Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев Амина Муҳаммадни қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 9 июнь куни Циндао шаҳрида ўзи учун ажратилган қароргоҳда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммадни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Давлат раҳбари кейинги икки йилда Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлиги фаол тус олгани, амалий натижалар билан бойиганини таъкидлади. БМТнинг нуфузли делегациялари мамлакатда бўлгани, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган амалий чора-тадбирлар режаси изчил амалга оширилаётгани қайд этилди.

Амина Муҳаммад Ўзбекистон президентининг БМТ Бош Ассамблеянинг 72-сессиясидаги иштирокини ёдга олди. Мамлакат томонидан минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистонни қайта тиклашга кўмаклашиш бўйича кўрилаётган аниқ чора-тадбирларни юқори баҳолади. Тошкентда ўтган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги халқаро конференция бу масалага жаҳон ҳамжамияти эътиборини тортгани қайд этилди.

Мулоқотда аввалги учрашувда эришилган келишувлар ижросининг бориши бўйича атрофлича фикр алмашилди. Ҳамкорликнинг истиқболдаги муҳим йўналишлари муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Хитойга жўнаб кетгани хабар қилинганди.

878 марта ўқилди

Янгиликлар

Top