بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ رَبِّ الْعَالَمِين وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الْاَمِين، وَعَلَى آلِهِ وَأصْحَابِهِ أَجْمَعِيْنَ أَمَّا بَعْدُ
АЛЛОҲНИНГ ЗИКРИ ИЛА ҚАЛБЛАР ОРОМ ОЛУР!
Муҳтарам жамоат! Юртимиз аҳли 2021 йил 15 август куни улкан мусибатга, оғир жудоликка учради. Кўп йиллардан бери нафақат юртимиз, балки минтақадаги мамлакатларга ҳам сермаҳсул хизматлари билан танилган, фазилатли уламо, улуғ устоз, муфассир, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимов ҳазратлари фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар... У кишининг ҳаққига истиғфор айтиб, Аллоҳ таолодан раҳмат сўраш – ҳар биримизнинг зиммамиздаги бурчдир. Аллоҳ таоло марҳум муфтий ҳазратларини эллик йиллик дини мубинимиз йўлидаги беқиёс хизматлари, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилиб, раҳматига сазовор айлаб, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!
Азиз жамоат! Динимизда тарғиб қилинган, савобли ва Парвардигорга севимли амаллардан бири – Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш, уни ҳамду санолар билан эслаб ёд этишдир. Зеро Аллоҳ таолони эслаб ёд этиш бандага дунё ва охиратда кўплаб фойдалар келтиради.
Биринчидан, банда Аллоҳ таолони зикр қилиш билан Роббисининг илоҳий буйруғини бажарган бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اذْكُرُوا اللَّهَ ذِكْرًا كَثِيرًا وَسَبِّحُوهُ بُكْرَةً وَأَصِيلًا
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилингиз ва эртаю кеч Унга тасбеҳ айтингиз!” (Аҳзоб сураси 41-42-оятлар).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу бу оят ҳақида шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло нимани фарз қилса, унга чегара қўйган, кейин уни бажарадиганларга узрли ҳолатларни баён қилган. Аммо Аллоҳ таолони эслаб ёд этиш учун чегара қўйилмаган. Нисо сурасининг 103 оятида: “Намозни адо этиб бўлганингиздан сўнг, турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларингизда (ҳам доимо) Аллоҳни ёд этинг!”, деб марҳамат қилган. Ақли ҳуши жойида бўлган киши учун зикрни тарк қилишга узр йўқ.
Аллоҳ таолонинг “Аллоҳни кўп зикр қилингиз”, деган сўзининг маъноси эртаю кеч, денгиз ва қуруқликда, соғлик ва касалликда ҳамда ошкор ва махфий “Аллоҳни зикр қилинг”, деганидир. Муфассир Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Кўп зикр қилиш – У Зотни ҳеч унутмасликдир” (Тафсири Бағавий китобидан).
Зикрнинг фазилати ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:
أَلاَ أُنَبِّئُكُمْ بِخَيْرِ أعْمالِكُمْ، وأزْكَاهَا عِنْدَ مَلِيكِكُمْ وأرْفَعِهَا في دَرَجَاتِكُمْ وَخَيرٍ لَكُمْ مِنْ إنْفَاقِ الذَّهَبِ والفِضَّةِ وَخَيْرٍ لَكُمْ مِنْ أن تَلْقَوا عَدُوَّكُمْ فَتَضْرِبُوا أعْنَاقَهُمْ وَيَضْرِبُوا أعْنَاقَكُمْ قَالَوا بَلَى، قَالَ ذِكر الله تَعَالَى
(رواه الإمام الترمذي عن أَبي الدرداءِ رضي الله عنه)
яъни: “(Эй, мусулмонлар!) Амалларингизнинг яхшисига далолат қилайинми?! Роббингиз наздида покизаси, даражангизни кўтарувчиси, тилла ва кумуш инфоқ-эҳсон қилишингиздан яхшироғи, душманга йўлиқиб, уларга сиз, сизга улар қилич билан зарба беришиданда яхшироғи...?!” “Ҳа, айтинг”, дейишди саҳобалар. У Зот алайҳиссалом: “Амалларнинг яхшиси – Аллоҳ таолонинг зикридир”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари).
Иккинчидан, Аллоҳ таоло мағфират ва улуғ ажр ваъда қилган эркак ва аёллардаги бир нечта сифатлардан бир сифатга эга бўлади. Қуръони каримда шундай дейилади:
وَالذَّاكِرِينَ اللَّهَ كَثِيرًا وَالذَّاكِرَاتِ أَعَدَّ اللَّهُ لَهُمْ مَغْفِرَةً وَأَجْرًا عَظِيمًا
яъни: “...Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир” (Аҳзоб сураси 5-оят).
Демак, бир қанча савоб ишлар қаторида қалби, тили ва аъзолари билан Аллоҳ таолони зикр қилувчиларга гуноҳларининг кечирилиши ва охиратда улуғ ажр – жаннат тайёрлаб қўйилган. (Тафсири Табарий китобидан). Аъзолар билан зикр қилиш – аъзоларни савоб амалларга ишлатишдир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом зикр қилувчи киши ва зикр қилмайдиган кишини қуйидагича тасвирлайдилар:
مَثَلُ الذي يَذْكُرُ رَبَّهُ وَالَّذِي لا يَذْكُرُ رَبَّهُ، مَثَلُ الْحَيِّ وَالْمَيِّتِ
( متفق عليه عن أبي موسى رضي الله عنه)
яъни: “Роббисини зикр қилувчи ва Роббисини зикр қилмайдиган кишининг мисоли худди тирик ва ўлик кабидир” (Муттафақун алайҳ).
Учинчидан, мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш сабабли қалб хотиржамлигига эришадилар. Шундан кейин улар дунёдаги синовларни осонлик билан енгадилар. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
الَّذِينَ آَمَنُوا وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُمْ بِذِكْرِ اللَّهِ أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ
яъни: “Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)” (Раъд сураси 24-оят).
Аллоҳ таолонинг зикри қалбга таскин олиб келиш билан қийинчиликни енгилликка, ғамни хурсандчиликка айлантирувчи ва неъматларни жалб қилувчидир. Ҳеч бир нарса Аллоҳ таолонинг зикри каби қийинчиликни даф қила олмайди. Пайғамбаримиз алайҳссалом маҳзун бўлганларида:
لا إلَهَ إلَّا اللَّهُ العَظِيمُ الحَلِيمُ، لا إلَهَ إلَّا اللَّهُ رَبُّ العَرْشِ العَظِيمِ، لا إلَهَ إلَّا اللَّهُ رَبُّ السَّمَوَاتِ ورَبُّ الأرْضِ، ورَبُّ العَرْشِ الكَرِيمِ
яъни: “Улуғ Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! Ҳалим Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! Осмонлар, ер ва Аршнинг Роббиси Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!”, деб дуо қилардилар.
Гоҳида Юнус алайҳиссаломнинг балиқ қорнида айтган зикрларини эслатиб, ким шу зикрни қилса, Аллоҳ таоло унинг ғамини кетказишини айтардилар:
لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ
яъни: “Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен айбу нуқсондан поксан! Мен ўзимга зулм қилувчилардан бўлдим”.
Мусъаб ибн Саъд разияллоҳу анҳудан, у киши отасидан бундай ривоят қиладилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. У Зот: “Сизлардан бирингиз ҳар куни мингта савобни қўлга кирита олмайдими?” – дедилар. Шунда У Зотнинг ҳамсуҳбатларидан бир киши: “Қандай қилиб бирортамиз мингта савобга эга бўлиши мумкин?” – деб сўради. “Юзта тасбеҳ айтади. Шунда унга мингта савоб ёзилади ва ундан мингта гуноҳ ўчирилади”, – дедилар. (Имом Табароний ривоятлари).
Демак, 1 марта “Субҳаналлоҳ” деган бандага 10 та савоб ёзилади ва ундан 10 та гуноҳ ўчирилади. Ваҳоланки, бунга 1 сония вақт кетади холос. Бундан Исломда савоб амал қилиш жуда ҳам осонлиги келиб чиқади. Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
مَنْ قَالَ: سُبْحَانَ اللهِ العَظِيمِ وَبِحَمْدِهِ غُرِسَتْ لَهُ نَخْلَةٌ فِي الجَنَّةِ
رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ جَابِرٍ رضي الله عنه
яъни: “Ким “субҳаналлоҳил азийм ва биҳамдиҳи” деса, унга жаннатда бир хурмо экилади”, – деганлар (Имом Термизий ривоятлари).
Ким ўзининг жаннатдаги боғида хурмолари кўп бўлишини истаса, мазкур ривоятда келган зикрни кўпроқ айтсин. Бу эса жуда ҳам осон. Бир дақиқанинг ўзида уни бир неча бор айтиш мумкин бўлади.
Азизлар! Мазкур зикр-тасбеҳлардан бошқа яна бир қанча зикрлар бор. Масалан, “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллоҳ”, “Аллоҳу акбар”, “Астағфируллоҳ”, “Саййидул истиғфор”, турли салавотлар ва бошқалар. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, зикрларнинг энг улуғи Қуръон тиловати бўлиб, ҳар бир мусулмон тиловати Қуръонга ваъда қилинган ажру савоблардан насибадор бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу кунда ўн икки минг марта, Холид ибн Марвон эса юз минг марта тасбеҳ айтар эди.
Бир киши дўстидан: “Уйингиздан ишхонангизга боргунча йўл қанча вақт олади?”, деб сўрабди. Дўсти: “Агар йўл тиқилинч бўлса, саккиз юзта тасбеҳни, агар йўл очиқ бўлса, икки юз элликта тасбеҳни олади”, деб жавоб берибди. Жавобнинг гўзаллигига қаранг!
Демак, шариатимиз зикр қилишга катта йўл очиб, юрганда ҳам, турганда ҳам, касб-ҳунар билан машғул бўлганда ҳам, улов минишда ҳам ва бошқа зикр қилишга имкон бўладиган ишлар билан машғул бўлганда ҳам, у билан машғул бўлишга рухсат берган. Ҳатто таҳоратсиз ҳолда ҳам зикр қилишга рухсат берилган. Аёллар узрли бўлган пайтларида таҳоратли ҳолатда юришларининг имкони йўқ. Шундай бўлсада, шариатимиз уларга бундай пайтларда Қуръон тиловатидан бошқа барча зикрларни қилишга рухсат берган. Шундай экан, мусулмон киши мазкур ҳолатларда ҳам зикр қилиб, катта ажру савобларга эришиши мумкин.
Хулоса шуки, Аллоҳ таолонинг розилигини топиш ва охиратда ютуққа эришиш мусобақасида ғолиб бўлувчилар Аллоҳ таолонинг зикрини кўп қилувчи мўмин ва мўминалардир. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: “Муфарридлар пешқадам бўлдилар”. “Эй, Аллоҳнинг Расули! Муфарридлар кимлар?”, дейишди. У Зот алайҳиссалом: “Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчи эркак ва аёллар”, – деб жавоб бердилар.
Аллоҳ таоло барчамизни кўп зикр қилувчи бандаларидан қилиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин! Омин!
Эслатма: Ҳурматли имом-домла! Намозларни очиқ майдонда, барча карантин қоидаларига амал қилган ҳолда адо этилиши ҳамда жума хутбаси, дуолари ва қироатларининг мухтасар бўлишини таъминлашингизни сўраймиз!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръони Каримнинг учинчи сураси Оли Имрон бўлиб, у Мадинада нозил бўлган, икки юз оятдан иборат. Сура Оли Имрон деб номланишига сабаб унда Имрон ва унинг шарафли оиласи ҳақидаги қисса келган. Оли Имрон – «Имроннинг оиласи» деганидир. Имрон – Марямнинг отаси (Исо алайҳиссаломнинг бобоси)дир.
Қуръони Карим сура ва оятлари мавзу жиҳатидан учга бўлинади: тавҳид – Аллоҳнинг ягона илоҳлиги, шариат ҳукмлари ва тарихий қиссалар. Бу сурада барча мавзулар баён қилинади.
Сура аввалида Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқлиги, У абадий тирик ва қаййум зотлиги зикр қилиниб, Қуръони Каримни ҳақиқатан ўзидан олдинги илоҳий китобларни тасдиқловчи китоб этиб нозил қилингани, осмонлару ердаги барча нарсалар Аллоҳнинг мулки эканлиги ва уларнинг ҳаракати яратганнинг изнида эканлиги баён қилинади.
Сурада диннинг асосларидан бўлган ақида масаласига алоҳида урғу берилиб, Аллоҳнинг бирлиги ва ягона илоҳ эканлигига, фаришталарига, пайғамбарлар ва уларга юборилган китобларга иймон келтириш, Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилиш лозимлиги, Аллоҳнинг ҳақ динидан бошқа дин йўқлиги, ким ислом динидан ўзга динни танласа, унинг қилган барча амал ва ибодатлари қабул қилинмаслиги, охиратда эса зиён кўрувчилардан бўлиши айтилади.
Сурада Аллоҳ таоло “Ҳаммангиз Аллоҳнинг арқони (Қуръони)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг...” каби оятлари орқали мумулмонларга Қуръони каримни маҳкам тутишни, унга амал қилишни, сабрли ва бағрикенг бўлишни, барчани яхшиликка буюриб ёмонликдан қайтаришни, яхшилик йўлида бирлашишни, турли фирқаларга бўлинмаслик ва ихтилофларга сабабчи бўлмасликни амр қилади. Аллоҳнинг берган неъматларини доимо ёдда тутиш ва Унга шукр қилиш зарурлигини, осмонлар ва ердаги яратилган нарсаларни кўриб тафаккур қилишликни таълим беради.
Ушбу сурада одамларга аёллар, фарзандлар, уюм-уюм олтин-кумушлар, саман отлар, чорва моллари, экинлар, умуман дунёга нисбатан меҳр қўйиш зийнатли қилиб қўйилгани, аслида булар дунё ҳаётининг ўткинчи матоҳи эканлиги, Аллоҳнинг ҳузурида эса бунданда чиройли жой - жаннат борлиги, тақводорлар учун Аллоҳнинг ҳузурида остидан анҳорлар оқиб турадиган, абадий яшаладиган жаннат боғлари, пок жуфтлар ва Аллоҳ тарафидан ризолик каби улкан мукофотлар борлиги баён қилинади.
Шунингдек, сурада Аллоҳ таоло тақводорларни шундай сифатлар билан мадҳ этади: «Улар фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар» (134-оят).
«Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) «Эй, Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!» (191-оят).
Ушбу сурада осмонлару ердаги бор нарсалар Аллоҳ таолонинг мулки эканлигини бир неча бор такрорлаб, Ўзи хоҳлаган кишига мулк бериши, ҳоҳлаган кишидан мулкни тортиб олиши, Ўзи ҳоҳлаган кишини ҳидоятга бошлаб мағфират қилиши, хоҳлаган кишини золимлардан қилиб жазолашини баён қилиб, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзах азобидан паноҳ сўрашликни таъкидлайди ва бизга чиройли дуолар қилишни ўз оятлари ила ўргатади:
«Эй, Раббимиз, бизни ҳидоят йўлига солганингдан кейин дилларимизни (тўғри йўлдан) оғдирма ва бизга ҳузурингдан раҳмат ато эт! Албатта, Сен Ваҳҳоб (барча неъматларни текин ато этувчи)дирсан» (8-оят).
«Эй, Роббимиз, бизлар Сенга имон келтирганмиз, бизнинг гуноҳларимизни кечир ва бизни дўзах азобидан асра!» (16-оят).
«Эй, Раббимиз! Биз «Раббингизга имон келтиринг!» деб, имонга чорлаган жарчи (Муҳаммад)ни эшитдик ва дарҳол унга имон келтирдик. Эй, Раббимиз! Бизнинг гуноҳларимизни кечир, хатоларимизни ўчир ва бизларни солиҳ кишилар қаторида вафот эттир!» (193-оят).
Сурада Имрон оиласи ҳақидаги қисса шундай келтирилади:
Имрон Бани Исроил қавми ичида энг обрўли ва тақводор кишилардан бири бўлган. Унинг хотини Ҳанна ҳам тақводор ва ибодатгўй аёл бўлиб Аллоҳ таолодан доимо фарзанд беришини сўраб дуо ва илтижолар қиларди. Аллоҳ таоло уларга фарзанд неъматини бергач, у ҳомиладорлик вақтида: «Эй, Раббим, мен қорнимдаги ҳомилани дунё ишларидан озод этиб, Сенга назр қилдим, назримни қабул айла! Албатта сен эшитгувчи, билгувчисан», деб дуо қилади. Чақалоқ туғилгач: «Парвардигор, мен қиз туғдим, унга Марям деб исм қўйдим. Мен Сендан бу қиз ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман», деб дуо қилади.
Ҳанна Марямни ибодатхонага олиб бориб беради ва уни тарбиялаш учун ўша ибодатхона роҳибларидан бири бўлган Закариё пайғамбарга топширади. Закариё Марям тарбиясини ўз зиммасига олади, ибодатхонада алоҳида махсус жой тайёрлаб беради ва хабар олиш учун унинг олдига тез-тез келиб туради. Закариё ҳар сафар Марямнинг хонасига кирганда, Марям олдида қишда ёз меваларини, ёзда қишда бўладиган ноз-неъматларни кўрар эди. Закариё: «Эй, Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?» – деб сўраса, Марям: «Булар Аллоҳ ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур», – деб жавоб берар эди.
Закариё Марям ҳаётидаги мўжизаларни кўриб Аллоҳ таолога дуо қилиб деди: «Парвардигорим, менга ҳам ўз ҳузурингдан покиза зурриёт - фарзанд ҳадя этгин! Албатта сен дуо-илтижоларимни эшитгувчисан». Аллоҳ таоло унинг дуосини ижобат қилди. Закариё ва хотини кекса бўлишига қарамасдан Аллоҳ таоло уларга Яҳё исмли солиҳ пайғамбарни ўғил қилиб берди. Яҳё алайҳиссалом ўз халқини ҳидоятга чорловчи пайғамбарлардан бири бўлди.
Марям Аллоҳ таолога жуда кўп ибодат қилар эди. Шу сабабдан ҳам Аллоҳ таоло уни аёлларнинг энг афзалларидан бири қилиб танлаб олди ва унга Исо Масих ибни Марям исмли солиҳ пайғамбарни ўғил қилиб берди.
Шунингдек, сурада Исо алайҳиссаломнинг Марям онамиздан Аллоҳнинг амри билан отасиз дунёга келиши, Марям онамизнинг поклигини исботлаш учун у одамларга гўдаклик чоғида гапириб гувоҳлик бериши, Аллоҳ таоло изни билан ўликларни тирилтириши, лойдан қуш ясаб унга дам урса қушга жон кириб учиб кетиши, туғма кўр одамни кўзини силаса кўриши, пес касаллигини тузатиши каби мўжизаларни берилгани келтирилади. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга ёзишни, илму-ҳикматни, Таврот ва Инжилни таълим бергани келтирилади.
Ушбу сурада аҳли китобларнинг насоро тоифаси ҳақида кенг сўз юритилиб, уларнинг Марям онамиз ва Исо алайҳиссалом ҳақидаги нотўғри ақийдаси ва гумонларига раддиялар берилади. Улар муқаддас илоҳ эмас, балки Аллоҳ таоло макаррам қилиб яратган бандаларидан бири эканлигини таъкидлайди.
Шунингдек, Сурада ҳижратнинг иккинчи йилида бўлиб ўтган Бадр жанги, учинчи йилидаги Уҳуд жанги ва ундан кейинги даврдаги мусулмонлар ҳаётидан лавҳалар келтирилиб, ушбу воқеаларга муносабат билдирилади ҳамда ҳукмлар баён қилинади.
“Бадр” Мадина шаҳрининг жануби-ғарбий ҳудудидаги жой номи бўлиб, ҳижратнинг иккинчи йили Макка мушриклари билан мусулмонлар ўртасида жанг бўлган. Бадр жангида мушриклар сони мингга яқин бўлган, мусулмонлар сони эса уч юздан ортиқ бўлишига қарамасдан Аллоҳ таоло уларга нусрат бериб мушриклар устидан ғалаба қозонади.
Уҳуд жангида дастлаб ғалаба мусулмонлар томонда бўлади, аммо жанг якунига етай деганда камончи мусулмонлар пайғамбар алайҳиссалом буйруғига итоат этмай ўлжа илинжида жанг охиригача туриши лозим бўлган жойларини тарк этади. Ушбу бўш қолган жойдан отлиқ мушриклар кириб келиб мусулмонларни қуршовга олади, уларга катта талофат етказиб мағлуб этишади. Ушбу қиссалардан ибрат олган ҳолда Аллоҳ таолога ибодат қилиш ва унинг пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга эргашиш фақат яхшиликларга эришишимизга сабаб бўлиши, аксинча, уларга итоат этмаслик дунё ва охират азобларига дучор бўлишимиздан огоҳлантиради.
Ушбу сура фазилати ҳақида ҳадисларда қуйидагилар баён этилган:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон ўқинглар. Чунки у қиёмат куни ўз аҳлига шафоатчи бўлади. Икки ёритувчи нур – Бақара билан Оли Имрон сурасини ўқинглар. Иккиси қиёмат куни икки булут (икки соябон) ёки бир гуруҳ қушлар шаклида келиб соҳиблари ҳожатини чиқаради (ёки соясига олади). Бақара сурасини ўқинглар. Уни олиш (ўқиш, ёд олиш, амал қилиш) барака, тарк этиш ҳасратдир. Унга сеҳргарлар қодир бўла олмайди», деганлар (Имом Муслим, Имом Доримий, Имом Аҳмад, Имом Ҳоким, Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Уламолар тавсиясига кўра, мана шу икки сурани ўқиш ва унга амал қилишдан ҳосил бўладиган ажр-савоб қиёмат куни булут шаклида келиб бандага соябон бўлади ва жаннатга киришига сабаб бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни Оли Имрон сурасини ўқиса, Аллоҳ ва фаришталари кун ботгунича унга салавот айтадилар», деганлар (Имом Табароний ривояти).
Язид ибн Асвад айтадилар: «Ким кундузи Бақара ва Оли Имрон сурасини ўқиса, кеч киргунча нифоқдан саломат бўлади. Ким уларни кечаси ўқиса, тонг отгунча нифоқдан сақланади» (Саъийд ибн Мансур, Байҳақий ва Абу Убайд ривояти).
Каъб ибн Моликдан ривоят қилинади: «Ким Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқиса, иккиси қиёмат куни келиб: «Парвардигоро, бу банда учун азоб-уқубатга йўл йўқ!» дейди.
Оиша онамиздан ривоят қилинади: «Ким еттита узун сураларни ёдласа, у олимдир» (Имом Аҳмад ва имом Ҳоким ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллаҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ким Оли Имрон сурасини ўқиса у бойдир» (Доримий ва Абу Убайд ривояти).
«Ким Оли Имрон сурасининг 190-200 оятларини кечқурун ўқиса, ушбу оятларни тафаккур ва тадаббур қилса, унга бутун тунни ибодат билан ўтказганлик савоби берилади» (Доримий ривояти).
Қуръони карим тақводорлар учун ҳидоят ва насиҳат манбайидир. Уни ўрганган инсон илм билан бойийди, гўзал хулқ билан зийнатланади, Аллоҳнинг махлуқотларини кўриб тафаккур қилади, беҳисоб берилган неъматларга шукр қилади. Ушбу сурани ўқиш, тафсирини ўрганиш, унинг оятлари маъносини тафаккур ва тадаббур қилиш, унга ихлос билан амал қилиш ҳамда суранинг улуғ фазилатларига эга бўлишни Аллоҳ таоло барчамизга насиб қилсин.
“Тафсири ҳилол”, “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”
ва бошқа манабалар асосида Дилшоджон МАМАДАЛИЕВ тайёрлади.