Ўзбекистон янгиликлари

“Араб тили” ўқув курси тингловчилари учун давра суҳбати ташкил этилди

Хабарингиз бор, Тошкент ислом институтида “Араб тили” ўқув курси фаолият юритмоқда.

2018 йил 2 апрелдан бошланган навбатдаги ўқув машғулотларида билим юртининг тажрибали мударрислари ЎМИ томонидан тасдиқланган дастур асосида дарс ўтмоқдалар.

“Араб тили” ўқув курси тингловчилари учун ҳар ойда бир маротаба маънавий-маърифий суҳбатлар ташкил этиш режалаштирилган. Шу боисдан 2018 йил 17-18 май кунлари ТИИ ректори Уйғун Ғафуров иштирокида “Ўзбекистонда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Суҳбат давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда диний соҳадаги ислоҳотларни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Хусусан, Ислом цивилизация маркази, Ислом академияси, ТИИда махсус сиртқи бўлим ташкил этилганлиги ва яқинда ниҳоясига етган Республика Қуръони карим мусобақаси ҳам юқорида айтиб ўтилган диний ислоҳотларнинг ёрқин намунаси эканлигига эътибор қаратилди.

Суҳбат якунида тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ҳамда бундай хайрли ишларга бош бўлган юртбошимиз, муфтий ҳазратлари, институт жамоаси ва бошқа масъулларга миннатдорчилик изҳор қилиб, диёримизда бўлаётган мана шундай гўзал ислоҳотларга нисбатан эътиборли бўлиш, бефарқ бўлмасдан, аксинча бу каби хайрли ишларни қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.

Маълумки, мазкур “Араб тили” курсларининг дастлабки ўқув машғулотлари 2018 йил 2 январь куни бошланган эди. Уч ой давом этадиган дарс жараёнлари учун тўлов миқдори энг кам иш ҳақининг 4 баравари миқдорида белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил давомида ЎМИ тасарруфидаги таълим муассасаларида “Қуръони каримни ўргатувчи махсус курслар” ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.

 

Манба: http://islaminstitut.uz/

362 марта ўқилди

Янгиликлар

Top