Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳасан ибн Абу Синан раҳимаҳуллоҳ олтмиш йил давомида ётган ҳолатда ухламаган эканлар, ёғли таомлар истеъмол қилмаган ҳамда совуқ сув ичмаган эканлар. Вафот этганларидан сўнг у зот бир кишининг тушига кирдилар ва у киши: “Аллоҳ таоло сизни қандай қабул қилди?” — деб сўради.
Ҳасан ибн Абу Синан раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ таоло мени жуда яхши қабул қилди, аммо ҳаётимда бир кишидан игна қарзга олиб, қайтариб бермаган эдим. Шу сабаб жаннатга кира олмаяпман”, деган жавобни бердилар.
“Руҳул-баён” тафсири, 2-жилд, 171-саҳифа
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Миср Бош имоми, “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб бундай дейди:
Сўнгги йилларда “Каъбани тавоф қилишдан кўра, камбағалларни тавоф қилинг”, “Қурбонлик учун сарфланадиган маблағни садақа қилиш уни сўйишдан яхшироқ”, “Оч инсоннинг оғзидаги бир луқма мингта масжид қуришдан афзал” каби нотўғри тушунчалар кенг тарқалмоқда.
Бу каби чақириқлар Ислом шиорларидан бўлган амалларни камситиш ва одамларни улардан қайтаришга қаратилган ҳаракатдир. Эҳтимол, бундай фикрларни илгари сураётган кишилар диннинг асл моҳияти ва унинг аҳкомларидан етарлича хабардор эмасдирлар.
Фақир, мискин ва муҳтож инсонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам бўлган, бугун ҳам бор. Аммо ўтган асрлар давомида уламолардан ёки солиҳ зотлардан ҳеч ким бундай гапларни айтмаган.
Нега:
– ҳафтада икки марта гўшт сотиб олманг, ойда бир марта олиб, қолган маблағни камбағалларга беринг, дейилмайди?
Нега:
– сигарет чекманг, унинг пулини муҳтожларга эҳсон қилинг, дейилмайди?
Нега:
– тўй ва маросимларни ихчамлаштириб, ортиқча харажатларни камбағалларга сарфланг, дейилмайди?
Нега:
– ёзги дам олиш масканларига борманг, ўша маблағни муҳтожларга ажратинг, дейилмайди?
Нега айнан иккиси ҳам фазилатли ва савобли бўлган амаллар ўзаро таққосланади?
Бундай даъволар кўпинча диннинг қадриятларига путур етказишни мақсад қилган кимсалар томонидан ўйлаб топилади. Энг ачинарлиси эса, аксарият ҳолларда бу каби гапларни айтаётганларнинг ўзлари муҳтожларга ғамхўрлик қилишда фаол эмаслар.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ким Аллоҳнинг шиорларини улуғласа, бас, албатта, бу қалблар тақвосидандир” (Ҳаж сураси, 32-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД