғофуржонов, 4-босқич талабаси;
3-ўрин: Муҳаммадамин қори Нажмиддинов, 1-босқич талабаси.

Биринчи ўрин соҳиби Умра йўлланмаси ва пул мукофоти билан тақдирланди. Иккинчи ва учинчи ўрин эгаларига қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

534 марта ўқилди

Янгиликлар

Top