Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Январ, 2025   |   4 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:33
Аср
15:25
Шом
17:09
Хуфтон
18:29
Bismillah
03 Январ, 2025, 4 Ражаб, 1446

Таъзим сизга, азиз устозлар

1.10.2018   4096   2 min.
Таъзим сизга, азиз устозлар

Илму маърифат тарқатиш савобли амалдир. Борлиқдаги ҳамма нарса яхшиликни ўргатувчининг ҳақига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: «Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагидаги чумоли ва балиқ одамларга  яхшиликни  таълим берувчига салавот айтадилар» (Имом Термизий ривояти).

Устознинг шогирд устидаги ҳақи бениҳоя катта ва улуғдир. Устоз шогирдини ўз фарзандидек кўради. Балки унга фарзандига кўрсатмаган таважжуҳ билан юзланади. Унинг юпун ва совуқ бўлган маънавий оламини ўзининг қалб қўри билан иситади. Зимистон дунёсини илм қуёшининг зиёси билан мунаввар этади. Сабр ва меҳр билан парваришлайди. Дунёю охиратда улуғлик, манфаат ва нажот келтирадиган йўлга йўллаб қўяди. Бунга қўшимча равишда шогирдининг салоҳияти учун туну кун дуода бўлади. Натижада унинг қўлига ниҳол бўлиб келган ўқувчи ва талаба совуқ урмасдан, зулматларда абгор бўлмасдан униб-ўсади.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (раҳ­матул­лоҳи алайҳ)дан бундай деганлари ривоят қилинади: “Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар, албатта, ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. (Нафақат у) Балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта, ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман”.

Устоз деганда фақатгина диний билимларни таълим берган кишиларни эмас, балки ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини ҳам унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз ‒ Исломда инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм ардоқланади.
Юртимиз таълим муассасаларида ёшларга турли соҳалардан таълим бераётган устозларни иззат-икром қилиш бурчимиздир.

Динимиз таълимотига кўра ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса, арзийди.


Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл тумани “Жомеъ”
масжиди имом-хатиби

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сенга нима бўлди?

3.01.2025   225   1 min.
Сенга нима бўлди?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Жаҳл: «Муҳаммад сизнинг олдингизда юзини тупроққа теккизадими (сажда қиладими)?» деди. «Ҳа», дейишди. «Лот ва Уззо билан қасамки, агар шундай қилганини кўрсам, албатта, бўйнини оёғим билан босаман ёки юзини тупроққа ишқайман», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, намоз ўқий бошладилар. Бўйинларига оёғи билан босади, деб ўйлашди. Аммо бирдан у ортига қараганча қўли билан юзини тўсиб қоча бошлади. Шунда унга: «Сенга нима бўлди?» дейишди. «Мен билан унинг орасида оловли хандақ бор. Анавилар... қанотлар бор», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар у менга яқинлашганида уни фаришталар парча-парча қилиб олиб кетишар эди», дедилар.

Шунда Аллоҳ азза ва жалла – билмадим, Абу Ҳурайранинг ҳадисидами ёки унга етган нарсадами – «Йўқ! Албатта, инсон туғёнга кетади»дан «Йўқ! Унга итоат этма»гача нозил қилди ва у зотга амр қилган нарсасини амр қилди» (Муслим ривоят қилган).

Мақолалар