Ўзбекистон янгиликлари

“Оммавий маданият”нинг ёшлар тарбиясига таъсири

Фарғона давлат университетида “Огоҳлик ва ҳушёрлик – давр талаби” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда қатнашган Фарғона шаҳар бош имом-хатиби Жўрабек Раҳмонов ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш, диний экстремизм ва терроризмнинг аянчли оқибатлари ҳамда “Оммавий маданият”нинг ёшлар тарбиясига таъсири ҳақида сўз юритар экан жумладан бундай деди:

– Инсон ҳаёти давомида бирор шахсни ўзига ўрнак деб билади, у каби ҳаёт кечиришни, у эришган ютуқлар каби муваффақиятларга эришишни,  юксак чўққиларга чиқишни кўзлайди. Бугун жамиятнинг ёш аъзолари ўз ҳаётлари учун бошқа маданият вакилларининг  фикрлаш ва ҳаёт тарзини ўрнак қилиб олишлари кўп муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Ғарб турмуш тарзининг жамиятимизга таъсири сезиларли даражада экани ҳақида ўйлаганимизда, табиийки, ҳар биримиз ташвишга тушамиз. Шунда ёшлар таълим­тарбияси борасидаги ишларимизнинг  самарадорлиги қанчалар  муҳим  аҳамиятга  эга  эканини  тушуниб  етамиз. Шу билан бирга, шукр қиламизки, халқимиз орасида соғлом  эътиқодли,  юксак  одобли кишилар кўпчиликни ташкил қилиб келмоқда.

Ҳақиқатан,  юксак  ахлоқ,  аввало,  ҳар  бир  инсоннинг одобини, халқнинг орзу­умидлари, нияту ­интилишларини намоён қилади. Шунинг учун эзгуликни қадрлаб, рағбатлантириб, маънавий­-ахлоқий  қадриятларимизни асраб, ривожлантириб, Президентимиз таъкидлаганидек: “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” барчамизнинг асосий вазифамиздир.

Тадбир сўнгида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан жавоб олдилар.

Вакиллик матбуот хизмати

 

 

 

http://fargonaziyo.uz/ommaviy-madaniyatning-yoshlar-tarbiyasiga-tasiri/

4926 марта ўқилди

Янгиликлар

Top