Ўзбекистон янгиликлари

Диний идорадан янги лойиҳа: “Онлайн зиёрат”

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz портали ижодкорлари томонидан “Онлайн зиёрат” лойиҳаси йўлга қўйилди.

Энди сиз Юртимиздаги диққатга сазовор жойлар, муқаддас қадамжолар ва азиз-авлиёларнинг хоклари қўним топган гўшаларга muslim.uz сайтининг Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали “Онлайн зиёрат” қилишингиз мумкин. Бунда, портал ижодкорлари муайян бир зиёратгоҳга бориб, у ердан тўғридан-тўғри эфирга чиқишади ва зиёратгоҳ ҳақида батафсил маълумот беришади. Дастлаб, Тошкент шаҳридаги зиёратгоҳлар бўйлаб саёҳат амалга оширилади. Агар сиз юртимиздаги қайси зиёратгоҳ ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишни истасангиз, бизни телеграмдаги @MuslimUzAdmin1Bot ботига мурожаат қилишингиз мумкин. Биз, албатта, имкон қадар Сиз айтган зиёратгоҳга бориб, муборак гўша ҳақида мухлисларимизга батафсил маълумот беришга ҳаракат қиламиз, иншоаллоҳ!

Эртага, биринчи “Онлайн зиёрат”имиз соат 10.00 да “Ҳазрати Имом” мажмуасида жойлашган “Қаффол Шоший” зиёратгоҳидан бошланади. Марҳамат, биз билан бирга онлайн зиёрат қилинг ва муборак гўша ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлинг.

Ҳурматли мухлислар! Бизни кузатишда давом этинг. Ҳали олдинда, Сиз учун яна-да фойдали ва қизиқарли мега лойиҳалар тайёрлаб қўйганмиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

3047 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top