Ўзбекистон янгиликлари

Президент “Вундеркинд” мактабгача таълим муассаси фаолияти билан танишди

Президентимиз Шавкт Мирзиеёв Қашқдарёга қилган ташрифи чоғида, Шаҳрисабз шаҳрида давлат шериклиги асосида ташкил этилган “Вундеркинд” (Билимдон болалар) номли хусусий мактабгача таълим муассасаси фаолияти билан танишди, деб хабар беради ЎзА.

Инглиз тили ва компьютер билимларини чуқур ўргатишга ихтисослашган мазкур нодавлат боғчада мактабгача таълимда бола шахсини ривожлантиришга қўйиладиган давлат талабларининг асосий йўналишлари қамраб олинган. Ҳар бир қаватдан кичкинтойларнинг интеллектуал, эстетик ва жисмоний салоҳиятини ўстириш учун унумли фойдаланилган.

Биринчи қаватда мусиқа ва рақс, спорт заллари, шахмат-шашка хонаси, мўъжаз қўғирчоқ театри жойлашган. Иккинчи қаватда овқатланиш, тиббиёт хоналари мавжуд. Учинчи қаватда мактабга тайёрлов гуруҳи ва кичик ёшдаги гуруҳлар учун машғулот хоналари, 2 та ётоқхона ўрин олган. Ҳовлидаги ўйин майдончаси турли аттракционлар билан жиҳозланган.

Президентимиз муассасада яратилган шароитни юксак баҳолади. Мазкур боғча мисолида Шаҳрисабз шаҳрида яна 25 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси барпо этиш, боғча мудираси, Зулфия номидаги Давлат мукофот совриндори Шаҳноза Холмаҳматовага мамлакатимизда ишлаб чиқарилган енгил автомобиль совға қилиш бўйича топшириқ берди.

Ахборот агентлигининг маълум қилишича, Шавкат Мирзиёев шу ерда Қашқадарё вилоятида хусусий шериклик асосида ҳамда давлат томонидан қуриладиган мактабгача таълим муассасалари дастури тақдимоти билан ҳам танишган.

 

ЎМИ матбуот хизмати

3887 марта ўқилди

Янгиликлар

Top