Ўзбекистон янгиликлари

Имкана қишлоғида қандай синоатлар яширин?

Китоб тумани ҳудуди ҳайратланарли табиий ёдгорликлар билан бирга Ҳазрати Башир, Мавлоно Хожаги Имканагий, Хожа Саййид Неъматуллоҳ, Шайх Шамсиддин, Жунайдуллоҳ, Ислом шайх ўғли Ҳозиқ, Абдураҳмон Ҳисорий каби алломалар, Хиромий, Абдулла шоир сингари назм усталари мангу қўним топган тарихий қадамжоларга бойлиги билан ажралиб туради.
“Қашқадарё” нашри билдиришича, Сўфи Оллоёр ва Бобораҳим Машраб назари тушган Имкана қишлоғи денгиз сатҳидан 900 метр баландликда жойлашган бўлиб, одамлар орасида “Хўжа имкана”, “Хўжа илм кони” номлари билан машҳур. Қишлоқ аҳли шу ерда бундан тўрт ярим аср аввал Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) авлодига мансуб улуғ зот – Мавлоно Абулбоқи Хожаги Имканагий яшаб ўтгани ва алломанинг мақбараси қад ростлаб тургани, шунингдек, республикамиздаги энг улкан ва кекса чинор дарахти ҳамда қадимий сув иншооти – 13 та қудуқмисол ўйиқли ер ости канал (кориз) борлиги билан фахрланишади.
Қишлоқни сув билан унинг шарқий томонида ястаниб ётган Қорахон (маҳаллий аҳоли “Қора момо” ҳам дейди) тоғи этаклари остидан табиий тарзда оқиб чиқувчи катта-кичик ўнлаб булоқ сувларининг бирлашишидан ҳосил бўлган чоғроқ ариқ таъминлайди. Азалда қишлоқ билан булоқлар орасини баландлиги эллик-олтмиш метрга тенг келадиган табиий тепалик тўсиб турган. Кўп асрлар бурун аждодларимиз булоқ сувини тепалик остидан қишлоққа олиб ўтишнинг ўзига хос усулини ўйлаб топишганки, уни кўриб ҳайратга тушишингиз табиий.
Тепаликнинг булоқлар томонидан қишлоқ тарафига оралиғи 15-20, чуқурлиги 12-20 метрлар келадиган 13 та қудуқмисол ўйиқлар қўл кучи билан қазилган. Ушбу ўйиқларнинг туби бир-бирига тенг ўлчамда бўлган ва улар ер остидан бир-бирига махсус қазилган ғорсимон каналлар ёрдамида бирлаштирилган. Қадимий ер ости сув иншоотини аҳоли “кориз” деб атайди. Коризларни кузатаркансиз, ота-боболаримизнинг ирригация соҳасида ҳам беқиёс билим соҳиби бўлганликларига амин бўласиз. Бу ердаги қудуқсимон ўйиқлар коризнинг ер остидан ўтган қисмини ёритиб туришга қулайлик туғдириши билан бирга сув йўлини тозалаш ишлари давом эттирилаётган пайти хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам жуда муҳим бўлган.
Имкана қишлоғида табиатнинг яна бир дурдона ёдгорлиги – кўҳна чинор борки, унинг ёши ўн беш асрлар атрофида. Танасидаги табиий ёриққа эшик ўрнатилган бўлиб, асрлар ўтиши билан тана марказида кенггина ўйиқ ҳосил бўлган. Ўйиқ ичидаги “хона” девори ёнғиндан қорайганини кўриш мумкин. Ривоят қилишларича, чинор дарахти минг ёшга кирса, ўз-ўзидан олов чиқариб, ички қисми ёниб кетармиш. Ривоят ушбу чинорга ҳам тааллуқли, дейишди маҳаллий кексалар. Вақт таъсирида чинорнинг марказий шох танаси синиб тушган. Аммо яшаш учун курашаётган бу улкан дарахт янги шохлар чиқариб, ўсишда давом этмоқда.
Имкана чинорининг тана айланаси 18 киши қулочига тенг ёхуд 27 метрга яқин ўлчамда. Чинор бағрида ҳосил бўлган “хона” эса узунасига 5,8 ва энига 4,2 метрга тенг. Унинг ичида 25 бола бемалол давра қуриб ўтириши мумкин. Шу боис, ўтган аср бошларигача ундан мактаб синфхонаси сифатида фойдаланилган. Қишлоқ қарияларининг гувоҳлик беришича, авваллари чинор шохларида 35 та лайлак уяси бўлган экан.
Бу ерда абадий қўним топган Мавлоно Хожаги Имканагий 1512-1599 йилларда яшаган бўлиб, Кеш вилоятида нақшбандия тариқатининг Имкана мактабига асос солган. Аллома саъй-ҳаракатлари билан нақшбандия тариқати олис Ҳиндистон ҳудудига ҳам етиб борган ва Сирҳинд мактаби юзага келган.
Хожаги Имканагий ота тарафи Термиз саййидларига, она томонидан машҳур шайх Яъқуб Чархий ҳазратларига бориб тақалади. Отаси Мавлоно Дарвеш Муҳаммад асосан Чағониён (ҳозирда Сурхон воҳасининг Денов тумани)нинг Вахшувор, Ҳисори Шодмон манзилгоҳларида яшаган. Шу сабаб у кишининг нисбаси – Вахшуворий. Ўша йилларда юз берган нотинчликлар сабаб, мавлоно Кеш вилоятининг Имкана қишлоғига кўчиб келган ва у зотнинг муборак қабри Имкана қишлоғидан уч чақирим узоқликдаги Хожаиспароз қишлоғидадир.
Дарвеш Муҳаммаддан икки ўғил авлодни давом эттирган бўлиб, уларнинг ҳар иккиси – ҳазрат Абулбоқи Хожаги Имканагий ва Хожа Офоқ ўз даврининг таниқли илмдорлари бўлиб етишган.

Хожаги Имканагий дастлабки сабоқни отасидан олган, кейин Бухоро ва Самарқанд алломаларидан калом, тафсир ва ҳадис илмларини ўрганган. Вақт етиб, Сумак қишлоғида яшаган хожа Муҳаммад Собирнинг қизига уйланган.
Тарихий манбаларда Хожаги Имканагийнинг бир қизи ва ёлғиз ўғли бўлгани қайд этилади. Ўғли Абул Қосим шайхлик даражасига етишган, одамлар эътиқодига путур етказувчи ҳар қандай бидъат ва хурофотларга қарши курашган. Айни кучга тўлган 39 ёшида боқий дунёга рихлат қилган.
Хожаги Имканагий тариқатда ўзига хос йўлга эга бўлиб, у шариат қонун-қоидаларига асосланган эди. Ҳар бир амал Қуръон ва Расулуллоҳ суннатларига зид бўлса, ҳар қандай ҳолатда ундан воз кечган. Аллома фаолиятини чуқур ўрганган олим Абдусаттор Жуманазаров “Хилват аҳли” асарида бу ҳақда шундай дейди:
“Ёзадилар: “Ҳазрат Хожаги Имканагий тўғри ва улуғ йўлда собитқадам эди. У рухсат этилган баъзи шаръий ишлардан ҳам ўзини тиярди. Масжид ва хонақоҳдан ўзгани билмасди. Бағоят тамкинлиги – Аллоҳ ҳукмига итоатгўйлигидан унинг мажлисида рақс, самоъ ва жазавада нолалар чекишга йўл йўқ эди”.
Дарҳақиқат, ўша даврларда бошқа тариқатлар таъсирида нақшбандия сулукида ҳам самоъ, рақс ва жаҳрий зикр пайдо бўла бошлаганди. Мавлоно эса айни шундай таъсирлар доирасига тушмаганди. Бир куни асҳобларидан бири: “Дарвешлар мажлисида Мавлавий Румий қуддусу сирруҳу маснавийлари ижро этилса, не бўлур?” деб сўрайди. Мавлоно: “Ҳар куни ҳадис ушбу мажлиснинг чироғидур. Набий ҳадисларини сўйлагувчиларга Тангри раҳматининг ёғилиб туришига ҳеч шак-шубҳа йўқдур, ҳадисдан сўнггина удир”, деб жавоб беради.
Хожаги Имканагий яшаган даврда Шайбонийлар салтанати кутилмаганда таназзулга юз тутади. Абдуллахон II вафотидан икки йил ўтиб, Мовароуннаҳр ҳукмдорлиги жонийлар (аштархонийлар) қўлига ўтади. Ушбу сулоланинг Бухоро тахтини эгаллашида Хожаги Имканагийнинг хизмати катта бўлган.
Манбаларда ёзилишича, мавлоно Аштархоний Боқи Муҳаммадга Мовароуннаҳр тахтини эгаллашдан олдин: “Аскаринг камлигидан андиша қилма! Ва бу ояти каримани ўқигин: “Қанчадан-қанча озчилик гуруҳлар Аллоҳ изни билан кўпчилик гуруҳлар устидан ғолиб келмишдур”, дейди.
Мавлононинг бу инояти ва хайрли башорати билан султон дилида ишонч пайдо бўлади ва 3-4 минглик қўшини билан душманнинг эллик минг лашкаридан устун келади. Ушбу жанг Хожаги Имканагий номини халқ аро янада машҳур қилади. Мавлононинг падари бузруквори Дарвеш Муҳаммад давридаёқ қишлоқда масжид, хонақоҳ ва мактаб фаолият кўрсатаётганди. Кейинчалик Хожаги Имканагий ҳурмати эвазига аштархоний ҳукмдорлар томонидан Имкана қишлоғида йирик меъморий иншоотлар мажмуаси қуришади.
Кексаларнинг гувоҳлик беришича, ўтган асрнинг 30-йилларигача мажмуа вайроналари сақланган. Кейинчалик бино ғиштлари мактаб, вино заводи қурилишига ташиб кетилган. Ўз даврида мажмуа таркибида бешта масжид, 43 ҳужраси бўлган мадраса, шунингдек, ўзига хос йирик аркли ғиштин кўприк бўлган. Ҳозирда мажмуадан фақат хонақоҳ биноси сақланиб қолган.

Хонақоҳ томига бинонинг уч томонидан махсус ғиштин зинапоялар орқали чиқилади. Зинапоя йўлаклари учун эшиклар бинонинг ташқи томонидан ўрнатилган. Хонақоҳ ичига тоза ҳаво кириши ва ёруғлик тушиб туриши учун катта-кичик махсус туйнук (дераза)лар қўйилган. Уларга ганчдан ясалган панжаралар ўрнатилган.
Хонақоҳнинг жануб томонида ер юзасидан 13-14 метр баландликдаги ғиштин кўприк излари сақланган. Кўприк остидан ўтадиган иккинчи – қарама-қарши йўлдан от-аравали ва пиёда йўловчилар қатнаб турган. Ушбу кўприк аждодларимиз ақл-заковати билан ўзига хос мураккаб ва гўзал архитектура усулида бунёд этилган.
Қабристон юқорида тасвирлаганимиз – хонақоҳнинг рўпарасида, асосан жануби-шарқида жойлашган. Қабристон билан хонақоҳ оралиғида мавлоно Хожаги Имканагийнинг салобатли даҳмаси қад ростлаб турибди. Баландлиги икки метрдан ошиқроқ бўлган даҳма квадрат шаклида, тўртала томони ҳам 11,2 метрга тенг. Даҳма девори турли ўлчовдаги тоғ тошларидан кесиб тикланган. Унинг устида иккита қабр бўлиб, шимол томонидагиси мавлоно Хожаги Имканагийга тааллуқли, иккинчиси эса фарзандлари бўлмиш хожа Абул Қосимнинг қабридир. Араб тилида битилган ёзувларда “Бу мунаввар қабр орифлар султони, ҳақгўйлар таянчи, дину миллат ва султонлар насиҳатгўйи, фақирлар мураббийи, хос ва авом раҳнамоси, фозиллар ва олимлар суюклиси, улуғ шайхлар етишган ҳол соҳиби, поклик ила мағфират қилинган қутублар қутуби, мавлоно Яқуб Чархийнинг невараси, мавлоно Дарвеш Вахшуворий алайҳи раҳма ва-р-ризвоннинг ўғли – ҳазрат мавлоно Хожагийникидир. Вафот этган санаси ҳижрий 1008 йил (милодий 1599-1600 йиллар)” дейилган. Қабртошнинг четларига айлантирилиб, Аллоҳнинг турли сифатларини англатувчи 33 исми битилган.
Иккинчи қабртошга эса “Бу муаттар қабр авлиёлар султони ва яхшилар суянчиғи, олий ҳиммат, ҳаққа етишган ва Тангри карамига эришган, султонлар дўсти, фақирлар мураббийи ва мағфират этилиб, ушбу жойда сокин бўлган художўй марҳум хожа Абул Қосим ибн мавлоно Хожаги алайҳир раҳимникидур. Вафот этган санаси ҳижрий 1022 йил (милодий 1613-1614 йиллар)”, деб ёзилган. Ҳар иккала қабртош битиклари насх-сулс хатида ёзилган.
Даxмани кузатган киши унинг Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасига ўхшашлигини пайқайди. Таъкидлаганимиздек, Хожаги Имканагий нақшбандия тариқати кенг ёйилишига хизмат қилган, шу сабаб Бухородаги меъморий ечим у зот қабрида ҳам ўз ифодасини топган бўлса, не ажаб.
Қабристоннинг хонақоҳга яқин қисмида ҳам кўплаб қадимий улкан қабртошлар сокин турибди. Табиатнинг узоқ йиллик таъсири натижаси ўлароқ, улардаги битикларнинг асосий қисми емирилиб, ҳатто ўқишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган.
Умуман олганда, Имкана қишлоғи ҳамда Хожаги Имканагий зиёратгоҳи ўз бағрида тарихнинг кўплаб сир-синоатларини мужассам этганки, уларни ҳар бир киши ўзи бориб кўрса, кўплаб ажойиботларга гувоҳ бўлиши шубҳасиз.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

4564 марта ўқилди

Янгиликлар

Top