Ўзбекистон янгиликлари

Кўзимиз олдидаги “бедарак” инсон

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилган бўларди.

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманилик фуқаро 1941 йилда урушга кетади. Уруш тугагач, яна армия хизматида давом этади. Бу орада унинг оила аъзоларига унинг бедарак кетгани ҳақида мактуб келиб тушади. Вақт ҳамма нарсага даво. Бора-бора қариндошлар бу шум хабарга кўникиб қолади. Кунлардан бир кун у уйга қайтиб келади ва шундан буён то бугунга қадар унинг исми барча ерда – Тошкент ва Қаршидаги Хотира майдонларидаги китобларда ҳам, ҳокимият ва бошқа ташкилотлар рўйхатида ҳам “бедарак йўқолган”лигича қолиб кетди. Қуйида бобонинг набираси таҳририятимизга йўллаган мактубни ҳавола этамиз.

“Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги “Бешчашма” МПТ, Мирзатўп қишлоғида яшовчи Хидир бува Эшалиев 1926 йил туғилган. 1944 йил ҳарбий хизматга чақирилган. Ўша йилнинг 12 апрелидан собиқ иттифоқ армиясининг 125-зенит полки таркибида 1945 йилнинг 9 майига қадар немис-фашистларига қарши курашган. Ғалаба қўлга киритилгандан сўнг 1949 йилнинг 4 декабригача Қизил байроқли Болтиқ флоти таркибидаги 90648-сонли ҳарбий қисмда ўқчи вазифасида хизмат қилган. 

Лекин ўша даврнинг талотўпларида нимадир бўлиб, бедарак йўқолганлар рўйхатига кириб қолган. 1949 йил ҳарбий хизматдан қайтиб келиб, Чироқчи тумани ҳарбий бўлимидан рўйхатдан ўтган бўлса-да, бедарак йўқолганлар рўйхатида тураверган. Қаршидаги ва Тошкентдаги Хотира майдонида ҳамда Қашқадарё хотира китобида ҳам бедараклар рўйхатида турибди... 

Уни байрамларда, тантаналарда ҳеч ким йўқламайди. Чунки 1944 йил бедарак кетган деган хат келган. “Катталар”нинг кўзининг олдида 68 йилдан бери яшаб-ишлаб юрган бўлса ҳам бедарак. Чунки 44-йил шундай хат келган. Бобо ҳозир 92 ёшда. Буни қарангки, бедарак кетган деган одам қайтиб келса, яна 69 йил яшаса, уйланса, болали-чақали, невара-чеварали бўлса...ким ўзи у одам, деб сўрайдиган одам бўлмаса...” 

Хидир бобонинг невараси Илҳом Эшалиев.

Набиранинг айтишича, Хидир бобо ўта камсуқум, юқоридаги ишларга шу пайтгача аҳамият бермай юрган, бир инсон сифатида ҳаёт кечирган инсонлардан бири. Аммо бобо кунлардан бир кун тўлқинланиб кетади, кўзига ёш олиб йиғлайди. “Ёшлигимнинг энг чиройли дамлари қон кечиб, жангларда ўтди. Бошимдан жуда кўп қийинчиликларни ўтказдим. Лекин ким ёки нима учун? Мени ҳамон бедарак кетган деб юришибди. Биров ҳолимдан хабар олмайди. Менга мол-давлат керакмас, шу давлатим мени эсласин дейман”, дея ўкинади. 

Бобонинг набираси Илҳом Эшалиев таҳририятимизга мурожаат қилиш билан бирга Президент виртуал қабулхонасига ҳам мурожаат қилади. Буни қарангки, бобони йўқлаб келишади. Унга бир қути совға ҳам улашади. Аммо Илҳом Эшалиевнинг айтишича, гап совғада, аниқроғи, моддий манфаатда эмас. Ҳужжатларда ҳаммаси рисоладек бўлиши зарур. Унинг Чироқчи туман ҳокимияти ва бошқа мутасадди ташкилотларига қилган мурожаатлари самарасиз қолган. “2011 йил Президент девонига қилинган мурожаатдан сўнг уч-тўрт кун “югуриб” қолишганди. Лекин ҳеч нарса қилиб беришмади, ўшанда кўзбўямачилик бўлганди”, дейди бобонинг набираси Илҳом Эшалиев.

Назаримизда, бу масала марказида улкан мантиқсизлик ётибди. Бобонинг паспорти, ҳарбий гувоҳномаси, урушда олган медали бор, аммо у ҳамон “бедарак”. Хидир бобонинг қариндошлари томонидан Россия Федерациясига юборилган мурожаатга кўра, Россия ҳарбий қўмондонлиги Хидир Эшалиевни ҳақиқатда ҳам ўша йиллари урушда қатнашганини, ундан кейин яна ҳарбий хизматда бўлганини тасдиқлаган ва бу ҳақда зарур маълумотнома тақдим этган.

Хуллас, гаплар ана шунақа...

Мана яна ҳадемай, “Хотира ва қадрлаш куни” етиб келади, яна уруш ва меҳнат фахрийларини йўқлаб табриклашади, яна Хидир бобо ана уруш ветеранлари рўйхатига кирмай қолаверадими? Ёки биргина отахонни мукофотланганлар рўйхатига қўшиб қўйиш давлатимизга шунчалик оғир келяптими? Бу одам ким учун қон кечган эди ўзи?..

Ўзбек халқи кекса авлодни доим ардоқда, эътиборда тутиб келган, ҳурматини жойига қўйган. Халқ хизматида бўлган, олис ўтмиш йўлини босиб ўтган бундай кишиларни ҳеч ким дилини оғритишга ботинмаган, аксинча, дуосини олишга интилган. Хидир бобо Эшалиевнинг бу муаммоси ҳал этилса, ҳам савоб бўларди, ҳам бир кишининг қадри тикланарди, ҳам ҳақиқат қарор топарди.

Таҳририят

 

Бу ҳақда уламоларимиз нима дейди?

 

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Қарияларни эъзозлашга динимизда алоҳида эътибор
берилган. Имон­ эътиқодли, ихлосли ва нуроний кексаларнинг фазилатларини билиш ҳамда уларнинг ҳақларини адо этиш бошқалар учун вожибдир. Бундай хайрли ишлар Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига мувофиқдир. У зот кишиларга кексаларнинг фазилатларини билдириб, уларнинг ҳақларига риоя этишни шарт қилганлар. 
Имом Термизий Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кексаларни улуғлаш ҳақида бундай деганлар: “Ёш йигит кекса кишини ёши улуғлиги учун ҳурмат қилса, Аллоҳ таоло уни ҳам кексайганида ҳурмат қилинадиган инсонлар қаторига қўяди”Бир йигит бобосига дерди: “Бобожон, мен ҳам сизнинг ёшингизга етсам дейман...” “Илоё, ниятингга ет, болам, узоқ яшай десанг, кексаларни ҳурмат қил...” деди бобоси. Кексаларга ҳурмат халқимизнинг азалий ибратли қадриятларидан ҳисобланади... 9 май куни юртимизда “Хотира ва қадрлаш куни” деб белгиланди. Ушбу байрам шарофати билан кекса отахону онахонларимиз халқимиз эъзозида бўлиб, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб­-қувватланади. “Хотира ва қадрлаш” куни юксак ахлоқнинг ёрқин бир кўриниши, ҳавас қилса ярашгулик байрамга айланди. Бу кун тарихнинг оғир синовларини бошдан кечирган, фидокорона меҳнат қилган табаррук ёшдаги отахон, онахонларимизга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш айёмидир. “Қадр кўрсатган қадр топади” – халқимизнинг доно ҳикмати ҳам шуни таъкидлайди.

Қадрлаш ўзликни англаш демакдир. Бу сўз замирида имон бутлиги, одоб-­ахлоқ, аждодлар мероси, шунингдек, атрофимиздаги инсонларга чуқур ҳурмат мужассам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан 

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Кексаларни ва ўзидан катталарни эҳтиром қилиш ўз қадр-қийматини билган ҳар бир жамиятнинг энг аҳамиятли қадриятларидан бири ҳисобланади. Бу қадриятлар уларга амал қилган жамиятларда ўзига муносиб олиймақом жой олади. Мазкур жамиятларда ҳар бир инсон кексаларни эъзозлаш бўйича ўзининг масъулиятини яхши билади ва бажаради. Ана шунда ҳар бир иш ва шахс ўз ўрнини топади.
Қадимда бобо ва момоларимиз динимиз таълимотларига амал қилиш жараёнида бу борадаги кўрсатмаларни ҳам гўзал тарзда амалга оширганлар ва барчага ўрнак бўлганлар.
Мусулмонлар орасида кексалар доимо қадрланиб келган, чунки Ислом шариатида бу ишга алоҳида аҳамият берилади. Зотан, қарилик инсон ҳаётининг ожизлик ва заифлик босқичи ҳисобланади. Шунинг учун ёш, бақувват чоғида жамиятга хизмат қилган кишиларга қариган чоғларида яхшилик қилиш уларнинг яхшилигини яхшилик билан қайтариш сирасидаги ишлар қаторига киради. Ислом шариатида ҳар бир қарияга ўзига яраша имтиёз бе-рилган. Уларнинг ҳар бири жамиятда эъзозланиш ва эҳтиром қилиниш ҳаққига эгадир. Мазкур ҳолатларнинг барчаси мусулмонлар яшайдиган жамиятда яққол кўзга ташланиб туради.

Биз, бугунги кун мусулмонлари ҳам мазкур бобо ва момолари-мизга муносиб бўлишимиз, барча гўзал одобларимизга амал қилиб, кексаларни эъзозлаш, уларга иззат-икром кўрсатиш ишларини қойилмақом тарзда йўлга қўйиб боришимиз лозимдир.
Катталарни улуғлаш, эъзозлаш, авайлаш барча пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннати ва мусулмон жамиятларининг асосий белгиларидан биридир. Ҳозирги кунда инсонпарварлик борасидаги динимиз таълимотларини ўрганиб, уларга амал қилишни йўлга қўйиб бориш жараёнида кексаларни эъзозлашдек буюк инсоний фазилатни яхшилаб йўлга қўйиб бориш ҳаммамиз учун ниҳоятда фойдали бўлади.
Кексаларга кўрсатиладиган ҳурмат ва эъзоз мусулмонлар жамиятида шариат таълимоти асосида амалга оширилади. Яъни бу борада Қуръони карим оятларидан, Набий алайҳиссаломнинг ҳадисларидан, уламоларнинг ижмоъларидан ва улуғларнинг амалларидан далиллар, ҳужжатлар бордир.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Кексаларни эъзозлаш» китобидан

2934 марта ўқилди

Янгиликлар

Top