Ўзбекистон янгиликлари

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртига Рамазон туҳфаси

2018 йил 15 май куни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Наманган вилояти Норин туманида жойлашган “Ҳидоя” ислом билим юртида китоб ва китоб мутолаасини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида ижодий учрашув ташкил қилинди.

Учрашувда сўзга чиққан ЎзМАА Бош директори Л.Тангриев Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Наманган вилоятига қилган ташрифи ва шундан кейин амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларига алоҳида тўхталиб, хусусан, 2017 йил 13 сентябрда эълон қилинган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги Президент қарори ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишларни қайд этди.

- Китоб ва китобхонликни аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш уларнинг дунёқариши ва маънавиятининг янада юксалишига олиб келади. Намангандан етишиб чиққан ижодкорлар ҳаёти ва ижодини ўрганиш жуда муҳим бўлиб, бу ёшларни аждодларга нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади, - дея таъкидлади Л.Тангриев.

Учрашувда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртига яқинлашиб келаётган Рамазон туҳфаси сифатида 100га яқин номдаги диний-маърифий китоблар совға қилинди.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

2957 марта ўқилди

Янгиликлар

Top