Инсон Аллоҳнинг суйган қули бўлиши учун нима қилиши керак? Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси қудсийда билдириладики, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳу таоло айтадики, «Ҳеч бир бандам унга фарз қилинган нарсалардан кўра севимлироқ нарса билан Менга яқинлаша олмайди. Бандам Менга нафл ибодатлари билан ҳам яқинлашади. Ниҳоят Мен уни севаман». Яъни Ҳазрати Мавлога етишиш сари йўналади. «Ҳатто уҳиббаҳу». Ниҳоят мен у қулимни севаман. Нафл ибодатларини қилавериб яқинлашганда, ниҳоят Аллоҳ у қулини севади... Севилдими, у қул авлиё бўлади, кароматларга, фазилатларга эга бўлади.
Аллоҳ ризосига эришишнинг энг қисқа, энг савобли йўли зикрдир.
Шунинг учун тариқатда зикр вазифаларини бажарасизлар.
– Бошқалар қилмайди, бошқалар тарк этади, намоз ўқимайди, бошқалар унақа, бошқалар бунақа демайсизлар.
Бизга бошқалар керак эмас, бизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кераклар! Биз учун авлиёуллоҳнинг тушунчаси, олимларнинг сўзи муҳим. Бошқалар, ёмон одамлар ўрнак бўлолмайди, яхши одамлар ўрнак бўлиши керак!
Ҳатто «Мажалла» деган Усмонийларнинг катта ҳуқуқ асарларидан бирида айтилганки: «Ботил мокисун ъалайҳ», яъни ботил ўрнак бўлмайди.
– Тақсир, фалончи бундай қилади, мен ҳам шундай қилсам...
Яхшию лекин унинг қилгани зотан ботил-да! Сен у ботилни нима учун ўрнак қилиб олаяпсан? У ўрнак бўла олмайди. Сен: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қилган, мен ҳам шундай қиламан», – деб айтгин ва қилгин!
Ботил ўрнак бўла олмайди, ҳақ ўрнак бўла олади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган бўлсалар, сен ҳам қил. Лекин Шайтон қилган бўлса, сен қилма! Шайтоннинг қилгани ўрнак бўлмайди. Шайтон: «Мен ундан яхшироқман», – деб Одам алайҳиссаломга сажда қилмаган. Аллоҳ ҳам уни жаннатдан қувди... Демак, Шайтоннинг қилганини қилмаслик учун, кибрланмаслигинг керак! Кибр шайтоннинг ахлоқидир, кибрланма, Шайтоннинг қилганини қилма!
Ҳар кунги зикр вазифаларингиз бўлади. Нега ҳар кун? – Чунки, зикр дарвешнинг озуқасидир. Дарвеш зикрдан маънавий озуқа олади. Инсон овқат билан қувватланганидек, озиқ олганидек, дарвеш ҳам зикр билан қувватланади, озиқланади.
– Қачон зикр қилишимиз мумкин?
– Ҳар доим, ҳар вақт қила оласизлар. Зикрнинг мажбурий бир вақти бўлмаганидек, қилиниши мумкин бўлмаган вақти ҳам йўқ.
Куннинг исталган вақтида қила оласиз. Ишингизни битириб: «Мана ишим ҳам битди, энди чеккага ўтириб, зикримни ҳам бажарай», – деган вақтингиз бемалол бажаришингиз мумкин.
– Менинг ҳеч ўтирадиган ҳолим йўқ. Қари онам, отам бор, учта болам бор, уй ишлари бор, кўп ишлайман. Кечга бориб чарчаб қоламан.
– Бўпти, ундай бўлса вазифани йўл-йўлакай бажар. Ўтириб қилолмасанг, иш жараёнида юриб айтишинг мумкин-ку?
– Меҳмонхонада, дам олиш хонасида ўтира олмайман... Умуман вақт топ, қил! Картошка арчганингда, помидор тўғраганингда қил...
Ҳатто ўтган куни бу ерга бир бўёқчи келди, қўлига чўткасини олиб, қўшиқ айтиб бўяй бошлади. У қўшиқ айтиб иш қилаяпти, сен нега зикр айтиб ишингни қила олмайсан?
Ҳатто зикр қилиб овқат пишир. Зикрли овқатнинг файзу баракаси ҳам кўп бўлади. Еганга ҳам фойдаси бўлади. Хуллас, зикр қилиб пишир...
Ҳар доим зикр қилиш мумкин, баҳонага ўрин йўқ. Бешта ёки тўққизта боланг бўлса ҳам, суткаси билан – 24 соат ишласанг ҳам орада зикр қилишинг мумкин.
"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ўлим бир эшик. Барча инсонлар ундан ўтади. Эҳ кошки, бу эшикка киргандан кейин менинг уйим қанақалиги маълум бўлса?!
Биродар! Қаранг, қабрдагилар бир-бирларига жуда яқин ётишибди. Лекин улар сиртдан яқин қўшни. Аслида эса, бир-бирларининг ёнига ҳам бора олмайдилар.
Усмон розияллоҳу анҳу қачон қабр ёнидан ўтсалар, шу даражада йиғлар эдиларки, соқоллари кўз ёшларидан ҳўл бўлиб кетарди.
У кишидан: "Сиз нега жаннат ва дўзахни эсга олганингизда йиғламайсиз. Лекин қабрни кўриб йиғлайсиз?" деб сўрашди. У киши шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қабр охиратнинг илк манзилидир", деганлар. Шунга кўра, агар маййит қабрдаги азобдан нажот топса, ундан кейинги ҳаёт осон бўлади. Агар қабрдаги азобдан нажот топа олмаса, у ҳолда ундан кейинги ҳаёт қийин бўлади.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мен қабрдан кўра дахшатлироқ бирор манзарани кўрмадим", деганлар.
Биз учун бу қабрларда ибрат йўқми? Қаранг, бой ҳам, фақир ҳам, зўравон ҳам, кучсиз ҳам, оқ танли ҳам, қора танли ҳам, подшоҳ ҳам, фуқаро ҳам барча баробар ётибди. Улар дунёга қайтишни хоҳлайдилар. Бойлик жамлаш ёки қаср қуриш учун эмас, балки, кошки мен бир намоз ўқиш учун муҳлат топсам, кошки бизга бир мартагина "Субҳаналлоҳ" дейиш учун фурсат берилса, деб, шу амалларни қилиш учун дунёга қайтишни хоҳлайдилар. Лекин энди иложи йўқ. Номаи аъмол ёпилиб бўлди. Руҳ жисмдан чиққан. Ҳаёт муҳлати тугаб бўлган. Энди ҳар бир маййит ўз амалининг гарови ўлароқ қабрида ётибди...
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан