Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Андижон вилоятида ўтказилган имом-хатиблар фаолияти самарадорлигини оширишга бағишланган илмий-амалий семинар доирасида уламолар томонидан масжидларда намозхонлар билан мулоқот ва савол-жавоблар бўлиб ўтди.
Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Андижон шаҳридаги "Ҳазрати Билол" жоме масжидида пешин намозини адо қилдилар. Сўнг намозхонларга мазмунли ва манфаатли суҳбат қилиб бердилар.
Маъруза давомида давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда диний соҳага қаратилаётган эътибор, хусусан, фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун барча шароитлар яратилганини таъкидладилар.
Шунингдек, Муфтий ҳазратлари Қўрғонтепа туманидаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар интернат уйи тарбияланувчилари ҳолидан хабар олдилар.
Муфтий ўринбосарлари, вақф фонди масъуллари, вилоят бош имом-хатиблари эса Андижон шаҳридаги кекса, ёлғиз ва ногиронлар истиқомат қилаётган Ижтимоий ҳимоя марказида бўлишди.
Ташрифлар давомида интернат уйи ҳамда ижтимоий ҳимоя марказига Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан маиший техника жиҳозлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда гигиеник воситалар хайрия қилинди.
Илмий-амалий тадбирнинг муҳим йўналишларидан бири халқ билан яқиндан мулоқотни йўлга қўйиш бўлди. Вилоят бош имом-хатиблари ва туманлардаги диний соҳа вакиллари ўз ҳудудларидаги маҳаллаларда бўлишди. Мулоқотлар давомида тинчлик ва соғликнинг аҳамияти, ҳар бир инсоннинг жамият олдидаги маънавий масъулияти ҳақида айтиб ўтилди.
Маънавий-маърифий тадбирларда имом-домлалар билан бир қаторда отинойилар, маҳалла фаоллари ва “Ҳаж-2025” зиёратчилари маҳаллаларнинг эҳтиёжманд, муаммоли хонадонларига киришди. 7 тоифага мансуб 80 та оилада яраштирув, тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирлари ўтказилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати