Кеча Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов фахрий имомлар – Маҳмуджон домла Ибодуллаев ва Ҳабибуллоҳ домла Бойқобиловлар билан бирга Тайлоқ туманидаги “Маданият” жоме масжидини кўздан кечирдилар.
Зайниддин домла Эшонқулов жомедаги бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиш чоғида масжид биноси гўзал наққошлик намунаси асосида безатилгани, намозхонлар учун тайёрланган шароитлар кўнгилни хушнуд қилишини таъкидладилар. Шунингдек, мўмин-мусулмон халқимизга янада қулайликлар қилиш, пандемия қоидаларига тўлиқ риоя этиш юзасидан тавсия ва кўрсатмалар бердилар.
Шундан сўнг жамоат билан пешин намози адо этилди. Ташриф сўнгида фахрий имом Маҳмуджон домла Ибодуллаев ушбу масжид қиёматга қадар мўмин-мусулмонларга хизмат қилиши ва унинг қурилишида жонбозлик кўрсатаётган саховатпеша инсонларга яхшиликлар сўраб дуои хайрлар қилинди.
Маълумот учун, шу йил бошида “Маданият” жоме масжиди янги биноси миллий ва замонавий меъморчилик анъаналарига тўла мос ҳолда қайта қурилиб намозхонлар ихтиёрига топширилган эди. Ҳозир масжид таҳоратхонаси қайта қурилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Рамазон ойи давомида бир гуруҳ уламолар, имом-домлалар ва моҳир қорилар чет элдаги ватандошлар билан маърифий суҳбатлар қилиш, Рамазони шариф билан қутлаш, уларнинг диний саволларига жавоб бериш ҳамда таровеҳ намозида иштирок этиш мақсадида АҚШ, Россия Федерацияси, Жанубий Корея сингари мамлакатларда хизмат сафарида бўлиб турибдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Музаффар домла Камолов, Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулло домла Абдуллаев, Фарғона вилояти Қувасой шаҳар “Ислом” масжиди имом-хатиби Алишер домла Наимов, , Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Имом ат Термизий” масжиди имом-хатиби Яҳё домла Абдурахмонов, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Юнус ота” масжиди имом ноиби Жамолиддин домла Қодиров, Андижон шаҳар “Чинор” масжиди имом-хатиби Авазбек домла Мўминов, Андижон тумани “Усмони Зиннурайн” масжиди имом-хатиби Фазлиддин домла Абдуллаев Жанубий Кореянинг Сеул, Ченгжу, Мокпо, Даегу каби шаҳарларидаги тадбирларда қатнашиб, манфаатли суҳбатлар ўтказмоқдалар.
АҚШнинг Нью-Йорк, Филадельфия, Орландо, Цинциннати, Чикаго, Нью-жерси шаҳарларидаги ватандошлар Тошкент шаҳар “Сирож солиҳ” масжиди имом-хатиби Ҳасан домла Қодиров, Тошкент шаҳар “Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф” масжиди имом-хатиби Исмоил домла Муҳаммад Содиқ, Андижон вилояти “Эски Гумбаз” масжиди имом-хатиби Ботир домла Тожибоев, Тошкент шаҳар “Фирдавс” масжиди имом-хатиби Бахтиёр домла Сатторов, Наманган шаҳар “Мулла Бозор Охунд” масжиди имом-хатиби Зохиджон домла Номонов, Тошкент шаҳар “Ҳазрати Умар” масжиди имом-хатиби Фазлиддин домла Мамадалиев, Самарқанд вилояти “Хўжа Абду Дарун” масжиди имом-хатиби Зафар домла Маҳмудов, Фарғона вилояти “Хўжа Абдуллоҳ” масжиди имом-хатиби Абдувоҳид домла Мансуралиевнинг маърузалари ва хатми Қуръонларига сомеъ бўлмоқдалар.
Мана шундай тадбирлар Россия Федерациясининг Магандан ва Хабарский каби ҳудудларига ишлаш, таълим олиш учун борган ватандошларимиз учун ҳам ташкил этилмоқда. Ушбу минтақалардаги учрашувларда Наманган вилояти “Мулла Абдуқодир” масжиди имом-хатиби Музаффар домла Ибрагимов, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани “Чоштепа” масжиди имом-хатиби Ҳакимжон домла Хотамов иштирок этмоқда.
Сафар давомида диний соҳа ходимлари ватандошлар билан мулоқотларда Ислом дини қадриятлари, Рамазон ойи фазилатлари, она-Ватанга муҳаббат ва бузғунчи ғояларга алданмаслик каби мавзуларда ҳам суҳбатлар қилмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати