Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй ўраниб ётувчи! Кечани озгинасидан бошқасини (ибодатда) тик туриб ўтказ! Ярмини ёки ундан бир оз қисқароғини. Ёки у(ярим)га яна қўш ва Қуръонни тартил билан тиловат қил” (Муззаммил сураси, 1-4 – оятлар).
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кечани қоим қилишни буюрган эди. Ҳабиб соллаллоҳу алайҳи васаллам буйруққа бўйсундилар, кечалари қиёмда узоқ турардилар, ҳатто товонлари ёрилиб кетарди.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Кечанинг баъзисида у ила бедор бўл. Сенга нофила бўлсин. Шоядки Роббинг сени мақтовли мақомда тирилтирса” (Исро сураси, 79-оят).
Яъни, бу дунёнинг тунларида қоим бўлганинг каби, Қиёмат кунида мақталган мақомда турасан.
Рамазон кечалари қоим бўлиш ва рўза тутиш ойидир. Унинг кечалари энг унутилмас дамлар ва энг қадрли вақтлари эса рўзадорлар тун қоронғуликларида қоим бўлган вақтлардир:
Сўрадим бир сафар қоронғу кечадан,
“Ичингда тўлиб-тошган сирлар борми?”, деб.
Деди: “Ҳаётим ичра айтмадим чиндан,
Саҳарда ошиқларга сўйлаган сирларимдек”.
Рўзадорлар ҳар бир вақтни ғанимат билганларидан уларнинг тунлари ҳам жуда қисқадир, бекорчиларнинг тунлари эса беҳуда бўлгани учун узундир. Аллоҳ таоло солиҳ бандаларини сифатлаб бундай марҳамат қилади: “Улар кечалари оз ухлар эдилар” (Зарият сураси, 17-оят).
Тун ўз этагини ёйган вақтда муҳожир ва ансорий саҳобаларнинг ҳўнграб йиғлагани эшитилар, тонг отганда эса шижоат ва жасоратли кишиларга айланишарди. Уларнинг уйлари тун қоронғусида тиловат мадрасалари, тарбия университетлари ва иймон институтларига айланарди. Афсуски, бугунги кунда баъзиларнинг уйлари беҳаё қўшиқлар ва беодоб ишлар учун марказга айланиб қолган. Аллоҳ таоло гуноҳларимизни кечирсин! Биз тун қиёмини йўқотганимиз сабабли қалбларимиз қотиб қолди, кўз ёшларимиз қуриди ва иймонимиз заифлашди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким Рамазонда иймон ва иҳтисоб(амалини холис Аллоҳ учун қилиш) ила қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”.
Инсонлар оламлар Роббисининг ҳузурида турадиган, қабрлардаги ўликлар қайта тирилтирилиб, қалблардаги нарсалар текшириладиган даҳшатли кун – Қиёмат кунини эслаш бу қиёмни бажаришга ёрдам беради. Тунни қоим қилиш қабрдаги зулматни ёритувчи нурдир. Қабрнинг зулмати, даҳшати ва ундаги бўладиган ғамларни эслаш ҳам тун қиёмини бажаришга ёрдам беради. Яна бу қиёмга бериладиган ажрлар, гуноҳ ва хатоларнинг ўчирилиши каби мукофотларни хотирлаш ҳам тун қиёмини осонлаштиради.
Улуғ зотлар тунни қоим қилишда турли услубларни қўллашар эди. Улар тунни руку қилиб, баъзилари саждада, бошқалари эса қиёмда туриб ўтказардилар. Яна уларнинг тиловат қилиб йиғлаб чиқадиганлари, тафаккур қиладиганлари ва шукр этадиганлари, ўзларини ҳисоб-китоб қилувчилари ҳам бўларди. Нима учун бизнинг уйларимиз тун қиёмларисиз қолди, нега улар тиловатлардан бўшаб қолди?
Тун кирганда ғофил қалблар уйқуга кетади ва бекорчиларнинг руҳлари ўлади. Аммо бу вақтда мўмин қалблар ҳаёт ва Аллоҳдан қўрқувчи кўзлар ёш тўкиб тунни тонгга улайди. Шоир айтади:
Барча кўзлар ухлади-ю, аммо қолди озчилик
Кўз ёш тўкиб ва ҳам иссиқ ўринларин тарк этиб.
Инсон қабрда ётиши, инсонлар бир жойга тўпланадиган ва оғирлигидан белларни синдириб юборадиган кунни ўйласа қандай ухлайди? Мусулмонларнинг бугунги авлоди турли ахлоқсиз ўйинлар устида тунни тонгга улашади, бир оз ҳаё қилиш ҳам керак-да. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Эй, Абдуллоҳ! Кечаси туриб кейин тунни қоим қилишни тарк қиладиган фалончи каби бўлмагин!”.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Рўзадорлар учун дарслар" китобидан
#xabar #muftiy #juma #masjid
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бугун, 13 феврал куни жума намозини пойтахтимизнинг Бектемир туманида қайта қурилиб, фойдаланишга топширилган "Абдуқодир ҳожи ота" (аввалги номи "Хутон") жоме масжидида адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари жума намозидан олдин жамоатга Қуръонда таъкидланган икки улуғ амал – зикр ва салавот айтишнинг фазилатлари ҳақида маърифий суҳбат қилиб бердилар.
Дарҳақиқат, инсон турли юмушлар билан овора бўлиб, баъзан руҳий тарбиядан, қалбига озуқа бўладиган амаллардан узилиб қолади. Ҳолбуки, зикр ва салавотлар қалбни сайқаллаб, мусаффо ва нурли қилади.
Маърузада айтилганидек, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг ўн олти жойида зикрга буюрган: “Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!” (Бақара сураси, 152-оят). Демак, зикрнинг энг катта фойдаси – банданинг гуноҳлари афв этилишига, Робби ҳам уни ёд этишига сабаб бўлади.
Аммо баъзи инсонлар “зикр қилишим керак экан” дея кундалик касбу кор қилишдан ҳам ўзларини тортиб, аҳли оиласини танг аҳволга тушириб қўйганларини эшитиб қоламиз. Бу хато тушунча бўлиб, аслида ишлаб туриб ҳам қалбни зикр билан машғул қилиш мумкин. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазрат: “Дилинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин”, деганида шунга далолат этганлар.
Шунингдек, салавот ҳам яхшиликлар василаси, Аллоҳнинг розилигига олиб борувчи, кўплаб ажр-савоблар эшигидир. Салавот айтишнинг нечоғлик улуғ амал экани Қуръони каримда таъкидланган: “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!” (Аҳзоб сураси, 56-оят).
Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом бундай марҳамат қилганлар: “Менга салавот айтинглар, чунки қаерда бўлсангиз ҳам салавотларингиз менга етиб келади” (Имом Абу Довуд ривояти).
Манфаатли маъруза сўнгида барча мўмин-мусулмонлар Аллоҳнинг зикри ва Пайғамбар алайҳиссаломга салавот айтишда пешқадам бўлишини сўраб дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати