Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент шаҳрида отинойиликка номзодлар билан суҳбатлар ўтказилди

Отин-аёл-қизлар ўқитувчиси, дин ва шариат билимдони, шунингдек аёллар ўртасидаги диний маросимларга бошчилик қиладиган, халқ орасида катта обрў-эътиборга сазовор бўлган кайвони аёл. Ҳатто “отин” сўзи маърифатпарвар аёлларни ҳурматлаб, исмига қўшиб ҳам айтилган. Улар Қуръони карим қироати, тафсир, пайғамбарлар тарихи, халқ оғзаки ижодини яхши билишган. Бугунги кунда отинойиларнинг вазифалари доираси жуда кенгайган. Улар нафақат диний билимлар эгаси, балки юртимизда кечаётган ижобий ўзгаришлар, иқтисодий, таълим ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, жамиятимиз маънавий, диний ҳаётида кечаётган ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланиши лозим.

Бугунги кунда ана шундай масъулиятли вазифага киришган ва киришиш арафасида турган ҳар бир аёл билан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг билимлари текширилиб борилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш кенгаши вакиллари  ҳамкорлигида жорий йилнинг 25-26 июль кунлари  Тошкент шаҳар “Имом Термизий” жоме масжидида отинойиликка номзод аёллар билан суҳбатлар ташкил этилди. Унда диний уламолар, мутахассислар  номзодларнинг Қуръони каримдан саводи, диний ва дунёвий билимлари, нутқ маданияти бўйича савол-жавоб қилдилар.

Саволларга берилган жавоблар бўйича юқори кўрсаткич қайд этган номзодлар отинойилик фаолиятига қабул қилинадилар.

 

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

3179 марта ўқилди

Янгиликлар

Top