Ўзбекистон янгиликлари

“Тараққиёт стратегияси” маркази дунёда янги ташкил этилган “ақл марказ”лари 50 талик рейтингига киритилди

Фото: ЎзА

2017 йил якунларига кўра, “Тараққиёт стратегияси” маркази “Global Go To Think Tank Index Report” дунёдаги тадқиқот ва таҳлил марказлари йиллик рейтингига киритилди. 

2018 йилнинг 31 январь куни дунё “ақл марказ”ларининг энг нуфузли рейтинги ҳисобланувчи «Global Go To Think Tank Index Report» тадқиқот ва таҳлил марказлари рейтинги эълон қилинди. Мазкур ҳисобот Пенсильвания университети (АҚШ) томонидан 2008 йилдан буён дунё миқёсида ҳукумат ва фуқаролик жамияти “ақл марказ”ларининг ролини ўрганиш ҳамда уларнинг салоҳиятини ва самарадорлигини ошириш мақсадида “Таҳлилий марказлар ва фуқаролик жамияти” дастури доирасида мунтазам тайёрлаб келинади. 

Рейтингни тузиш жараёнида 7815 та “ақл марказ”ларининг ўтган йилдаги фаолияти таҳлил қилинган. Унда турли номинациялар тақдим этилган бўлиб, улар, ўз навбатида, 4 та асосий гуруҳга бўлинган. Рейтинг TACTSP Global Think Tank Database маълумотлар базасига киритилган 62 мингдан ортиқ нуфузли экспертлар, журналистлар, сиёсатчилар ҳамда иқтисодий ва сиёсий тадқиқотлар соҳаси мутахассислари ўртасида ўтказилган сўров натижалари асосида тузилган. 

Ўтказилган сўров натижаларига кўра Ўзбекистоннинг “Тараққиёт стратегияси” маркази Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” маркази, “Америка сиёсати миллий жамғармаси”, Нидерландиянинг “Интеграция ва жамият илмий платформаси” каби қатор нуфузли институтлар қаторида “2017 йилнинг янги ташкил этилган энг яхши “ақл маркази” номинацияси бўйича элликталик рейтингида эътироф этилди. Ушбу номинацияда сўнгги 24 ой давомида ташкил этилган ва илғор хорижий тажриба ҳисобланадиган “ақл марказлари” кўриб чиқилди. 

Ушбу рўйхатга, қоида тариқасида, ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш учун конкрет таклифлар ишлаб чиқадиган, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ўзгаришларга жамиятнинг ўз ҳиссасини қўшишига ёрдам берадиган ҳамда давлатнинг дунёга юз тутишида фаол иштирок этадиган “ақл марказлари” киритилади. 

Эслатиб ўтамиз, “Тараққиёт стратегияси” маркази ўз фаолиятини бир нечта йўналишларда олиб боради. Марказ, авваламбор, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган тадбирларнинг бажарилиш ҳолати тўғрисида кенг жамоатчиликка ахборот бериб боради. Шунингдек, турли форум, анжуман, жамоатчилик муҳокамалари ва ижтимоий сўровлар ўтказиш орқали давлат ва фуқаролар ўртасида очиқ мулоқот ўрнатишга хизмат қилади. 

Бундан ташқари, марказ Давлат дастурида кўзда тутилган ислоҳотлар амалга оширилишига кўмаклашиш мақсадида хорижий ва халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий ва таълим муассасалари билан фаол ҳамкорлик қилади. 

Марказ мутахассислари қонун лойиҳаларига мунтазам экспертлик хулосаларини тақдим этади, Ҳаракатлар стратегияси доирасида таҳлилий маърузалар тайёрлайди, шунингдек, аҳоли фикрлари ҳамда хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш натижасида давлат дастурлари лойиҳаларига таклифлар киритадилар. 

Маълумот учун: “GlobalGoToThinkTankIndexReport” тадқиқот ва таҳлил марказларининг йиллик рейтинги “Экспертлик-таҳлилий марказлар ва фуқаролик жамияти” дастури доирасида 2008 йилдан буён эълон қилиниб келинади. Ушбу рейтинг минтақавий ва глобал сиёсий институтлар ҳамда ҳамжамиятлар тармоғини яратиш имконини беради. Бу эса жамият ҳаётининг турли соҳаларида рўй бераётган сиёсий саъй-ҳаракатлар самарадорлигини оширишга ҳамда дунё миқёсида демократик ва фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Сўнгги йилларда Европа сиёсий стратегиялар маркази, Сиёсий тадқиқотлар институти (АҚШ), Алибаба ақл маркази (Хитой), Европа халқаро муносабатлар маркази, Америка тараққиёт маркази сингари дунёнинг етакчи институтлари “2017 йилнинг энг яхши янги “ақл маркази” номинациясида энг яхши ақл марказлари сифатида эътироф этилган эди.

Манаба: http://uza.uz

3118 марта ўқилди

Янгиликлар

Top