Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Вақтимизнинг қандай тез ўтиб кетаётганини тасаввур қилинг. Ҳаётимиз тез ўтмоқда, ишларимиз тугайверади, амалларимиз охирига етади. Қаранг, қандай қилиб бу муборак ойнинг аввалги ўн кунлиги ўтди, кейинги ўн кунлиги ҳам ўтиб кетди! Аллоҳга қасамки, кунлар ва тунлар жуда тез ўтиб кетмоқда!
Аллоҳ таолога ҳамд бўлсинки, У бизни бу кунларга етказди. Бу кунлар – бутун Рамазоннинг энг яхшиси, бу кечалар эса энг улуғ кечалардир. Инсон ўзига назар ташлаб, бугунги кунда қандай аҳволда эканини кўриши керак. Ушбу ўн кунликка қандай кирди? Олдинги кечалардаги ибодатини давом эттиряптими ёки тарк қилиб қўйдими? Бу кечаларга улуғ зотлар улкан иштиёқ билан интизор бўлишар, уларни қўмсашар, ҳар йили уларни кутишар эди.
Бу ой фазилатларга бой. Бу ойда энг улуғ фазилат – охирги ўн кунликдир. Бу кунлар раҳмат ва баракотлар билан тўлган. Энг олий фазилат эса Лайлатул-Қадрдир. Бу кечани ўтказиб юбормаслик керак. Барча мўминлар бу кечада улкан мукофотга эришиш учун ҳаракат қилишлари лозим.
Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари шундай эдики, Рамазон ойининг охирги ўн кунлигига етиб келганларида, ибодатга қаттиқроқ шўнғиб кетар эдилар.
Барча ибодатлар сабр талаб қилади. Аллоҳ таоло айтади:
"Албатта, сабр қилганларга ажру мукофотлари чексиз берилади" (Зумар, 10).
Бу сўнгги ўн кунликда ибодатга қаттиқроқ ёпишиб олиш лозим. Ҳар бир мусулмон Рамазоннинг илк кунларида қандай ибодат қилган бўлса, сўнгги кунларда уни янада ошириши керак.
Қадр кечаси Рамазоннинг энг улуғ кечасидир. Унда қилинган амал минг ойлик ибодатга тенгдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Ким Лайлатул-Қадрни ибодат билан ўтказса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади" деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим).
Демак, бу кечани ибодат билан ўтказиш – улкан бахт ва имкониятдир.
Бу кунлар ва кечалар – жаннат эшиклари очиладиган, гуноҳлар кечириладиган, дўзахдан озод бўлиш учун имконият тақдим этадиган вақтдир.
Шунинг учун, ким бу кунлардан фойдаланмаса, унинг йўқотган нарсаси жуда катта бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Рамазонга етса ва гуноҳлари кечирилмаса, ўша одам ҳақиқий бахтсиздир", деганлар.
Аллоҳ таоло бизга бу кунларни барака билан ўтказишни насиб қилсин ва Лайлатул-Қадрга етиб, уни ибодат билан ўтказишга муваффақ қилсин.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қуръон хатм қилинганда ижобат бўладиган дуо бор”.
Аллоҳим! Бизни энг гўзал Калом – Қуръони Карим тиловатига мушарраф қилганинг, уни хатм қилишга муваффақ этганинг учун Ўзингга ҳамду саноларимиз бўлсин!
Аллоҳим! Сарвари олам, Саййидул мурсалийн, Ўзингнинг Ҳабибинг, Расулинг Муҳаммад Мустафога, у зотнинг аҳли байтлари, саҳобалари, тобеъинлар ва уларга эргашган мусулмонларга салавоту салом юбор, раҳматинг ва баракотингни зиёда қил!
Аллоҳим! Бизни энг маҳбуб Расулинг умматидан қилганингга шукр.
Аллоҳим! Бизни Рамазонга етказиб, ибодатингга лойиқ кўрганинг учун Ўзингга ҳамду санолар айтамиз! Ўзингнинг Каломингни тиловат ва хатм қилишни бизга муваффақ қилганингга шукрлар келтирамиз!
Аллоҳим! Бизга Сен берган ва бераётган барча неъматларнинг саноғи, фазлу марҳаматинг адоғи йўқ! Барчаси учун Ўзингга ҳамду саноларимиз бўлсин!
Аллоҳим! Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен барча айбу нуқсондан покдирсан!
Аллоҳим! Бизнинг гуноҳларимизни мағфират этгин! Ўзинг мағфират қилмасанг, раҳм қилмасанг, зиён кўрганларлардан бўлажакмиз!
Аллоҳим! Буйруқларингни тўлиқ адо эта олмадик, қайтариқларингдан қайта олмадик, аммо бўйин товлаб эмас, ожизлигимиздан. Ўзинг ожизларга меҳрибонсан, биздан меҳрингни дариғ тутма!
Аллоҳим! Раҳмати билан айбу гуноҳларимизни яширувчи Зот, уларни мағфиратинг ва фазлинг ила кечириб юбор! Гуноҳларимизнинг каттаю кичиги, махфию ошкораси, билганларимиз, билмайдиганларимизни кечир!
Аллоҳим! Сен афвни қилишни яхши кўрасан, бизни афв эт!
Аллоҳим! Сўраганни яхши кўрувчи Зотсан, Сендан сўрамагандан ғазабланасан, ибодат ва дуоларимизни ижобат айла!
Аллоҳим! Ўзинг “Дуо қилинглар, ижобат қиламан”, деб марҳамат қилгансан. Амрингга биноан дуо қилмоқдамиз, ваъдангга биноан ижобат айла! Сен бандаларингнинг қўлларини қуруқ қайтармагайсан!
Аллоҳим! Бизга розилигингни, жаннатингни ҳамда уларга олиб борадиган сўз ва амалларни насиб қил! Ғазабингдан, дўзахингдан ҳамда уларга олиб борадиган сўз ва амаллардан паноҳ бер!
Аллоҳим! Сендан фойдали илм, мақбул солиҳ амал, гўзал ахлоқ, ҳалол ризқ, баракали умр, солиҳ зурриёт сўраймиз!
Ё Аллоҳ! Бизга кенг феъл, кетмас давлат, зикрли тил, шукрли дил ато эт!
Аллоҳим! Ҳар бир ишда Сенга муҳтожмиз,! Ўзингдан ўзгага муҳтож қилма!
Аллоҳим! Қуръони каримни бизга дунёда ҳамнафас, қабрда ҳамдам, қиёматда шафоатчи, жаннатда ҳамроҳ, дўзахдан парда ва барча эзгуликларга етакловчи сарбон қил!
Аллоҳим! Қуръон туфайли бизга раҳм қилгин ва уни бизга йўлбошчи, нур, ҳидоят, раҳмат ва шифо этгин!
Аллоҳим! Қуръон билан қалбларимизни мунаввар қил, Қуръон билан хулқларимизни зийнатла.
Аллоҳим! Ушбу юртни ва бутун Ер юзини тинч-омон, осуда эт!
Аллоҳим! Рамазондан бизга тақво малакаси, Ўзингга қурбат ҳосил қилишни насиб эт! Рамазондан кейин ҳам Рамазондагидек, балки янада зиёда даражада ибодат ва тоатда, ҳидоятда бардавом бўлишни насиб айла!
Ё Аллоҳ! Бизни Қадр кечасини топган, унинг фазилатларидан баҳраманд бўлганлардан қил!
Роббимиз! Бизга дунёда ҳам яхшилик бер, охиратда ҳам яхшилик бер ва бизларни дўзах азобидан сақла!
Аллоҳим! Расулимиз Муҳаммад Мустафога, аҳли оилалари ва саҳобаларига салавот саломларимизни юбор! Бутун оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати