Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Декабр, 2024   |   24 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:02
Хуфтон
18:22
Bismillah
25 Декабр, 2024, 24 Жумадул сони, 1446

Муфтий ҳазратлари: Таълим биз учун нажот ва саодатдир

28.10.2021   1356   4 min.
Муфтий ҳазратлари: Таълим биз учун нажот ва саодатдир

Бугун, 28 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари диний таълим муассасаларига бўлган илк ташрифларини Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтидан бошладилар.
Ташриф дастлаб институт тарихига оид маълумотлар билан танишишдан бошланди. Унда институт ташкил этилиши, таълим даргоҳининг мақсад-вазифалари, собиқ муфтийлар тарихи ва ректорлар тўғрисида маълумотлар берилди. Сўнгра институт биносида ташкил этилган китоблар кўргазмаси ва ҳаттотлик ишлари билан яқиндан танишилди.
Севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган Робиъул аввал ой муносабати билан институтда Сийрат ойлиги ўтказилаётгани ҳақидаги хушхабар кўнгилларни шод этди.
Муфтий Нуриддин домла Холиқназаров Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларидан таълим берилаётган дарс хонасига ташриф буюриб, талабалар билан суҳбат қурдилар. Талабалар дарс жараёнларидан, айниқса Мисрнинг Ал-Азҳар олийгоҳининг фазилатли устозларидан Шайх Жамолиддин Ҳошим каби мударрисларнинг замонавий усуллар орқали дарс беришаётганини жуда ҳам мамнун эканликларини изҳор этишди.
“Қиз болага таълим бериш, бутун умматга таълим бериш билан баробардир”. Шундан келиб чиқиб, Муфтий ҳазратлари институтда аёл-қизлар учун ҳам яратилган шарт-шароитлар билан қизиқдилар. Айниқса, қизлар учун алоҳида кутубхона, мажлислар зали, ўқув хоналари ва намозхона ташкил этилгани айни муддао бўлгани қайд этилди.
Албатта талабаларнинг илмли ва ўз касбининг етук мутахассиси бўлиб етишишларида китобнинг ўрни алоҳида. Муфтий ҳазратлари институт кутубхонасининг фаолияти билан ҳам танишдилар. Ахборот-ресурс маркази ходими Камолиддин Маҳкамов институт кутубхонаси ҳақида батафсил маълумо берди. Жумладан, ахборот-ресурс марказига етук мутахассислар жалб этилган ҳолда модернизация қилингани, китобларни сақлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва талабаларга китобларни етказиш халқаро талаб даражасида экани ҳақида сўзлаб берди.
Институтнинг асосий биносига қўшимча равишда бунёд этилган 15 та талабалар ўқув аудиторияси, мажлислар зали, кутубхона, ўқитувчи ва талабалар ошхонасини ҳам Муфтий ҳазратлари кўздан кечирди. Шунингдек, ушбу ўқув даргоҳи ҳудудида қад ростлаган 4 қаватли бинодаги 30 ўринлик таҳоратхона ва 30 та хонадан иборат замонавий ва шинам ҳолатга келтирилган талабалар турар жойи – ётоқхонани билан ҳам танишдилар.
Мана шундай ўзгаришлар ва янгиланишлар Янги Ўзбекистон шароитида Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан таълим-тарбия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалдаги яққол ифодаси экани ташриф давомида алоҳида эътироф этилди.
Муфтий ҳазратлари талабалар илм олиши, динимиз, халқимиз манфаати йўлида хизмат қилиши учун барча шароитлар муҳайё этилгани, толиби илмлардан эса фақатгина бир нарса – ихлос билан илм олиш, яратилган қулайликлардан тўғри ва оқилона фойдаланиш, Аллоҳ таолонинг неъматларга шукрона сифатида ҳам илму ирфон эгаллаш зарурлигини ёдга солиш бугунги ташрифдан кўзланган бош мақсад экани алоҳида таъкидладилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Масийҳ Дажжолнинг сифатлари (иккинчи мақола)

24.12.2024   1238   6 min.
Масийҳ Дажжолнинг сифатлари (иккинчи мақола)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي عُبَيْدَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: وَصَفَ لَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الدَّجَّالَ ثُمَّ قَالَ: «لَعَلَّهُ سَيُدْرِكُهُ مَنْ قَدْ رَآنِي أَوْ سَمِعَ كَلَامِي»، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، كَيْفَ قُلُوبُنَا يَوْمَئِذٍ أَمِثْلَهَا الْيَوْمَ؟ قَالَ: «أَوْ خَيْرٌ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Убайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ алайҳиссалом бизга Дажжолни сифатлаб бердилар. Сўнгра: «Эҳтимол, келажакда мени кўрган ёки гапимни эшитган киши ҳам унга етишар», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, ўша кунда қалбларимиз қай ҳолда бўлади, бугунгига ўхшашми?» дейишди. У зот: «Йўқ, бундан яхшироқ бўлади», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Чунки улар иймони комил зотлардир.

وَلِلتِّرْمِذِيِّ وَمُسْلِمٍ: «تَعْلَمُونَ أَنَّهُ لَنْ يَرَى أَحَدٌ مِنْكُمْ رَبَّهُ حَتَّى يَمُوتَ وَإِنَّ الدَّجَّالَ مَكْتُوبٌ بَيْنَ عَيْنَيْهِ كَافِرٌ يَقْرَؤُهُ مَنْ كَرِهَ عَمَلَهُ».

Термизий ва Муслимнинг ривоятида:

«…Биласизларки, бирортангиз ўлмагунича Роббини кўрмайди. Дажжолнинг икки кўзи орасига «кофир» деб ёзилган бўлади. Унинг амалини ёқтирмаган ҳар бир инсон уни ўқийди», дейилган.

وَلِأَبِي دَاوُدَ: «مَنْ سَمِعَ بِالدَّجَّالِ فَلْيَنْأَ عَنْهُ فَوَاللهِ إِنَّ الرَّجُلَ لَيَأْتِيهِ وَهُوَ يَحْسِبُ أَنَّهُ مُؤْمِنٌ فَيَتَّبِعُهُ مِمَّا يُبْعَثُ بِهِ مِنَ الشُّبُهَاتِ أَوْ لِمَا يَبْعَثُ بِهِ مِنَ الشُّبُهَاتِ».

Абу Довуднинг ривоятида:

«Ким Дажжол ҳақида эшитса, ундан узоқлашсин. Аллоҳга қасамки, унинг олдига борган одам уни мўмин деб ўйлаб қолади ва ундаги шубҳаларга қарамай, унга эргашади. Ёки унга берилган шубҳалар сабабидан унга эргашади», дейилган.

Шарҳ: Дажжолга берилган сеҳр мўъжизаси, баъзи одамларни ўлдириб, бошқаларини тирилтириш каби мўъжизалар одамларни алдаб қўйиши мумкин. Шунинг учун унинг чиққанини эшитган ҳар бир мўмин унга йўлиқмасликка ҳаракат қилмоғи керак.

عَنْ أَبِي الدَّهْمَاءِ وَأَبِي قَتَادَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالُوا: كُنَّا نَمُرُّ عَلَى هِشَامِ بْنِ عَامِرٍ فَنَأْتِي عِمْرَانَ بْنَ حُصَيْنٍ فَقَالَ ذَاتَ يَوْمٍ: إِنَّكُمْ لَتُجَاوِزُونِي إِلَى رِجَالٍ مَا كَانُوا بِأَحْضَرَ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مِنِّي وَلَا أَعْلَمَ بِحَدِيثِهِ مِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَا بَيْنَ خَلْقِ آدَمَ إِلَى قِيَامِ السَّاعَةِ أَمْرٌ أَكْبَرُ مِنَ الدَّجَّالِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абу Даҳмо ва Қатода розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади:

«Ҳишом ибн Омирнинг олдидан ўтиб, сўнг Имрон ибн Ҳусойннинг олдига борардик. Бир куни у шундай деди: «Сизлар менинг олдимдан ўтиб, шундай кишилар олдига борасизларки, улар Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳузурларида мендан кўп бўлишмаган, у зотнинг ҳадисларини мендан яхши билишмайди. Мен Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг «Одамнинг яратилишидан тортиб то Қиёмат қойим бўлгунча Дажжолдан каттароқ фитна йўқ» деганларини эшитганман».

Муслим ривоят қилган.

عَنْ أَبِي بَكْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «يَمْكُثُ أَبُو الدَّجَّالِ وَأُمُّهُ ثَلَاثِينَ عَامًا لَا يُولَدُ لَهُمَا وَلَدٌ، ثُمَّ يُولَدُ لَهُمَا غُلَامٌ أَعْوَرُ، أَضَرُّ شَيْءٍ، وَأَقَلُّهُ مَنْفَعَةً، تَنَامُ عَيْنَاهُ، وَلَا يَنَامُ قَلْبُهُ»، ثُمَّ نَعَتَ لَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَبَوَيْهِ، فَقَالَ: «أَبُوهُ طِوَالٌ ضَرْبُ اللَّحْمِ كَأَنَّ أَنْفَهُ مِنْقَارٌ، وَأُمُّهُ فِرْضَاحِيَّةٌ طَوِيلَةُ الْيَدَيْنِ»، فَقَالَ أَبُو بَكْرَةَ: فَسَمِعْنَا بِمَوْلُودٍ فِي الْيَهُودِ بِالْمَدِينَةِ، فَذَهَبْتُ أَنَا وَالزُّبَيْرُ بْنُ الْعَوَّامِ حَتَّى دَخَلْنَا عَلَى أَبَوَيْهِ، فَإِذَا نَعْتُ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِيهِمَا فَقُلْنَا: هَلْ لَكُمَا وَلَدٌ فَقَالَا: مَكَثْنَا ثَلَاثِينَ عَامًا لَا يُولَدُ لَنَا وَلَدٌ، ثُمَّ وُلِدَ لَنَا غُلَامٌ، أَضَرُّ شَيْءٍ، وَأَقَلُّهُ مَنْفَعَةً، تَنَامُ عَيْنَاهُ، وَلَا يَنَامُ قَلْبُهُ، قَالَ: فَخَرَجْنَا مِنْ عِنْدِهِمَا، فَإِذَا هُوَ مُنْجَدِلٌ فِي الشَّمْسِ فِي قَطِيفَةٍ لَهُ وَلَهُ هَمْهَمَةٌ، فَكَشَفَ عَنْ رَأْسِهِ، فَقَالَ: مَا قُلْتُمَا؟ قُلْنَا: وَهَلْ سَمِعْتَ مَا قُلْنَا؟ قَالَ: نَعَمْ، تَنَامُ عَيْنَايَ، وَلَا يَنَامُ قَلْبِي. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Дажжолнинг ота-онаси ўттиз йил фарзандсиз яшайди. Сўнг улардан бир ўғил туғилади. Унинг бир кўзи йўқ, зарари кўп, манфаати йўқ бўлади. Унинг кўзи ухлайди, лекин қалби ухламайди», дедилар. Кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом бизга унинг ота-онасини сифатлаб, «Унинг отаси новча, сергўшт, бурни қушнинг тумшуғига ўхшашдир. Онаси бўлса бесўнақай, қўллари узун», дедилар.

Кейин Мадинада яҳудийлардан бир бола туғилганини эшитдик. Зубайр ибн Аввом билан у ерга бориб, ота-онасининг олдига кирдик. Қарасак, икковида ҳам Расулуллоҳ алайҳиссалом айтган сифатлар бор. «Болангиз борми?» дедик. «Ўттиз йил фарзанд кўрмай ўтдик, ниҳоят, бир ўғил туғилди. Унинг зарари кўп, манфаати йўқ. Кўзи ухлайдию, қалби ухламайди», дейишди. Уларнинг олдидан чиқсак, уни бир қатийфага ўраб, офтобга ташлаб қўйишган экан. Ундан тушуниб бўлмайдиган овоз чиқмоқда эди. У бошини очди-да, «Нима дедиларинг?» деди. «Биз айтган гапни эшитдингми?» дедик. «Ҳа. Менинг кўзим ухлайди, қалбим ухламайди», деди».

Термизий ривоят қилган.

 

«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан

Мақолалар