Шайтондан паноҳланиш
Аллоҳ таоло бандаларига шайтондан паноҳланиб юриш учун иккита алоҳида сура нозил қилди. Тафсир китобларида бу иккисига “муъаввизатайн”, яъни, “паноҳ тиланадиган икки сура” номи берилган.
﴿قُلۡ أَعُوذُ بِرَبِّ ٱلۡفَلَقِ١ مِن شَرِّ مَا خَلَقَ٢ وَمِن شَرِّ غَاسِقٍ إِذَا وَقَبَ٣ وَمِن شَرِّ ٱلنَّفَّٰثَٰتِ فِي ٱلۡعُقَدِ٤ وَمِن شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ٥﴾
«(Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Паноҳ тилаб илтижо қилурман тонг Парвардигорига, яратган нарсалари ёвузлигидан, зулматга чўмган тун ёвузлигидан, тугунчаларга дам солувчи аёллар ёвузлигидан ҳамда ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан”» (Фалақ, 1–5).
Фалақ сўзи “ёриш, бўлиш ва парчалаш” маъноларини англатади. Бу ҳар бир ёриб чиқувчи нарсани: у хоҳ уруғ ёки дон ёки ерни ёриб ўсувчи наботот, хоҳ тоғдан отилиб чиқувчи булоқ, хоҳ она қорнини ёриб чиқувчи бола бўлсин – барчасини ўз ичига олади. Бу ерда зулматни ёриб чиқувчи тонг тушунилади.
Бу сура махлуқотларнинг ёмонлигидан, хусусан, кечанинг зулматидан, сеҳргарлардан, чақимчилардан ва ҳасадчилардан паноҳ тилашни қамраган. Мана шу нарса инсонларда нафсий касалликлар мавжудлиги сабабли баъзилари баъзиларидан ҳимояланиши йўлидаги улкан фойда ва етук дарсдир. Бундан ташқари, махлуқотлар ёмонликларидан ва кечаси зулмат бўлгандаги ёмонликлардан, хусусан, ғор ва коваклардаги қўрқинчли махлуқотлардан ҳимояланишни ўзида мужассам қилган.
﴿قُلۡ أَعُوذُ بِرَبِّ ٱلنَّاسِ١ مَلِكِ ٱلنَّاسِ٢ إِلَٰهِ ٱلنَّاسِ٣ مِن شَرِّ ٱلۡوَسۡوَاسِ ٱلۡخَنَّاسِ٤ ٱلَّذِي يُوَسۡوِسُ فِي صُدُورِ ٱلنَّاسِ٥ مِنَ ٱلۡجِنَّةِ وَٱلنَّاسِ٦﴾
«(Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Паноҳ тилаб илтижо қилурман одамлар Парвардигорига,одамлар Подшоҳига, одамлар Илоҳига (инсон Аллоҳни эслаганда) чекиниб, (эсламаганда) васваса қилувчи (шайтон) ёвузлигиданки, (у) одамларнинг дилларига васваса солур. (Ўзи) жинлар ва одамлар жинсидандир”» (Нос, 1–6).
Ривоят қилинишича, яҳудийлардан Лабид ибн Аъсом исмли мунофиқ ўзини мусулмон кўрсатиб, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб-кетиб юрар ва баъзи ҳожатларини адо этишда хизмат қилиб турар экан. Бир гуруҳ яҳудийлар уни қўлга олиб, Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг тўкилган сочлари ва тароғидан синиб тушган тишларини қўлга туширади ва шу нарсаларга сеҳр-жоду қилиб эски бир қудуққа ташлайди. Шундан кейин Расулуллоҳ (алайҳиссалом) олти ой касал бўладилар. Бир куни икки фаришта келиб, бири тиззалари рўпарасига, иккинчиси бош томонларига ўтириб бир-бири билан савол-жавоб қилади. Бири:
– Унга нима бўлибди? – деса, иккинчиси:
– Сеҳрланибди, – дер эди.
– Ким сеҳрлабди?
– Лабид ибн Аъсом исмли бир яҳудий.
– Сеҳрни нимага ўқибди?
– Тўкилган сочлари ва тароқ тишларига.
– Сеҳр ўқилган нарсалар қаерда?
– Зарвон номли қудуқда.
Шундан кейин одам юбориб кўрсалар, ҳақиқатан, ўша қудуқда соч толалари, тароқ тишлари ва нина суқилган яна ўн иккита тугун бор экан. Шу пайт Аллоҳ таоло мазкур икки сурани нозил қилди. Жаброил (алайҳиссалом) сураларни ҳар сафар ўқиганида, биттадан тугун ечилар эди. Шундай қилиб, ўн икки марта ўқиганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дарддан бутунлай тузалиб кетганлар (“Мадорикуттанзил ва ҳақоиқуттаъвил”).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Нос, Фалақ ҳамда Ихлос сураларини ўқиб, яҳудийлар сеҳридан асрашини Аллоҳдан сўраганлар.
Термизий Уқба ибн Омирдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло менга мисли кўрилмаган оятларни нозил қилди”, дедилар ва “муъаввизатайн” сураларини ўқидилар».
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Нос сурасининг тўртинчи ояти тафсирида бундай деган: “Шайтон одам боласи қалбига ёпишиб олган, агар инсон Аллоҳни унутиб зикридан ғофил бўлса, уни васваса қилади. Аллоҳни зикр этса, шайтон ўзини четга олади”.
Имом Бухорий ва имом Муслим Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эътикоф ўтирганларида София бинти Ҳуяй (розияллоҳу анҳо) онамиз у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг зиёратларига келди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тун бўлганидан София онамизни уйларига кузатиш учун чиққанларида икки ансорийга дуч келдилар. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўргач, тез юриб кетишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шошманг, бу София бинти Ҳуяй”, дедилар. Улар: “Субҳоналлоҳ, ё Расулуллоҳ” (Аллоҳ бизни ёмон ўйга солишдан покдир), дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шайтон одам боласининг қон йўлларида юради. Мен унинг қалбингизга бирор ёмонлик солишидан қўрқдим”, дедилар.
Имом Аҳмад Абу Тамимадан ривоят қилади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бир эшакка мингашиб олган эдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг эшаклари қоқилиб кетди. Мен: “Бадбахт шайтон”, дедим. “Бадбахт шайтон”, дема. Агар “Бадбахт шайтон” десанг, у кибрланиб: “Буни ўз қувватим билан қилдим”, деб семиради. “Бисмиллаҳ” десанг, хорланиб, пашшадай бўлиб қолади”, дедилар».
Бу ҳадис шунга далолат қилади, қалб қачон Аллоҳни ёд этса, шайтон хор ва мағлуб бўлади. Агар банда Аллоҳ зикрини унутса, шайтон кучаяди.
Аллоҳ таоло бизларга раҳмати билан инсу жин ва шайтонлар ёмонлигидан сақланиш йўлларини ушбу сурада билдирган. Шайтон ёмонлигидан сақланишни сўраган кишини Аллоҳ Ўзининг рубубият, подшоҳлик ва улуҳият сифатлари билан дунё ҳамда охиратда ҳимоя қилишини баён этган.
Аллоҳ таоло бутун махлуқларнинг Раббидир. Аммо Нос сурасида фақат “Роббиннас” яъни, одамлар Парвардигори, дейилган. Бунинг боиси иккита: биринчиси, кўп инсонлар ўзларини улуғ санайди. Қанча улуғ бўлишмасин, уларнинг Рабби борлигини эслатиб қўйишдир. Иккинчиси, инсонлар ёмонлигидан асрашни сўрашни буюриб, инсонни одамлар ёмонлигидан Унинг Ўзигина асрашини билдиришдир.
Подшоҳлик ва Улуҳият сифатларини эслатиш билан эса, инсонларнинг подшоҳлари бўлса-да, уларнинг ҳақиқий подшоҳи Аллоҳ таоло Унинг Ўзи эканини, У Зот одамларнинг ёлғиз илоҳи ва маъбуди эканини билдириб, инсонлар фақат Унинг Ўзига сиғиниб, Унинг Ўзидан паноҳ сўрашлари лозимлиги баён этилмоқда.
Ушбу сурада инсонни васваса қилувчи жинларнинг шайтони бўлиши айтилган. Ҳасан айтади: “Васваса қилувчи икки шайтондир. Жинлар шайтони инсонлар қалбида васваса қилади. Инсонлар шайтони очиқчасига келади”.
Қатода айтади: “Жинлардан ҳам, инсонлардан ҳам шайтонлар бор. Аллоҳдан инс ва жин шайтонлари ёмонлигидан паноҳ сўранг”.
Фалақ сурасида Аллоҳ таолонинг бир сифати – “Роббил фалақ” (“Тонг Парвардигори”)ни ёд этиб, уч офатдан: “зулумот кеча”, “жодугар аёллар” ва “ҳасадчилар” ёмонлигидан асрашни сўраш буюрилган. Нос сурасида эса, Аллоҳ таолонинг уч сифати: “рубубият”, “подшоҳлик” ва “улуҳият”ни ёд этиб, қалбга солинадиган васвасасидан асрашни сўраш буюрилган. Бунинг сабаби, нафс ва бадан ҳимоясидан кўра, дин ҳимояси муҳимроқдир. Динга етган озгина зиён дунёга етган кўп зиёнлардан оғирроқдир.
Бу икки суранинг фазилати жуда улуғ экани муҳаддислар томонидан айтиб ўтилган.
Имом Муслим, Аҳмад, Термизий ва Насоийлар Уқба ибн Омирдан қилган ривоятларида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу кечада нозил бўлган оятларга қарамайсизларми? Бу каби (фазилатли) оятлар ҳали кўрилмаган. У “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” суралари”, деб айтдилар, дейилган.
Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва Насоийлар Уқба ибн Омирдан қилган ривоятларида эса: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир намоз сўнгида паноҳ сўралувчи сураларни ўқишни буюрдилар”, дейилади.
Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Насоийлар Уқба ибн Омирдан қилган яна бир ривоятда айтилади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга тоғ йўлларида кетаётган эдим, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Эй Уқба, миниб олмайсанми?” деганларида, мен: “Гуноҳ бўлиб қолмасин, деб шафқат қилдим”, дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уловларидан тушдилар, мен уни бироз миндим. Кейин у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна уловларига миниб: “Эй Уқба! Мен сенга одамлар ўқиб юрадиган иккита яхши сурани ўргатайми?” дедилар. Мен: “Ўргатинг, эй Аллоҳнинг расули!” дедим. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас”ни ўқиб бердилар. Кейин намозга иқомат айтилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) имомликка ўтиб, намозда ҳам бу икки сурани ўқидилар. Бир куни менинг олдимдан ўтаётиб: “Эй Уқба, ҳар ухлаш олдидан ва ҳар уйғонганимда бу иккита сурани ўқишимга қандай қарайсан?” дедилар».
Имом Насоий Ибн Обис Жуҳанийдан қилган ривоятда бундай келади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй ибн Обис, сенга паноҳ тиловчилар паноҳ тилайдиган нарсанинг энг афзали ҳақида хабар берайми?” деганларида, мен: “Ўргатинг, эй Аллоҳнинг расули!” дедим. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” суралари”, дедилар».
Судай ибн Ажлондан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенга учта сура ўргатайми? У каби суралар Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам йўқ. Ўша уч сура “Қул ҳуваллоҳу аҳад”, “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” сураларидир”, дедилар.
Имом Бухорий ва “Сунан” китоби эгалари “Шифо талаб қилиш боби”да бу уч сура ҳақида Ойша (розияллоҳу анҳо) онамиздан қилган ривоятларида айтилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар кеча ухлашларидан олдин “Қул ҳуваллоҳу аҳад”, “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” сураларини ўқиб, кафтларига дам урар, қодир бўлганларича уни баданларига сурардилар. Бошлари, юзлари ва гавдаларининг олди томонидан бошлардилар. Бу ишни уч марта қилардилар” (Имом Бухорий ривояти).
Жаброил (алайҳиссалом) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, қуйидаги калималар билан дам солди: “Бисмиллаҳи арқийка, мин кулли шайъин юъзийка мин шарри кулли ҳасидин ва ъайнин валлоҳу яшфийка”. Яъни: “Аллоҳнинг исми ила дам соламан. Ҳар бир азият берувчи нарсадан, ҳар бир ҳасадчи ва кўзнинг ёмонлигидан Аллоҳ сизга шифо берсин”.
Имом Термизий Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан қилган ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (икки “Қул аъузу…” сураси тушишидан олдин) жин ва инсонларнинг кўзи тегишидан паноҳ сўраб юрардилар. Шу икки паноҳ сўралувчи Фалақ ва Нос суралари нозил бўлганидан кейин бу икковидан бошқа (паноҳ сўралувчи дуо)ларни тарк қилдилар.
Имом Молик Ойша (розияллоҳу анҳо)дан қилган ривоятда эса бундай дейилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар бирор касалликка чалинсалар, икки “Қул аъузу…” сурасини ўқиб, ўзларига дам солардилар. Касаллари оғирроқ бўлганида мен бу икки сурани ўқиб, баракали бўлгани учун қўлларини ушлаб ўзларига сурар эдим”.
Фалақ сурасининг илк оятида жами махлуқотлар ёмонлигидан паноҳ сўраш умумий қилиб айтилган бўлса, кейингиларида эса хослаб, ёмонликлари улкан бўлгани учун улардан огоҳлантирилган уч тоифа зикр этилмоқда. Булар зулматга чўмган кечанинг ёмонлиги, тугунларга дам солувчи (жодугар)лар ва ҳасад қилувчи ҳасадгўйлардир.
Бу сурадан жуда кўп нарсаларни ўрганишимиз керак, жумладан:
Биринчиси, зулматга чўмган кечанинг ёмонлиги. Чунки Имом Розий зикр қилганидек, қоронғилик тушиши билан йиртқичлар инидан, ҳашаротлар маконидан чиқади ва ўғри-муттаҳамлар ҳам кечаси ҳужум қилади. Ёнғин кўпроқ тунда содир бўлади. Ёрдам берувчилар эса кам бўлади. Ёмонлик ва фасод кишилари ҳам кечаси қўзғалади.
Иккинчиси, тугунларга дам солувчи (жодугар)ларнинг ёмонлиги. Тугун каби турли воситалар билан одамларга зарар етказувчи фолбин, коҳин, сеҳргарлар барча замонларда бўлган.
Учинчиси, ҳасад қилувчи ҳасадгўйларнинг ёмонлиги. Бошқаларга ҳасад қилувчи ҳасад қилинаётган кишидаги неъматлар йўқ бўлишини орзу қилади. Бу турдаги ҳасад ёмон саналади. Аммо ҳавас қилиш жоиз. Чунки бунда эгасидан неъмати йўқ бўлишини орзу қилмаяпти.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўмин ҳавас қилади, мунофиқ эса ҳасад қилади”, деганлар.
Уламолар: “Ҳасад амалда ёки сўзда зоҳир бўлгандагина зарар қилади. Масалан, ҳасад қилинаётган кишининг ёмон йўлга киришига сабабчи бўлиш, унинг ёмон томонларини ахтариш, қоқилтириш кабилардир. Биринчи гуноҳ Иблиснинг Одамга (алайҳиссалом) ҳасад қилиши оқибатида содир бўлган. Шунинг учун ҳам ҳасад энг разолатли, ғазаб қилинган ва лаънатланган нарсадир”, деб айтган.
Уламолар яна шундай дейди: «Сеҳр, кўз тегиши, ҳасад ва шунга ўхшаш нарсаларнинг ўзи зарар етказа олмайди. Балки Аллоҳнинг қудрати ва изни билан бўлади. Бу нарсаларга ўша тоифадаги кишилар зоҳирдагина таъсир ўтказади, холос. Аллоҳ таоло Бақара сураси 102-оятда: “Лекин улар Аллоҳнинг изнисиз у билан ҳеч кимга зарар етказа олмаслар”, деган. Бу нарсалар ҳақиқатда таъсир ўтказа олмаса ҳам, динимиз вабо, сил каби зоҳири юқумли бўлган касалликлардан имкон борича эҳтиёт бўлишни талаб қилади. Худди Умар ибн Хаттоб ва саҳобалар вабо, кўз тегиши ҳамда моховдан эҳтиёт бўлгани каби».
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барча оғриқларда ва иситма чиққанида “Бисмиллаҳил карийм, аъузу биллаҳил азийм, мин шарри кулли ъирқин нар ва мин шарри ҳаррин нар” дуосини ўқишни ўргатдилар». Дуонинг маъноси: “Буюк Аллоҳнинг номи ила томирдан шовуллаб оқувчи қоннинг ёмонидан ва дўзах ўтининг ёмонидан паноҳ тилайман”.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким касал кўргани борса, агар ажали етмаган бўлса, унинг ҳузурида “Асъалуллоҳал ъазийм Роббал ъаршил ъазийм ан йашфийака” дуосини етти марта ўқиса, Аллоҳ таоло уни касалидан халос қилиб, шифо беради», дедилар. Маъноси: “Улуғ Аллоҳдан, буюк арш Раббисидан сенга шифо беришини сўрайман”.
Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар касал кўргани кирсалар, “Аллоҳумма Раббаннас, азҳибил баъса ишфи анташ Шафий, ла шифа илла шифоук шифаан ла юғодиру сақома”, деб дуо ўқирдилар. Маъноси: “Ё Аллоҳ, инсонларнинг Раббиси, қийинчиликларни кетказ, Ўзинг ягона шифо берувчисан, шифо бер, шифонгдан бошқа шифо йўқ, шундай шифо бер, у ҳеч қандай касалликни қолдирмасин”.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳасан ва Ҳусайнларга “Уъийзукума бикалиматиллаҳит таммати мин кулли шайтонин ва ҳаммаҳ ва мин кулли ъайнин ламмаҳ” дуосини ўқиб паноҳ тилардилар. Маъноси: “Аллоҳнинг мукаммал калималари билан ҳар бир шайтондан, зарарли ҳашаротлардан ва ёмон кўзлардан сиз иккингизга паноҳ тилайман”.
Усмон ибн Абул Ос (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: «Мен қувватимни кетказиб ҳолсиз қилиб қўйган оғриқ сабабли Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига борсам, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўнг қўлингни ўша оғриётган жойингга қўйиб етти марта “Бисмиллаҳ, аъузу биъиззатиллаҳи ва қудратиҳи мин шарри ма ажиду ва уҳазиру”, деб айтгин”, дедилар». (Маъноси: “Аллоҳнинг иззати ва қудрати ила ўзимдаги хавфсираётганим бу нарса ёмонлигидан паноҳ тилайман”.) Айтганларини бажарган эдим, Аллоҳ менга шифо берди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сафар қилиб, бирор манзилга тушадиган бўлсалар, “Я арзу Раббий ва Раббукиллаҳу, аъузу биллаҳи мин шаррики ва шарри ма фийки ва шарри ма йахружу минки ва шарри ма йадиббу ъалайки, аъузу биллаҳи мин асад ва асвад ва ҳаййа ва ъақроба ва мин шарри сокинил балад ва волидин вама валад”, деб айтардилар. Маъноси: “Эй ер, менинг ва сенинг Раббинг Аллоҳдир, Аллоҳнинг номи билан сенинг ёмонлигингдан, сендаги ёмонликдан, сенинг ичингдан чиқарилган ёмонликдан, сенда судралиб юрадиганлар ёмонлигидан паноҳ тилайман. Ва яна шердан, шахслардан, илондан, чаёндан, ерда яшовчи жинлардан, Иблис ҳамда шайтондан паноҳ тилайман”.
Юқорида Ойша (розияллоҳу анҳо)дан қилинган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жасадларини бирор беморлик безовта қилса, “Қул ҳуваллоҳу аҳад…” ва икки “Қул аъузу…” сураларини ўқиб, ўнг кафтларига дам уриб, ўша жойларига суришлари айтиб ўтилди.
Энди дам уриш пайтида “суф”, дейиш Ойша (розияллоҳу анҳо)дан қилинган қуйидаги ҳадисга биноан жоиз, дейилди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дам солаётганларида “суф”лардилар”.
Имом Боқир эса, ёш болаларга паноҳ тиланувчи (маъсур) дуоларни ёзиб осиб қўйишни жоиз, деган. Аммо маъноси тушунилмайдиган, ноаниқ ёзилган дуоларни осиб қўйиш ман этилади. Валлоҳу аълам.
Аллоҳ таоло барчамизни ёмонликлардан Ўзи асрасин, омин!
Ноумид – шайтон
Мўмин банда, агар гуноҳкор бўлса ҳам Аллоҳнинг раҳматидан асло умидсиз бўлмаслиги керак. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган:
﴿۞قُلۡ يَٰعِبَادِيَ ٱلَّذِينَ أَسۡرَفُواْ عَلَىٰٓ أَنفُسِهِمۡ لَا تَقۡنَطُواْ مِن رَّحۡمَةِ ٱللَّهِۚ إِنَّ ٱللَّهَ يَغۡفِرُ ٱلذُّنُوبَ جَمِيعًاۚ إِنَّهُۥ هُوَ ٱلۡغَفُورُ ٱلرَّحِيمُ٥٣﴾
«(Эй Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг Ўзи мағфиратли ва раҳмлидир”» (Зумар, 53).
Бу оят, Ибн Касир таъбири билан айтганда, кофирлар учун ҳам, мўминлар учун ҳам баробар даъватдир. Зеро, куфр ва ширкдан шу дунёда тавба қилиб имон келтирган кишининг тавбаси ва имони қабул қилиниши аниқ. Шунингдек, мўмин бўлатуриб, денгиз кўпигидек кўп гуноҳ қилган кимсанинг ҳам гуноҳларини Аллоҳ таоло фазли билан кечиб юбориши мумкин экани оят ва ҳадислардан маълумдир (Имом Аҳмад ривояти).
Шунингдек, ёмонлик ортидан дарҳол яхшилик қилиш гуноҳни ювиб юбориши ҳам ҳадисларда айтилган (Имом Термизий ривояти).
Ояти каримада эса:
﴿وَأَقِمِ ٱلصَّلَوٰةَ طَرَفَيِ ٱلنَّهَارِ وَزُلَفٗا مِّنَ ٱلَّيۡلِۚ إِنَّ ٱلۡحَسَنَٰتِ يُذۡهِبۡنَ ٱلسَّئَِّاتِۚ ذَٰلِكَ ذِكۡرَىٰ لِلذَّٰكِرِينَ١١٤﴾
«Куннинг ҳар икки тарафида (яъни эртаю кеч) ва туннинг бир бўлагида намоз ўқинг! Албатта, савобли ишлар гуноҳларни кетказади. Бу ёд этувчилар учун ёдномадир» (Ҳуд, 114), дейилган.
Оят мазмунидан беш маҳал намоз вақтлари чиқарилган. Зеро, куннинг икки тарафини бомдод билан пешин, аср намозлари вақти, туннинг бир бўлагини эса, шом ва хуфтон намозлари вақти, деб таъвил қилиш мумкин (“Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил”).
Абу Нуъайм “Ҳиля”да Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Агар бир жарчи нидо қилиб: “Эй одамлар! Албатта, фақат бир кишидан ташқари барчангиз жаннатга кирасиз!” деса, мен ўша киши эмасмиканман, деб қўрқаман. Агар жарчи нидо қилиб: “Эй одамлар! Албатта, фақат бир кишидан бошқа барчангиз дўзахга кирасиз!”, деса, ўша бир киши мен бўлсам, деб умид қиламан”, деди».
Табаронийдан ривоят қилинади: “Абу Фарва исмли бир одам келиб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан:
– Бошдан-оёқ гуноҳга ботган, қилмаган номаъқулчилиги қолмаган бир кимса тавба қилса бўладими? – деб сўради.
Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга:
– Сен мусулмон бўлганмисан? – дедилар.
– Ҳа.
– Ундай бўлса, бундан кейин ёмонликларни ташлагинда, ҳамиша яхшилик қил. Аллоҳ таоло сенинг аввал қилган гуноҳларингни яхшиликларга айлантиради.
– Барча хиёнату сохтакорликларимни ҳамми?
– Ҳа.
У одам такбир айта бошлади ва чиқиб кетди. Кета-кетгунича (бизга кўринмай қолгунича) такбир айтди”.
Инсон ҳеч қачон ноумид бўлмаслиги керак. Донолар: “Умидини йўқотган инсоннинг бошқа йўқотадиган нарсаси йўқ”, деб бежиз айтишмаган.
КЕЙИНГИ МАВЗУ:
Инсонлардан беҳожат бўлиш;
Омонатга хиёнат қилмаслик
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати