Навоий вилояти республикамизнинг ер майдони катта, табиий бойликлари мўл, ишлаб чиқариш саноати яхши ривожланган, “Қосим шайх” зиёратгоҳи, Жарақудуқдаги “Тош ўрмон”и, “Работи Малик” карвонхонаси, “Мир Саид Баҳром” мақбараси, “Нурота Чашма” тарихий меъморий мажмуаси каби қадимий зиёратгоҳлари кўплаб маданий обидаларга бой, бир миллион атрофидаги турли миллат вакиллари аҳил-иноқликда ҳаёт кечириб келаётган ўлка ҳисобланади.
Ўтган куни вилоятга ташрифи якунланган давлатимиз раҳбари вилоят аҳолиси ҳаёти билан яқиндан танишди, оддий одамлар билан мулоқотлар қилди. Вилоятнинг истиқболдаги тараққиёт стратегиясини белгилаб берар экан одамларни иш билан таъминлаш, ўсиб келаётган ёшларимизга янги иш ўринлари яратиб бориш масаласига эътибор қаратди.
Меҳрибон Парвардигоримиз “Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У Зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ-равшан Китобда бордир”(Ҳуд, 6), деб бандаларини хотиржам қилиб қўяр экан, инсонларга ўша Ўзи ваъда қилган ризқни топишга давлат раҳбарларини васила қилиб қўяди.
Раббимизнинг ушбу оятига мувофиқ иш тутган президентимиз “Одамларнинг дунёқараши, меҳнатга муносабати ўзгармоқда. Дунёқарашни нима ўзгартиради – илм, даромад, манфаат”, дер экан халқимизнинг кўнглидаги эътирофни топиб айтди.
Ҳақиқатан, кейинги вақтларда одамларнинг ҳаётга муносабатида кучли ўзгариш юз бермоқда, янги-янги лойиҳалар, режалар тузмоқда. Чунки халқимиз эндиликда қилинган меҳнатлари бесамар кетмаслигига, албатта, уларнинг ижобий натижалар беришига ишонч ҳосил қилмоқда. Меҳнатининг маҳсулидан баҳраманд бўлишидан ҳақли равишда умид қилиб шижоат билан ишламоқда.
Вилоятда янги очилаётган янги иш ўринларига эътибор қилинг:
Навоий кон-металлургия комбинатида 2026 йилга бориб 30 мингдан ортиқ қўшимча иш ўрни яратилади;
Кармана туманидаги «Karmana golden eggs» масъулияти чекланган жамиятида эллик иш ўрни яратилди. 2019 йилда яна 100 киши иш билан таъминланади;
«Навоий» эркин иқтисодий зонасида 2010-2016 йилларда 22 та лойиҳа амалга оширилган бўлиб, 904 иш ўрни яратилган. 2017-2019 йилларда 32 та лойиҳа амалга оширилиб, 1659 та иш ўрни яратилади;
Шунингдек, «Тўдакўл» сув ҳавзасида очиладиган балиқчилик мажмуасига 1200 гектар ер ажратилади. Бу ерда эронлик инвесторлар билан биргаликда йилига 5000 тонна балиқ, 4000 тонна қайта ишланган балиқ маҳсулотлари (балиқ филеси, фарши, дудланган балиқ) тайёрланади;
Нурота туманида 10 минг гектар лалми ерда интенсив писта плантациялари лойиҳаси ташкил этилади. Натижада 850 киши доимий иш билан таъминланади;
Хатирчида боғ ва замонавий иссиқхона барпо этилади, мева-сабзавотлар қайта ишланади, Навбаҳор туманида томчилатиб суғориш усулида бодом ва писта плантациялари очилади, қоракўлчилик, тивит жунли эчкиларни кўпайтирилади;
“Учқудуқ текстиль” МЧЖда жорий йилда тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада 320 киши иш билан таъминланади;
“Қизилқум марвариди” корхонасида гидропоника усулида иссиқхона барпо этилади;
Зарафшон шаҳрида йилига 4,5 минг тонна арматура, 10 миллион квадрат метр ойна, 250 миллион дона шиша идиш ишлаб чиқариш, қарийб 2 минг бошга мўлжалланган қорамолчилик комплекси, сиғими 500 ва 200 тонна бўлган музлаткичли омборхоналар барпо этиш, 100 минг бошдан зиёд парранда боқиш, балиқчилик хўжалиги, иссиқхоналар ташкил этиш лойиҳалари амалга оширилади.
Томди, Конимех туманларида ҳам шу каби истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилади. Натижада икки йил ичида 4 минг иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Конимех туманида минг бош туя ва 500 бош наслли эчки боқишга мўлжалланган чорвачилик комплекси барпо этиш режалаштириляпти. Бу жой нафақат туя ва эчкичилик мажмуаси, балки йилига 10 минг сайёҳни қабул қиладиган замонавий экотуризм марказига айланади;
Томди туманидаги Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли 4 минг бош қўй боқишга мўлжалланган чорвачилик комплекси ҳам шундай истиқболли лойиҳалардан бўлиб, вилоятда қоракўлчиликни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, яна қанчадан-қанча янги ўринлари очилмоқдаки, иншоаллоҳ, яқин йилларда вилоятда ишсизлар сони кескин камаяди ва аҳолининг турмуш даражаси юксалади.
Бугунги дунёда шундай давлатлар борки, уларнинг пойтахти ва индустрия шаҳарлари беқиёс даражада тараққий этиб кетган. Улар хорижлик сайёҳларга ҳам дипломатларга ҳам ўша жойларни намойиш этади. Мамлкатнинг чекка ҳудудлари эса тараққиётдан жуда ҳам ортда қолиб кетган, аҳоли ночор аҳволда яшайди. Президентимиз давлатнинг ана шу каби стихияли ривожланишининг олдини олиш масаласига ҳам эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон мегаполислари ривожланиб кетиб чекка ҳудудлар ортда қоладиган давлатлардан бўлмаслиги керак. Мамлакатнинг барча ҳудуди ривожланиш босиқичини ҳамоҳангда босиб ўтмоғи; бир ҳудуднинг аҳолиси яхши яшаб, бошқаси қийналиб яшамаслиги даркор.
Юртбошимиз: “Олисда жойлашган бу шаҳарлар аҳолиси яхши яшашга ҳақли”, деганда ана шу принципни назарда тутиб гапирди.
Таъбир жоиз бўлса, айнан ана шу ҳолат, яъни мамлакатнинг барча аҳолисига бир хил шароит яратиб бериш – президентимизнинг дунёнинг жуда кўплаб давлатлари раҳбарлари етиша олмаётган адолати ҳисобланади.
Қуръони каримда: «Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар...» (Нисо, 58).
Аллоҳ таоло юртимизга бош бўлиб, туну кун халқимиз фаровонлигини ўйлаётган, адолатни дастуруламал қилиб олган давлатимиз раҳбарининг ишларини баракали қилсин, соғлигини мустаҳкам айласин.
ЎМИ Матбуот хизмати
ҲАРОМ ОЙЛАРДА РЎЗА ТУТ!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини букиб очиб кўрсатдилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
ҲАДИС ШАРҲИ
Уламолар ҳадисни бундай шарҳлайдилар: “Ушбу ҳаром ой (ашҳурул ҳурум)ларда рўза тутишга даъват этади ва уч кун рўза тутиб, уч кун қолдиришга ишора қилади. Ражаб ойи ҳам ҳаром ойлардан бири ҳисобланади”.
ҲАРОМ ОЙЛАРИ ТЎРТТАДИР
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир” (Тавба сураси, 36-оят).
БУ ОЙДА РАСУЛУЛЛОҲ ﷺ ҚАНДАЙ РЎЗА ТУТАРДИЛАР?
Усмон ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу айтади: “Саид ибн Зубайрдан ражаб ойида турганимизда бу ой рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик, деяётганини эшитганман” деди.
РАЖАБ ОЙИДА РЎЗА ТУТУВЧИЛАРГА ҚАСР ҚУРИЛАДИ
Абу Қилоба розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор”.
БИР КУНЛИК РЎЗАНИНГ МУКОФОТИ
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқ қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
САҲАРЛИК-ИФТОРЛИК ВАҚТИ
06 январь – душанба
Саҳарлик вақти (оғиз ёпиш): 06:24
Ифторлик вақти: (оғиз очиш) 17:12
ҚАНДАЙ НИЯТ ҚИЛИНАДИ?
Нияти: Холис Аллоҳ учун ражаб ойининг рўзасини тутишни ният қилдим.
Даврон НУРМУҲАММАД