Саҳарлик – баракадир. Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганимда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарлик қилаётган эканлар. Шунда: “Албатта, саҳарлик баракадир”, дедилар (Имом Насоий ривояти).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилиш – баракадир, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилинг”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Барака жамоат ва саҳарликдадир”, дедилар (Имом Табароний ривояти)
Ирбоз ибн Сария розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида мени саҳарликка чақириб, “Барака дастурхони сари шошилгин”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий ривояти).
Набий алайҳиссалом саҳобалар билан бирга саҳарлик қилардилар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бундай дейди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳарлик қилдим. Сўнгра у зот бомдод намозига турдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Саҳарлик Ислом умматини аҳли китобдан ажратиб турувчи амаллардан бири ҳамдир. Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик қилишдадир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Саҳарлик фазилатларидан яна бири унда дуо қабул бўлувчи вақт бор. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганда: “Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтади, Мен уни мағфират қилсам”, дейди», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Саҳарлик қилиш Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳматига ноил қилади. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилувчига Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳмати бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Саҳарликда хурмо истеъмол қилинг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурмо мўмин учун қандоқ ҳам яхши саҳарлик”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизнинг тутаётган рўзаларимизни Ўзининг розилиги билан мукофотласин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Эй Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонганлар, юқорида айтилганлардан хулоса чиқариб ўз ҳолатларингизни қуйидаги сўзлар асосида қиёслаб қўришингиз мумкин. Аллоҳ таоло айтади:
“Ҳолбуки, охират яхшироқ ва боқийроқдир!” (Аълаа сураси, 17-оят ).
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Садақа билан мол камаймайди” (Абу Кабша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Имом Термизий, Имом Аҳмад).
“Ўзига нисбатан қилинган зулмни кечирган инсон, албатта, шу сабабли улуғлик топади” (Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Имом Муслим ривояти).
“Садақа етти юз ва ундан ҳам кўпроқ маротабага кўпаяди” (“Риёзус-солиҳийн” да худди маънодаги ҳадиси шариф бор “Садақа учун етти юз мислича қаршилик берилади”, 2-жилд, VI, 86, 95).
“Молини Аллоҳ йўлида сарфлаганнинг савоби 700 мислигача ортади” (Имом Байҳақий).
“Бир банданинг ризқидан барча инсону жин бирлашиб ақалли заррача миқдорда камайтиришга уринганларида ҳам Аллоҳнинг изнисиз бунга эришолмайдилар” (Абдуллоҳ ибн Аббосдан Имом Термизий ривоят қилган).
Билки, дунё сендан юз ўгирганда нафсингни бундан рози ҳолда топсанг ва ҳамда дунёдаги сенга тегишли бўлган насибани тортиб олиб, сени ундан маҳрум этган хусуматчини шундай қилгани учун сева олсанг, ҳақиқий иймон соҳиби экансан.
Ҳозир мен сенга шундай бир мезон-улчовни ўргатаманки уни ёрдамида ўзинг бемалол дунё учун қилинган амал қандай бўлади ва охират учун қилинган амал қандай бўлади, яхши фарқлай оладиган бўласан.
Шуни билгинки, одамлар ўртасида келишмовчилик, хусумат ва баҳсу мунозара келтириб чиқарадиган ҳар қандай ҳолат, бу дунё учун бўлган амалларнинг натижаси бўлиб, Аллоҳ ундан қайтаргандир. Ҳақиқатни олиб қараганда, охират учун қилинган амалларда дунёга ўрин йўқ, даъвою жанжал ҳам чиқмайди. Бундай ишларга кундузлари рўзадор бўлиб, тунлари ибодат қилиш, тез-тез садақалар улашиш, қудуқ ва ариқлар қазиб одамларни сероб қилишга ўхшаган амаллар киради.
Одатда охират учун бўлган хайрли ишларда ҳеч ким бир-бири билан мусобақалашмайди, талашмайди, хусуматлашмайди. Бу амаллар унинг натижасида бирор бир дунёвий манфаат, мукофот ё обрў кўзланадиган мударрислик, шайхлик, руҳонийлик ё бошқа лавозиму мансабдорлик амалларига асло ўхшамайди. Яъни дунё учун бўлган амалларда, одамларнинг бир-бирлари билан рақобатлашишлари, талашиб тортишишлари, албатта, беилож бир ҳолатдир.
Бир гал кимдир роҳибнинг ибодатхона хизматчисига бундай деяётганини эшитиб қолибди: “Сен қанчалар иймони заиф ва савобга бепарво одамсан! Сен бу ишларинг билан, худди мусулмонларга ўхшаб, гўё бир дунёвий манфиат кўзлаётганга ўхшайсан!”.
Жумладан шу нарса ҳам маълумки, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтилган хизматни бажариб бўлганларидан сўнг ҳам келишилган ҳақни талаб қилишдан уялганлар. Бир гал Аллоҳнинг Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ким биландир шерикчиликда ҳазрати Хадича онамиз разияллоҳу анҳонинг қўйларини боқиб келдилар. У одам ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам! Хадичадан келишилган ҳаққимизни сўранг”, деб илтимос қилиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сўрашдан уяламан”, деб жавоб бердилар (Имом Шаароний, “Ал-Баҳрул мавруд фил-Мавосиқил уҳуд” асари, 49-бет).
Дарҳақиқат, олим кишилар учун лозимки дунё бойликларининг асирлигидан, мансабу ҳукумат талашиш дардидан, обрў-эътибор, шуҳрату улўғлик даъвосидан тамомила қўл тортсинлар. Фақат ана шундагина улар ҳақийқий охират олимлари, пайғамбарлар меросхури, сиёҳлари тарозуда Аллоҳ йўлидаги шаҳидлар қониданда қийматлироқ қалам соҳибларига айланадилар.
Мана бу муборак сўзда айтилган маъно: “Олимнинг уйқуси ҳам ибодатдир” шундагина уларга тегишли бўлиб қолади. Шундагина улар абадий ҳаётнинг на қадар гўзаллигию порлоқлигини ва фоний дунёнинг манфурлигию қабиҳлигини ҳис этадилар. Шундагина охират ҳаётини абадият манзили сифатида қадрлайдилар ва бу дунё ҳаётини арзимас, ўткинчи нарса сифатида назарга илмайдилар.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.