БМТ раҳбари Антонио Гутерриш 17 март – Халқаро исломофобияга қарши кураш куни муносабати билан мурожаатида Қуръондан халқлар ва қабилалар бир-бирларини таниб олиш учун яратилгани ҳақидаги иқтибосни келтирди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
БМТ Янгиликлар маркази маълумотига кўра, Бош котиб мусулмонларга нисбатан салбий муносабат «эпидемия даражасига» етганини айтган.
Дунё бўйлаб мусулмонлар стереотиплар, стигматизация, ижтимоий яккалатиб қўйиш, камситиш, зўравонлик каби иллатларга дуч келмоқда, деди Антонио Гутеррес. У, шунингдек, ислом динига эътиқод қиладиган аёллар баъзида жинси, миллати ва динига қараб «уч даражали камситиш»га учраётганини таъкидлаган.
«Афсуски, баъзи оммавий ахборот воситалари ва ҳокимият вакилларининг баёнотлари оқибатида салбий стереотиплар жамоат онгида янада мустаҳкам ўрнашиб қолмоқда. Миллатчилик ва неонацизмни қайта тикланиши, стигматизация, шунингдек, аҳолининг заиф гуруҳлари, хусусан, мусулмонлар, яҳудийлар, баъзи насроний жамоаларга қарши нафрат иллатлари шулар жумласидандир», - деди БМТ раҳбари.
«Турли туманлик - бу таҳдид эмас, балки катта бойликдир», деди Антонио Гутерреш. У дискриминация, ирқчилик ва ксенофобияга қарши кураш БМТнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолишини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
ҲАРОМ ОЙЛАРДА РЎЗА ТУТ!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини букиб очиб кўрсатдилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
ҲАДИС ШАРҲИ
Уламолар ҳадисни бундай шарҳлайдилар: “Ушбу ҳаром ой (ашҳурул ҳурум)ларда рўза тутишга даъват этади ва уч кун рўза тутиб, уч кун қолдиришга ишора қилади. Ражаб ойи ҳам ҳаром ойлардан бири ҳисобланади”.
ҲАРОМ ОЙЛАРИ ТЎРТТАДИР
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир” (Тавба сураси, 36-оят).
БУ ОЙДА РАСУЛУЛЛОҲ ﷺ ҚАНДАЙ РЎЗА ТУТАРДИЛАР?
Усмон ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу айтади: “Саид ибн Зубайрдан ражаб ойида турганимизда бу ой рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик, деяётганини эшитганман” деди.
РАЖАБ ОЙИДА РЎЗА ТУТУВЧИЛАРГА ҚАСР ҚУРИЛАДИ
Абу Қилоба розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор”.
БИР КУНЛИК РЎЗАНИНГ МУКОФОТИ
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқ қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
САҲАРЛИК-ИФТОРЛИК ВАҚТИ
06 январь – душанба
Саҳарлик вақти (оғиз ёпиш): 06:24
Ифторлик вақти: (оғиз очиш) 17:12
ҚАНДАЙ НИЯТ ҚИЛИНАДИ?
Нияти: Холис Аллоҳ учун ражаб ойининг рўзасини тутишни ният қилдим.
Даврон НУРМУҲАММАД