Ўзбекистон янгиликлари

Самарқандда “Эзгулик патрули” иш бошлади

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасининг Патруль-пост хизмати батальони таркибида “Эзгулик патрули” гуруҳи ташкил этилиб, Самарқанд вилоятининг маданий мерос объектлари, муқаддас қадамжолари, шунингдек фуқаролар гавжум бўладиган жойларида хизмат олиб бориши йўлга қўйилди. Мазкур услубнинг аввалгисидан асосий фарқи шундаки, “Эзгулик патрули” - гуруҳи таркибини эркак ходим билан аёл ходима ташкил этиб, бунда, аёллар фуқаролар билан юзага келиши мумкин бўлган зиддиятли вазиятларни бартараф этиш ва ўзаро муносабатларни тартибга солиш сифатлари ҳам эътиборга олинди. 

“Эзгулик патрули”нинг асосий вазифалари сифатида хизмат олиб бориши белгиланган объектларда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жабрланган, ноқулай аҳволга тушиб қолган ва ёрдамга муҳтож фуқароларга биринчи тиббий ёки бошқа зарурий ёрдам кўрсатиш, белгиланган йўналишда ҳуқуқ-тартиботни пиёда патруллик қилиш йўли билан таъминлаш кабилар белгиланган. 

Қайд этиш жоизки, белгиланган йўналишда хизмат олиб бораётган ходимларнинг ёнида ўзларига бириктирилган зарурий экипировка билан бир қаторда биринчи тиббий ёрдам учун зарур бўлган дори воситаларига эга дори қутичаси (аптечка) мавжуд бўлади. 

“Эзгулик патрули”да хизмат олиб бораётган ходимлар инглиз ва рус тилларида эркин сўзлаша оладиган, ташқи кўриниши кўркам ва истарали, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмаларига эга, жисмоний ва руҳий тайёргарлиги юқори ходимлар бўлиб, муомала маданияти юқори даражада шаклланганлиги билан фарқланади. 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

3950 марта ўқилди

Янгиликлар

Top