Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Январ, 2025   |   6 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:34
Аср
15:28
Шом
17:12
Хуфтон
18:31
Bismillah
06 Январ, 2025, 6 Ражаб, 1446

25.06.2021 й. Юсуф алайҳиссалом қиссасидан ибратлар

23.06.2021   3590   14 min.
25.06.2021 й. Юсуф алайҳиссалом қиссасидан ибратлар

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ، نَبِيِّ الرَّحْمَةِ وَرَسُولِ السَّلاَمِ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحَابَتِهِ الْكِرَامِ، أَمَّا بَعْدُ

ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМ ҚИССАСИДАН ИБРАТЛАР

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло инсониятни яратгандан бери уларга ўзини танитиш ва ҳидоятга бошлаш учун кетма-кет пайғамбарлар ва илоҳий китоблар жўнатиб турган. У Зот ўзининг комил ҳикмати ила Исломни – охирги дин, Пайғамбаримизни – охирги Расул, Қуръонни – охирги китоб қилди. Қуръони карим Қиёматгача инсониятга тўғри йўлни кўрсатувчи йўлбошчидир. Уламоларимиз Қуръон ўз ичига асосан учта катта мавзуни ўраб олганини айтадилар: эътиқодий масалалар, диний ҳукмлар ва ўтган қавмларнинг қиссалари. Қуръони каримда биздан аввалги ўтган баъзи қавмлар ва шахсларнинг амаллари мақталса, баъзиларининг қилган ишлари ёмонланади. Ҳар иккисида ҳам биз учун кўплаб ибратлар бор. Мақталганларидан ўрнак олишимиз, ёмонланганларнинг амалларидан сақланишимиз даркор!

Маълумки, Қуръони карим қиссалари ичида энг чиройлиси Пайғамбар Юсуф алайҳиссалом қиссасидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

      نَحْنُ نَقُصُّ عَلَيْكَ أَحْسَنَ الْقَصَصِ بِمَا أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ هَذَا الْقُرْآَنَ وَإِنْ كُنْتَ مِنْ قَبْلِهِ لَمِنَ الْغَافِلِينَ

яъни: “Биз Сизга ушбу Қуръон (сураси)ни ваҳий қилишимиз билан бирга гўзал қиссани айтиб берурмиз. Сиз эса, (эй, Муҳаммад!) ундан (ваҳийдан) олдин бехабарлардан (бири) эдингиз” (Юсуф сураси 3-оят).

Бу қиссанинг бошқаларидан фарқи сура тўлиғича Юсуф алайҳиссаломнинг бошидан кечирган воқеаларга бағишланган. Бунинг устига сурада қизиқувчилар учун кўплаб ибратлар бор. Қуръони каримда шундай дейилади:

 لَقَدْ كَانَ فِي يُوسُفَ وَإِخْوَتِهِ آَيَاتٌ لِلسَّائِلِينَ

яъни: “Ҳақиқатан, Юсуф ва (унинг) биродарлари (қиссаси)да сўровчилар учун аломатлар бордир” (Юсуф сураси 7-оят).

Мазкур сура Маккада, Пайғамбаримиз алайҳиссалом учун оғир синовлар бўлган паллаларда нозил бўлган. Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломнинг машаққатли синовларни босиб ўтишлари ва натижада нажот топишларини эслатиш билан  Пайғамбаримиз алайҳиссаломга кучли тасалли берди. Охир-оқибат У Зот алайҳиссаломнинг ҳам ишлари нажот топиши, Ислом ер юзига тарқалиши хушхабарини берди.

Сурани ўқиш асносида қуйидаги ибратларга дуч келамиз:

  1. Сир сақлаш. Юсуф алайҳиссалом оталари Яқуб алайҳиссаломга ажойиб туш кўрганини айтганларида, У Зот одатда ёш болалар бундай туш кўрмаслиги, бу туш келажакда Юсуф алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлишига башорат эканини билдилар. Ўзи бусиз ҳам Юсуф алайҳиссаломга ҳасад қилиб юрадиган акаларидан, душманлиги ортиб кетмаслиги учун, бу тушни сир сақлашни буюрдилар:

 إِذْ قَالَ يُوسُفُ لِأَبِيهِ يَا أَبَتِ إِنِّي رَأَيْتُ أَحَدَ عَشَرَ كَوْكَبًا وَالشَّمْسَ وَالْقَمَرَ رَأَيْتُهُمْ لِي سَاجِدِينَ 

яъни: “Эсланг, Юсуф (ўз) отасига (Яъқубга) деди: “Эй, отажон! Мен (тушимда) ўн битта юлдуз, Қуёш ва Ойнинг менга сажда қилаётган ҳолларида кўрдим”” (Юсуф сураси 4-оят).

 قَالَ يَا بُنَيَّ لَا تَقْصُصْ رُؤْيَاكَ عَلَى إِخْوَتِكَ فَيَكِيدُوا لَكَ كَيْدًا إِنَّ الشَّيْطَانَ لِلْإِنْسَانِ عَدُوٌّ مُبِينٌ 

яъни: “(Отаси) айтди: “Эй, ўғилчам! Тушингни биродарларингга сўзлаб бермагин! Акс ҳолда сенга қаттиқ макр қилишади. Зеро, шайтон инсонга аниқ душмандир”” (Юсуф сураси 5-оят).

Демак, бундан келиб чиқадики, инсон ўрни келганда сир сақлашни ҳам билиши зарур. Хусусан, оилавий сирлар ёки ўзга мўмин-мусулмонларнинг бизга ишониб айтган сирларига омонатдор бўлишимиз керак бўлади.

  1. Ҳасаддан сақланиш. Ҳасад шундай ёмон иллатки, ҳатто у Яъқуб алайҳиссалом оиласида тарбия кўрган кишилар – Юсуф алайҳиссаломнинг ўгай акаларини ҳам четлаб ўтмади. Ҳасад сабабли улар Аллоҳ таолонинг Пайғамбари Яъқуб алайҳиссаломни айблашди. Юсуф алайҳиссаломни жонига қасд қилишди. Қуръони каримда улар ҳақида шундай дейилган:

إِذْ قَالُوا لَيُوسُفُ وَأَخُوهُ أَحَبُّ إِلَى أَبِينَا مِنَّا وَنَحْنُ عُصْبَةٌ إِنَّ أَبَانَا لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ

яъни: “Ўшанда (акалари) айтдилар: “Юсуф ва унинг укаси (Бинямин) отамизга биздан кўра суюклироқдир. Ваҳоланки, биз бир тўп (кўпчилик)миз. Ҳақиқатан, отамиз аниқ гумроҳлик узрадир”” (Юсуф сураси 8-оят).

 Лекин Юсуф алайҳиссаломдаги фазилатлар Аллоҳ таоло томонидан ато қилинган фазилат эканини кўра олмадилар. Нима бўлганда ҳам, Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси устун келувчидир. Ҳасадгўй ҳеч қачон муродига етмайди, у ўзини-ўзи еб битиради. Ниҳояда барибир Юсуф алайҳиссалом пайғамбарлик мартабаси ва одамлар орасида шараф ва иззатга эга бўлдилар. Акалари эса қилмишларига пушаймон ва айбларига иқрор бўлиб, тавба тазарру қилдилар.   

  1. Тўғри йўлдан адаштирувчи амаллардан четланиш. Инсонни ҳақдан тойдирувчи амаллардан узоқ бўлиш, уларга киришмаслик вожибдир. Юсуф алайҳиссаломни Миср азизининг хотини зинога чорлаганда ундан четландилар, гуноҳга қўл урмадилар. Юсуф алайҳиссалом қийин имтиҳондан ўтдилар: чиройли, мансабдор ва хўжайин хотин зинога чорласада, кучли имонлари сабабли, гуноҳдан воз кечдилар, шариатда собит турдилар. Аллоҳ таолодан бу фитнани кетказишни сўраб дуо қилдилар. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилади:

 وَرَاوَدَتْهُ الَّتِي هُوَ فِي بَيْتِهَا عَنْ نَفْسِهِ وَغَلَّقَتِ الْأَبْوَابَ وَقَالَتْ هَيْتَ لَكَ قَالَ مَعَاذَ اللَّهِ

إِنَّهُ رَبِّي أَحْسَنَ مَثْوَايَ إِنَّهُ لَا يُفْلِحُ الظَّالِمُونَ

яъни: “У (Юсуф) уйида бўлган аёл (Зулайхо) ундан нафсини (қондиришини) талаб қилди ва эшикларни қулфлаб: “Қани кел!” – деди. (Юсуф) деди: “Аллоҳ сақласин! Ахир, у (эринг) хожам-ку?! Менга яхши жой берган бўлса?! Золимлар, зотан, нажот топмаслар”” (Юсуф сураси 23-оят). Оятдаги "золимлар"дан мурод хоинлар ёки зинокорлардир.

  1. Тўғри йўлга эргашиш. Аллоҳ таолонинг розилиги ва унинг жаннатига етакловчи ҳақ йўлга эргашиш, У Зотнинг ғазаби ва азобига дучор қиладиган ишлардан сақланиш вожибдир. Бу нарса Юсуф алайҳиссаломнинг зино қилишдан ва саройдаги аёлларнинг чақириғига юргандан кўра машаққатли бўлсада зиндонни танлаганларида кўринади. Қуръони каримда Юсуф алайҳиссаломнинг сўзлари шундай келтирилади:

 قَالَ رَبِّ السِّجْنُ أَحَبُّ إِلَيَّ مِمَّا يَدْعُونَنِي إِلَيْهِ وَإِلَّا تَصْرِفْ عَنِّي كَيْدَهُنَّ أَصْبُ إِلَيْهِنَّ وَأَكُنْ مِنَ الْجَاهِلِينَ 

яъни: “(Юсуф) деди: “Эй, Раббим! Менга таклиф этишаётган нарсадан кўра зиндон маъқулроқдир. Агар уларнинг макрларини мендан дариғ тутмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қолурман” (Юсуф сураси 33-оят).

  1. Ҳақ йўлда сабр ва сабот кўрсатиш. Юсуф алайҳиссалом катта қийинчиликларни бошидан кечирдилар: акалари қудуққа ташлаб кетишди, У Зотни карвон аҳли қудуқдан чиқариб олиб, Мисрда қул қилиб сотишди, Миср азизининг хонадонида аёллар макрига ва туҳматига учраб, бир неча йил зиндонда ётдилар. Бу қийинчиликларни Аллоҳ таолонинг синови деб билганлари сабабли, бир неча йиллардпн кейин ҳасадгўй акаларига дуч келганларида ҳам, уларга яхши муомала қилдилар. Уларнинг қилмишларини кечирдилар. Мана шу бағрикенглик барчамизга катта ибратдир.

Яна бу қийинчиликлар У Зотни ҳақ йўлдан, пайғамбарлик вазифасини бажаришдан тўса олмади. Ҳатто зиндонда икки ҳамроҳлари туш таъбирини сўрашганда, уларга аввал Аллоҳ таолони танитишдан гап бошлаб, диннинг моҳиятини баён қилдилар:

 يَا صَاحِبَيِ السِّجْنِ أَأَرْبَابٌ مُتَفَرِّقُونَ خَيْرٌ أَمِ اللَّهُ الْوَاحِدُ الْقَهَّارُ 

яъни: “Эй, икки ҳамзиндонларим! Турли-туман “илоҳлар” яхшими ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми?” (Юсуф сураси 39-оят).

  1. Одамлардан ёрдам сўраш. Ўзидан зарар ва зулмни кўтариш учун одамлардан ёрдам сўраш жоиздир. Юсуф алайҳиссалом имонлари комил зот эдилар, шу билан бирга зиндондаги ҳамроҳларидан зулм ва туҳматдан қутилиш учун ёрдам сўрадилар:

 وَقَالَ لِلَّذِي ظَنَّ أَنَّهُ نَاجٍ مِنْهُمَا اذْكُرْنِي عِنْدَ رَبِّكَ  

яъни: “Икковидан халос топувчи деб ҳисоблаган (соқийга Юсуф): «Хожанг (Миср шоҳи) ҳузурида менинг тўғримда гапир!» – деди...” (Юсуф сураси 42-оят).

Натижада бир неча йиллардан кейин, подшоҳнинг тушини таъбир қилиш керак бўлганда, ўша киши Юсуф алайҳиссаломни эслайди ва У Зотни зиндондан чиқишига сабаб бўлади. Лекин ёрдам сўраш савоб-эзгу ишларда бўлиши керак, гуноҳ ишларда эмас!

  1. Ўзини туҳматдан поклаш. Инсон ҳаёти давомида учраган туҳматлардан ўзини поклаши керак бўлади. Юсуф алайҳиссалом сарой аёлларининг макри ва бўҳтон билан зиндонга тушиб қолдилар. Вақти келиб подшо У Зотни ҳузурига чақиртирди. Зиндондан чиқиш пайтида, У Зотни халқнинг олдида зино туҳматидан пок эканини эълон қилишларини талаб қилдилар. Натижада ҳақиқат юзага чиқди, Подшоҳнинг суриштируви сабабли Юсуф алайҳиссаломни зинога чорлаган Миср азизининг хотини айбига иқрор бўлди ва Юсуф алайҳиссалом туҳматлардан пок бўлиб зиндондан чиқдилар.

 ذَلِكَ لِيَعْلَمَ أَنِّي لَمْ أَخُنْهُ بِالْغَيْبِ وَأَنَّ اللَّهَ لَا يَهْدِي كَيْدَ الْخَائِنِينَ 

яъни: “(Шундан кейингина Юсуф деди): “Буни мен (Миср азизи) ғойиблигида унга хиёнат қилмаганимни ва Аллоҳ (Зулайхо ва аёллардек) хиёнатчилар макрини раво қилмаслигини (Азиз ёки шоҳ) билиши учун (қилдим)” (Юсуф сураси 52-оят).

  1. Хотиржамлик, кенгчилик – синов имтиҳонлардан кейиндир. Юсуф алайҳиссалом кўп аламли синовларни имон қуввати ва сабр билан енгиб ўтдилар. Синовлар изидан кенглик келди. Мисрда азиз инсонга айландилар, подшоҳнинг яқин одамларидан бўлиб, унинг хазинасини бошқарувчи бўлдилар. Ояти каримада шундай дейилади:

 وَقَالَ الْمَلِكُ ائْتُونِي بِهِ أَسْتَخْلِصْهُ لِنَفْسِي فَلَمَّا كَلَّمَهُ قَالَ إِنَّكَ الْيَوْمَ لَدَيْنَا مَكِينٌ أَمِينٌ  

яъни: “Шоҳ: «Уни ҳузуримга келтирингиз, уни ўзимга хос кишилардан қилиб олай!» – деди. У билан сўзлашгач (шоҳ): «Сен бугун(дан бошлаб) бизнинг ҳузуримизда мартабали ва ишончли (шахс)дирсан», – деди(Юсуф сураси 54-оят).

  1. Эҳтиёж туғилганда инсон ўз қобилиятини маълум қилиши. Шариатимиз мусулмонларни ҳеч бир эҳтиёжсиз ва сабабсиз ўзини мақташдан қайтаради. Лекин бирор масъулиятли вазифага номзод танланаётган вақтда ўша ўринга лойиқ киши ўзининг илмий ва амалий салоҳиятини баён қилиши жоиздир. Ҳатто баъзи ўринларда ундан кўра лойиқ киши топилмаса, шу вазифани зиммасига олиш шарт бўлиб қолади. Юсуф алайҳиссалом Миср хазинасини бошқаришга ўзлари лойиқ эканлари, бунга иқтидорлари етишини подшоҳга айтдилар. Натижада У Зот Мисрни етти йиллик қурғоқчилик даврида очарчиликдан сақлаб қолдилар. Нафақат Миср, балки ён атрофдаги одамларга ҳам ёрдам кўрсатдилар. У Зотни қудуққа ташлаган акалари ҳам буғдой сўраб Мисрга келишади ва Юсуф алайҳиссаломга йўлиқишади. Қуръони каримда шундай дейилади:

 قَالَ اجْعَلْنِي عَلَى خَزَائِنِ الْأَرْضِ إِنِّي حَفِيظٌ عَلِيمٌ 

яъни: (Юсуф) деди: Мени шу ернинг хазинабони қилиб қўй! Зеро, мен (омонатни) сақловчи ва (ўз ишини пухта) билувчидирман(Юсуф сураси 55-оят).

  1. Кўз тегиши ҳақдир. Пайғамбарлар – одамлар орасида энг кўп Аллоҳ таолога таваккул қилувчи зотлардир. Шу сабабли бу қиссадан биламизки, кўз тегишига қарши чораларни кўриш таваккулга зид бўлмаган, жоиз ишдир. Қуръони каримда Яъқуб алайҳиссаломнинг фарзандларига кўздан сақланиш учун қилган тавсияси шундай ифодаланади:

 وَقَالَ يَا بَنِيَّ لَا تَدْخُلُوا مِنْ بَابٍ وَاحِدٍ وَادْخُلُوا مِنْ أَبْوَابٍ مُتَفَرِّقَةٍ وَمَا أُغْنِي عَنْكُمْ مِنَ اللَّهِ مِنْ شَيْءٍ إِنِ الْحُكْمُ إِلَّا لِلَّهِ عَلَيْهِ تَوَكَّلْتُ وَعَلَيْهِ فَلْيَتَوَكَّلِ الْمُتَوَكِّلُونَ 

яъни: “(Сўнгра уларни сафарга кузатаётиб) айтди: “Эй, ўғилларим! (Мисрга) бир дарвозадан кирмангиз, балки турли хил дарвозалардан кирингиз! Мен сизлардан Аллоҳнинг бирор ҳукмини қайтара олмайман. Ҳукм фақат Аллоҳнинг измидадир. Унгагина таваккул қилдим. Барча таваккул қилувчилар (ҳам) Унинг Ўзигагина таваккул қилсинлар!”” (Юсуф сураси 67-оят).

  1. Мусулмоннинг ҳаётида дуонинг муҳимлиги. Дуо – ибодатнинг асосидир! У банданинг Роббига қанчалик боғлиқлигини кўрсатиб туради. Юсуф алайҳиссалом Аллоҳ таолога кўп дуо қилдилар, бошларига тушган ҳар бир машаққатда Аллоҳ таолога дуо билан боғландилар. Аёлларнинг макрига учраганда, бу балони даф қилишни сўраб дуо қилдилар. Аллоҳ У Зотга кенгчилик берганида, илм ва имон билан сийлаганида шундай дуо қилдилар:

 رَبِّ قَدْ آَتَيْتَنِي مِنَ الْمُلْكِ وَعَلَّمْتَنِي مِنْ تَأْوِيلِ الْأَحَادِيثِ فَاطِرَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ

أَنْتَ وَلِيِّي فِي الدُّنْيَا وَالْآَخِرَةِ تَوَفَّنِي مُسْلِمًا وَأَلْحِقْنِي بِالصَّالِحِينَ 

яъни: “Эй, Раббим! Менга подшоҳлик ато этдинг, яна барча гап (туш)ларнинг таъвил (таъбир)ларидан менга таълим бердинг. Эй, осмонлар ва Ерни ижод этган зот! Дунёю охиратда Ўзинг эгамдирсан. (Ажалим етганида) мусулмон ҳолимда вафот эттир ва мени солиҳлар (қатори)га қўшгин!” (Юсуф сураси 101-оят).

Аллоҳ таоло барчамизни Қуръони каримни ўқийдиган, уни тадаббур қиладиган, ибрат ва насиҳат оладиганлардан қилсин! Омин!

 

Муҳтарам имом-домла! Маъруза таъсирли чиқиши учун Юсуф алайҳиссалом қиссасини ўрганиб чиқиш тавсия қилинади.

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Эзгу амал – қалб лаззати” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар

Оғир жудолик

4.01.2025   3555   6 min.
Оғир жудолик

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ёш Муҳаммад улғайиб катта бўлганидан кейин яқиндагина онаси билан шу туяда келишганини эсларди. Умму Айман унинг кўзёшларини артиб борарди. Гўё ортларидан онаси келиб қоладигандек ёш Муҳаммад орқаларига ўгирилиб қўярди. Умму Айман уни бағрига олиб, бошини силаб-силаб қўйганини сира-сира эсдан чиқармади.
Уларни кутиб олишга Абдулмутталиб чиқди. Бўлган воқеадан бехабар бобо олдига югуриб келган набирасининг қайғули юзини кўриб ҳайратланди. “Нима бўлди, болам, онанг қани?” деб сўради. Гўдак жавоб бермай йиғлайверди. Абдулмутталиб таажжубланиб турганида Умму Айман йўлда нима бўлганини айтиб берди. Қария қаттиқ қайғуга тушди.

Нур юзли набирасини бағрига босиб, кўзларига термулди. “Жоним болам, энди ота-онанг ҳам, бобонг ҳам мен бўламан. Ғам чекма, доимо сенинг ёнингдаман”, деб кўнглини кўтарди.
Бобо берган сўзига оғишмай амал қилди. У чиндан ҳам бу набирасини бошқаларига қараганда бошқача яхши кўрар, ёнидан бир қадам жилдирмас, ҳеч кимга ишонмасди. Ҳар гал юзига қараганида гоҳ ўғли Абдуллоҳни, гоҳ келини Оминани эслаб, йиғлаб оларди. Одамлар ҳайбати ва салобатидан қўрқадиган Абдулмутталибнинг уйига фақатгина ёш Муҳаммад ижозатсиз кира оларди. Ҳали ёш бўлишига қарамай, баъзи нарсаларда бобо ундан маслаҳат сўрар ва гапига қулоқ тутарди. Олдига таом келтиришса, набираси келмагунча овқатга қўл чўзмасди.

Кунларнинг бирида ажойиб воқеа содир бўлди. Ёғин камлиги сабабли Маккада қурғоқчилик бўлиб турарди. Ўша йили ҳам шундай бўлди. Ҳамма қаттиқ ташвишланди, чорва моллари нобуд бўлишидан хавотирга тушишди. Чунки молларга озуқа қолмаганди. Одамлар Абдулмутталибнинг уйига кёлиб: “Каъбанинг Робби бўлган Аллоҳга дуо қилайлик, ёмғир ёғдирсин. Биз бир неча кундан бери дуо қиляпмиз, аммо ижобат бўлмаяпти”, дейишди.

Эртаси куни бутун қавм тўпланиб тоғ томондаги тепаликка чиқди. Кичкина Муҳаммад ҳам улар билан чиқди. Абдулмутталиб қўлини дуога очди: “Эй ушбу Каъбанинг Эгаси, Иброҳим алайҳиссаломнинг Рабби бўлган Аллоҳ, бизга раҳм эт, устимизга ёмғир ёғдиргин”, деди. Шу пайт ёнида турган набирасига кўзи тушиб айтди: “Мана бу етим набирамнинг ҳурматидан бизга ёмғир ато қилгин”. Боланинг ҳам қўлчалари дуога очилди. Осмон мусаффо, қуёш чарақлаб турар, бир дона ҳам булут кўринмасди. Аммо бирдан узоқдан булут кўзга ташланди. Абдулмутталиб ҳайратланиб самога қаради. Булут бир зумда Макка устига етиб келди. Чақмоқ чақиб, момақалдироқдан кейин ёмғир қуя бошлади. Одамлар уйларига боргунига қадар бутун уст-бошлари ҳўл бўлиб кетди.

Албатта бу воқеанинг ҳикматини ҳеч ким билмасди. Фақатгина Абдулмутталиб берилган бу неъмат нур юзли набираси сабабли эканини тушуниб турарди.
Вақт ўтар, ҳамиша набирасини етаклаб юрадиган Абдулмутталиб ҳам аста-секин қариб, кучдан қолиб борарди. Бир куни ёш Муҳаммад яна оғир синовга дуч келди. Онасидан айрилгач, бобоси Абдулмутталибга қаттиқ ўрганиб қолган эди. Энди шу меҳрибон бободан ҳам айрилиш арафасида эди. Ота-онам ҳам, бобом ҳам сиз деб суянган тоғидан жудо бўлиш осон эмас. Албатта, бу синовларнинг барчаси Аллоҳнинг иродаси ила содир бўларди.
Ажали етганда ҳар бир жоннинг вафот этиши аниқ ҳақиқат. Аллоҳ таоло ҳеч бир бандасига “Бунинг фалон иши бор экан, тугатиб олсин”, “Етим боласи бор экан, катта бўлсин”, “Узатиладиган қизи бор экан, тўйини кўрсин”, деб муҳлат бермайди.

Абдулмутталибни ҳам ажал излаб келди. Бир куни бу дунёни тарк этишини яхши билган Абдулмутталиб нур юзли набирасидан айрилишни истамасди. Жон бериш арафасида атрофига олазарак боқиб “Муҳаммадим қани?” деб сўради. Атрофдагилар севимли набирани олдига олиб келишди. Абдулмутталиб: “Кел, болам, олдимда ўтирсанг, бироз енгил бўламан”, деди. Бу нурли набирасининг қўлларидан ўпиб, ҳидлаб, бағрига босар экан, чиройли кўзларидан оқаётган ёшларни кўриб сабри чидамади.
Қария ҳамма фарзандларини тўплаб: “Мен вафот этсам, бу набирамга ким ғамхўрлик қилади?” деб сўради. Ҳамма амакилари ёш Муҳаммадни ўзи билан бирга олиб кетишни истади. Чунки бу бола қаёрга борса, ўша ерга файзу барака ёғилишини яхши билишарди. Абдулмутталиб бу гал набирасидан сўради: “Ўзинг нима дейсан? Қайси амакинг билан қолишни хоҳлайсан?” Гўдак индамай ўрнидан туриб, ҳалқа бўлиб ўтирган амакилари орасидан Абу Толибнинг қучоғига борди. Шу тариқа қарор қабул қилинди. Демак, ёш Муҳаммад Абу Толибни танлади.

Абу Толиб отаси Абдулмутталиб каби ёш Муҳаммадни ҳам, иниси Абдуллоҳни ҳам жуда яхши курарди. Жони узилаётган Абдулмутталиб суюкли набирасининг севикли ўғли Абу Толиб билан қолаётганидан кўнгли тўлди. Охирги нафасида ҳам ёш нурли набираси юзига термилиб тураркан, Абу Толибга уни омонат топширганини, асло озор бермаслик ва меҳрини аямаслигини васият қилиб оламдан ўтди.
Абдулмутталибнинг вафоти бутун Қурайш қабиласи, айниқса, ҳошимийлар хонадони учун оғир жудолик бўлди. Салобатли, ақл-фаросатли ва ўз қавми учун жонини фидо этишдан ҳам қайтмайдиган инсондан айрилдилар. Абдулмутталибнинг дафн маросимида бутун қабила иштирок этди. Улар тобутни кўтариб кетишар экан, ёш Муҳаммаднинг кўзларидан тинмай ёш оқарди. Бу синовларнинг барчаси Аллоҳ таоло томонидан ёш Муҳаммадни пайғамбарликка тайёрлаш учун эди. Ҳаммаси уммат, дин, сиз ва биз учун эди.

“Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ” китобидан