Ўзбекистон янгиликлари

“Ўтмишнинг буюк мероси – маърифатли келажак пойдевори”

Бугун пойтахтда “Ўзбекистон маданий мероси” мультимедиа лойиҳаси доирасида “Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси – маърифатли келажак пойдевори” мавзуидаги халқаро медиа-форум” иш бошлади. Форум икки кун давом этади.

Маданият вазирлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси, Ўзбекистон Фанлар академияси,  "Zamon press Info" нашриёт уйи, "Uzbekistan Today" ахборот агентлиги, "Караван-ТВ" телеканали, “Севимли-ТВ” онлайн интернет телеканали ушбу халқаро медиа-форумнинг ташкилотчиларидир.

Унда дунё илм-фанининг етук намоёндалари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари, музей, кутубхона, илмий институтлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда маҳаллий олимлар ва экспертлар иштирок этмоқда.

Медиа-форумда “Шарқ ёзма ёдгорликлари дурдоналари” лойиҳаси тақдимоти ўтказилмоқда. Лойиҳа доирасида хориж тўпламларида сақланаётган бебаҳо қадимий қўлёзмаларнинг факсимиле нусхалари Ўзбекистон коллекциясига бериш учун чоп этилмоқда. Улардан биринчи бўлиб “Катта Лангар Қуръони”, “Девони Султон Ҳусайн Бойқаро”, “Равзат ус-Сафо” (“Поклик боғи”), “Меърожнома” ва “Темур тузуклари” чоп этилди. Россия Федерацияси Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти ва Франция миллий кутубхонасида сақланаётган ушбу дурдоналарнинг факсимиле нусхалари  Европанинг машҳур босмахоналаридан бирида юқори технологиялар бўйича тайёрланган. Улар  максимал даражада асл нусхасига яқин, табиий олтин қопламали қоғозда яратилган.  Нусхалар шунчалик ҳашаматлики, уларни ҳақиқий фолиолардан фарқлаш мушкул.

Ушбу нусхаларнинг Ўзбекистонга топширилишида  халқаро медиа-форумнинг  хизмати катта бўлмоқда.

Шунингдек, форумда “Ўзбекистон маданий мероси” лойиҳаси доирасида  чоп этилган навбатдаги бешта китоб-альбомнинг тақдимоти бўлди ҳамда улар тантана равишда 49 та давлатнинг 136 та музей ва кутубхоналарига топширилади. VI жилд М.И.Глинка номидаги мусиқа асбоблари ва нота ёзувларининг ноёб намуналари тўпланган музейга, VII жилд Россия Федерацияси Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институтига, VIII жилд Давлат Эрмитажига, X жилд давлат тарих музейи ва Бутунроссия амалий безак ва халқ санъати тўпламига бағишланган. Мазкур сериядан биринчи марта И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейида сақланаётган, маданий меросга бағишланган альбом (IX жилд) жой олган. Унда Туркистон зиёлиларининг ноёб асарлари тақдим этилди.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳанинг дастлабки бешта китоби 2017 йилнинг май ойида ўтказилган “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” мавзуидаги I Халқаро  илмий-маданий конгресс доирасида тақдим этилган эди. Бу китоблар Шарқ давлат музейи,  Россия этнография музейи, Третьяков давлат галереясига, чет элдаги  Ўзбекистон гиламлари ва кашталари тўпламларига, шунингдек, Россия миллий кутубхонасидаги Алишер Навоий асарларига бағишланган эди.

Халқаро медиа-форум доирасида 2018 йилда чоп этилиши режалаштирилаётган китоб-альбомлар ва фильмлар муҳокамаси ҳам намойиш этилди. Ушбу китоблар Буюк Британия, Россия, Франция, Туркия, Ўзбекистон ва Япония  тўпламларида сақланаётган Ўзбекистоннинг осору атиқаларига бағишланган.

Тадбирда “Россия-Культура” телеканалида суратга олинган “Ўзбекистон: кашф этилган синоатлар” ҳужжатли фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Шу билан бирга, ЮНЕСКО инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий мероси дурдоналари рўйхатига киритган машҳур ўзбек мақомларидан парчалар ижро этилди.

Насриддин Мирзаев

 

4915 марта ўқилди

Янгиликлар

Top