Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонга келувчи хорижликлар сони деярли икки бараварга ошди

Ўзбекистонга келувчи хориж фуқаролари сони ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан деярли икки бараварга ошди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллик якунларига кўра шуни ишонч билан таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар ижобий самара бермоқда. Биринчи ярим йилликда мамлакатимизга келган хорижий фуқароларнинг умумий сони 2017 йилнинг худди шу даврига нисбатан деярли икки бараварга ошиб, 2 688 962 нафарни ташкил қилди, бу эса кўрсаткичларнинг бир йилда 91,6 фоизга ўсганини кўрсатади.

Таъкидлаш жоизки, визасиз режим жорий қилинган мамлакатлардан Ўзбекистонга ташриф буюрувчилар сони сезиларли даражада ошган. Масалан, 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида Туркиядан келган сайёҳлар сони 31 966 нафарни (+95,6 фоиз), Япониядан келган сайёҳлар кўрсаткичи 6 200 нафарни (+68,1 фоиз), Исроилдан келган туристлар сони эса 3 615 нафарни (86,2 фоиз) ташкил қилди. Бундан ташқари, Индонезиядан 750 нафар (3 баравардан кўпроқ), Сингапурдан 424 нафар (2,5 баравардан кўпроқ) сайёҳ Ўзбекистонга ташриф буюрган.

Шунингдек, июнь ойида Корея Республикасидан келган сайёҳлар сонининг 57,5 фоизга, Малайзиядан келганлар сони эса 2,6 бараварга ошиши кузатилган.



ЎМИ Матбуот хизмати

2669 марта ўқилди

Янгиликлар

Top