Ўзбекистон янгиликлари

Ҳаяжонли лаҳзалар яқинлашмоқда: ким ғолиб бўлади?

Одатда, давлат раҳбари бирор масала юзасидан қандайдир таклиф айтиб қолгудек бўлса, у ўзидан ўзи одамларга мажбуриятга айланиб қолади, айниқса, бизнинг қуллуқчи халқимиз учун. Лекин Президентимиз ўтган йили 1 сентябрда, Қурбон ҳайити куни муборак маскан – Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилиб, зиёрат асносида Қуръон мусобақаси ўтказиш ҳақида таклиф айтганида катта-ю кичик, барча хурсанд бўлиб кетди. Одамлар сабрсизлик билан ушбу мусобақанинг бошланишини кута бошладилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ушбу мусобақани ташкиллаштириш масаласига бағишлаб махсус йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда мусобақани уч босқичли тарзда: туман, вилоят, республика миқёсида ўтказишга келишиб олинди ҳамда  Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018” ташкилий қўмитаси раиси, Абдулҳаким Матқулов домла раис ўринбосари этиб тайинланди.

Шундан сўнг мусобақа қатнашчиларини рўйхатга олиш ҳақида эълон берилганда, тўғриси, на ташкилий қўмита ва на бошқалар унга қанча одам ҳужжат топшириши мумкин эканини билмас эди. Фақат тахминлар бор эди ва ўша тахминларга кўра, беш юз, олти юз киши ҳужжат топшириши керак эди. Лекин беш мингга яқин ариза тушганини кўриб, барчамиз юртимизда шунча кўп қори бор эканига ҳам ҳайрон бўлдик ҳамда севиндик. 

Ташкилий ишлар йўлга қўйилганидан сўнг 15 январь куни Зоминдаги “Маърифатли” масжидида мусобақанинг биринчи босқичи бошланди. Ўша куни нафақат Зоминда, балки бутун Ватанимизда катта шодиёна бўлгани барчамизнинг кечагидек эсимизда. Тасаввур қилинг: ахир бизнинг юртимизда Қуръон мусобақаси ростакамига бошланди...

Бунда маълумот, насаб, мақом ёки бошқа нарсаларга қараб чекловлар бўлмагани барчани мамнун қилди. Фақат ёшнинг чеклангани кўпчилик қорилар ва қорияларнинг шундай шарафли танловга қатнаша олмасдан афсус чекиб қолишига сабаб бўлди.

Танловнинг дастлабки босқичлари  қишда бўлди: кун бир тутам, совуқ, изғирин. Бу  футбол ёки концерт томошаси бўлса эканки, бетаҳорат ҳам кириб бораверсангиз. Аммо Аллоҳнинг Каломини таҳоратсиз тинглаб бўлар эканми?..  ўзи-ку, бўлаверади ҳам, аммо савоби ҳам ўзига яраша бўлади-да. Шу боисдан мусобақага келган кишилар совуқ кунларда ҳам таҳорат олиб покланиб тинглашди қориларимизнинг тиловатларини.

Ўша кунларда Аллоҳ таоло Ўзининг раҳматини ёғдириб тургани ҳамманинг ёдида. Қайси куни, қайси жойда Қуръон мусобақаси ўтказилган бўлса, ўша куни ўша жойга қор ёғдирди. Юз бериши муқаррар кўриниб қолган қурғоқчиликни бошимиздан бартараф этиб қўйди. Қору ёмғир ёғиб бошлаган чоқ, биласиз, осмон эшиклари очилиб дуолар қабул бўлади. Қуръон даврасида қилинган дуолар шарофати ила Ватанимиз узра файзу баракотлар ёғилиб турибди, Яратганга шукр. Ўтган куни қорилар мусобақаси ниҳоясига етган кун ҳам Раббимиз бир мулойим ёмғир берди.  бундан жамики тирик мавжудотлар баҳра олди.

Баҳорнинг илк кунларида пойтахтнинг “Наврўз” ресторанида ўтказилган шаҳар босқичини эслайсизми, тумонат одам, овоз кучайтиргичлар ишга тушган. Қориларимиз овози Миллий боғдан ҳам ошиб жарангламоқда. Кўчаларда юриб кетаётган одамлар ҳам тўхтаб тиловатларни тингладилар,  қаергадир шошилиб бораётган юртдошларимиз машиналарини тўхтаб озгина муддатга бўлса-да, Қуръонга сомеъ бўлдилар...

Ва ниҳоят 21-24 апрель кунлари қуйи босқичлардан сараланиб келган қорилар беллашдилар, ғолиблар аниқ бўлди. Фарғоналик Расулбек қори Йўлдошев каби қориларнинг тиловатлари қалбларни ларзага солди. Кўплаб номинациялар бўйича иштирокчилар орасидан ғолиблар танланиб уларга қимматбаҳо совғалар топширилди.

Айниқса, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси Нуриддинов Йўлдошбек қори Иброҳим ўғли "Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018"нинг мутлақ ғолиби, олий ўрин соҳиби бўлиб, унга Президент совғаси сифатида "Лаcетти" автомашинаси топширилди. У автомашина калитини устозига тутқазганда ҳамма тўлқинланиб кетди. У ота-онасига умрага йўлланма олиб бериб фарзандлик бурчини қандай чиройли адо этган бўлса, устозига машина калтини тутиб шогирдлик бурчини шундай чиройли бажарди. Бу ўринда масала устози калитни олиши ёки олмаслигида эмас. Гап Йўлдошбек қорининг устозига меҳрида, муҳаббатида. Ўзи қачонки шогирд устозини шу қадар севган тақдирдагина юксак натижаларга эриша олади.

Кеча бошланган аёллар мусобақаси бугун ҳифз йўналиши бўйича давом этмоқда. Эрталабдан мураттаб қориялар ўзаро беллашмоқдалар. Бир-биридан гўзал қироатларни онлайн эфир орқали бутун дунёдаги Қуръонга ошуфта қалблар тинглаб ўтирибдилар. Яна бирор соат ичида ғолибларнинг номи ҳам аниқ бўлиб қолади ва уларни ҳам эълон қиламиз, иншоаллоҳ.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

3045 марта ўқилди

Янгиликлар

Top