Бу йилги Рамазон ойи ўлкамизда ўзгача шукуҳ билан кутиб олинди. Мўмин-мусулмонлар эмин-эркинликда Рамазон рўзасини тутиб, кечалари таровеҳ намозларида қоим бўлишмоқда. Бу ибодатларни хотиржамликда бажариш катта неъматдир. Буларнинг ортида юрт тинчлиги, ҳукумат томонидан олиб борилаётган тинчликпарвар сиёсат ётади.
Рамазон ойида баданий ибодатлар билан бир қаторда ижтимоий соҳада ҳам кўплаб эзгу амаллар бажарилади, кўплаб молиявий ибодатлар амалга оширилади. Бошқа ойлардагига қараганда шу кунларда хайрия, эҳсон ишлари янада кўпайган. Бева-бечоралар, мискин ва камбағаллар ҳолидан хабар олиниб, жамиятнинг бу тоифасига алоҳида эътибор берилмоқда. Қайси жамиятда бева-бечоралар, камбағал ва мискинлар, заиф кишилар ҳолидан хабар олинар, уларнинг моддий ва маънавий таъминоти бекаму-кўст қилинар экан, ўша жамиятнинг тинчлиги бардавом бўлади, инша Аллоҳ.
Рамазонда саховатга алоҳида эътибор берилиши бежиз эмас. Чунки бу ойда қилинган ҳар қандай амалнинг ажри жуда кўпайтириб берилади. Аллоҳ Ўзининг йўлида қилинган садақа ва инфоқ етти юз баробаргача кўпайтирилиши Каломида баён қилган. Рамазон ойида эса бу миқдор янада оширилиши шубҳасиз. Саховат кўрсатаётган кишининг ихлоси ва қалбидаги эзгу нияти олинажак ажрни янада зиёда қилади.
Қодир бўлган бой-бадавлат, айни пайтда сахий, қўли очиқ кишилар меҳр-саховат кўрсатиш билан қалби ўксик, меҳрга муҳтож кишилар дилига олам-олам қувонч бағишлайди. Яхшилик кўрганлар асосан уларга кўрсатилаётган алоҳида эътибордан, меҳр-мурувватдан кўнгиллари шод бўлади. Зеро, моддий нарсалар қисқа фурсатда тугаб кетиши мумкин. Бироқ бир калима ширин сўз, эътибор, табассум хотираларда сақланиб қолади. Ўзаро меҳр-оқибат кучаяди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадиси шарифларида: “Биродаринг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақадир”, деганлар. Биз садақани фақат моддий мол-мулк шаклидагина тушунмаслигимиз керак. Садақа ва саховат ишлар кенг маъноли бўлиб, инсон ҳаётининг ҳамма жабҳаларини қамраб олади. Масалан, ота-онага яхшилик қилиш, аёлига мулойимлик билан муомалада бўлиб, фарзандларига шафқат кўрсатиш ҳам саховатнинг кўринишларидан.
Юртимиз бўйлаб бундай саховат ишларида барча масжидлар имом-хатиблари, имом ноиблари ва ходимлари ҳам фаол иштирок этишмоқда. Хусусан, Андижон вилоятидаги барча маҳаллаларда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, моддий ёрдамга муҳтож бўлган барча хонадонлардан хабар олиш ишлари амалга ошириб келинмоқда. Саховат кўрсатган, бир-бирига меҳр-оқибатли бўлганлардан Аллоҳ рози бўлсин!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳадиси шарифда, Аллоҳ таоло рўзадорга ифтор вақтида нима сўраса, ато қилиши айтилган. Яхши, агар бирор банда ўша вақтда ҳеч нарса сўрамаса, у ҳолда у нимага эришади?
Бизнинг аксар оналаримиз, опа-сингилларимизнинг ҳолатлари айнан шундайки, ифторлик нарсаларини тайёрлашда ва дастурхон безашда шундай банд бўладиларки, уларга “Ҳой, ифторлик вақти бўлиб бўлди, сиз ҳам ифтор қилиб олинг”, дейишга тўғри келади.
Аёллар ифторлик нарсалари ярим соат олдин тайёр қилиниб, дастурхонга қўйиб қўйилганини эрларига тушунтиришлари керак. Охирги ярим соатда биз ошхонада ўчоқ тепасида туришимиз ўрнига ва нималардир қовуриляпти, баъзан нималардир пишяпти, бу ишлар билан банд бўлиш ўрнига, ушбу охирги ярим соат ёки йигирма дақиқа жойнамозда ўтириб, Роббимизга дуолар қилиб олайлик.
Аёллар уйларидаги барча ёш болаларни олдиларига ўтказиб олсинлар ва гуноҳдан пок болажонларга айтсинларки, улар ҳам қўлларини кўтариб дуо қилсинлар. Агар катталар гуноҳ қилган бўлсалар, ёш болалар гуноҳдан покдилар. Ким билсин, ушбу гуноҳдан пок қўллар кўтарилгач, Аллоҳ таоло раҳм қилиб, сизнинг дуоларингизни қабул қилар.
Шунинг учун аёллар ифторнинг ушбу вақтларини қадрлашлари керак. Агар бирор уйда фақат биргина аёл бўлса ва у таом пишириши ҳам зарур бўлса, у ҳолда дуо қўл билан эмас, қалб билан қилинадики, шунга кўра, қўл иш билан машғул бўлсин ва сиз ушбу ҳолатда ҳам қалбингизда Аллоҳ таолога дуолар қилаётган бўлсангиз, демак, сиз ҳам ушбу вақтда Аллоҳ таолодан сўраган нарсангизга эриша оласиз.
Ҳазрати Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ