Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
1. Ёлғон қасам ичишдан қайтардилар.
2. Кумуш идишда ичишдан қайтардилар.
3. Эркакларни ипак кийим кийишдан қайтардилар.
4. Меваларни етилиб пишишидан аввал сотишдан қайтардилар.
5. Никоҳсиз жинсий алоқалардан қайтардилар.
6. Хамр сотиб олишдан ва уни ичишдан қайтардилар.
7. Бир савдо келишувида икки савдо қилишдан қайтардилар.
8. Ўзида бўлмаган нарса билан савдо қилишдан қайтардилар.
9. Йўқолган нарсани масжидда эълон қилишдан қайтардилар.
10. Ҳайвонларни юзига уришдан қайтардилар.
11. Таом ва ичимликка пуфлашдан қайтардилар.
12. Эркак кишини мақбарада ва туя боғланадиган жойда намоз ўқишдан қайтардилар.
13. Арини ўлдиришдан қайтардилар.
14. Ҳайвонларга белги, тамға босишдан қайтардилар.
15. Аллоҳдан бошқани номига қасам ичишдан қайтардилар.
16. Жума хутбаси вақтида сўзлашдан қайтардилар.
Cавол: Отам билан Мадинаи мунавварада умра учун эҳромга кириб, Маккага йўлга тушдик. Лекин йўлда ҳаво совуб кетиб, отам дўппи, куртка ва пайпоқ кийиб олишга мажбур бўлдилар. Бу ҳол Маккага етиб боргунимизча давом этди ва эҳромда умра қилиб олдик. Саволим шуки, отам кийган кийимларининг ҳар бири учун алоҳида каффорат берилиши лозим бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Эркак киши ҳаж ёки умрага эҳром боғлаганда зарурат сабабли бир нечта тикилган кийимни бир кундуз ёки бир кеча (ёки жами 12 соат)дан кам муддат кийиб юрса битта садақа – ярим соъ (2 кг атрофида) буғдой ёки унинг қийматини ҳарам чегарасида фақирларга садақа қилиши кифоя қилади.
Агар бир кундуз ё кеча (12 соат)дан кўп муддат кийиб юрган бўлса, ҳарам чегараси ичида битта жонлиқ сўйиши етарли. Кийимлар бир нечта бўлиши билан садақа ёки сўйиладиган жонлиқлар сони кўпаймайди.
Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, эркак киши эҳромдалик ҳолида совқотиб қолса, тикилган кийим кийиб олмасдан, адёлга ўхшаш бирор ёпинчиқ ўраниб олиш ёки кенг кийимни енгига қўлларини киритмасдан, елкасидан ташлаб олиш ҳам мумкин. Буни кийим кийиш деб ҳисобланмагани учун жиноят саналмайди ва каффорот ҳам лозим бўлмайди (“Камолуд дироя” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.