Уламолар ташрифидан чекка-чекка ҳудудлар ҳам четда қолмаяпти. Хусусан, Ислом цивилизацияси маркази масъул ходими Аброр Мухтор Алий домла ҳам Наманган вилоятига ташрифини Поп туманидаги "Кичик Хўжаобод" ва "Муҳаммаджон қори" масжидларидан бошланди.
Аср намозини "Кичик Хўжаобод"масжидида, шом намозини "Муҳаммаджон қори" масжидида жамоат билан адо этган масжид жамоалари, аҳли илмлар ва аҳоли вакиллари билан мулоқотлар ўтказдилар. Суҳбатда жамият аъзоларини қийнаб келаётган оила, ундаги бурч ва масъулиятлар, оилада ота-онанинг ўрни, фарзанд тарбияси ва ҳозирги долзарб мавзулар ҳақида маъруза бўлди.
Сўнг тумандаги эхтиёжманд, мехрга ташна инсонларга озиқ-овқат жамланмаси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги "Шамсуддинхон Бобохонов" нашриёт матбаа ижодиёт уйида чоп этилган китобларни ҳадя сифатида топширдилар.







Наманган вилояти сафари давом этмоқда.
#xabar #qabul #murojaat
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан олиб бораётган очиқ ва самимий мулоқотлари фуқаролар муаммоларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қабуллар жараёнида ҳар бир мурожаат эътибор билан ўрганилиб, аксарияти ўз вақтида ижобий ҳал этилаётгани қувонарлидир.
Жумладан, бугун 17 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Диний идорага келган фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, арз ва таклифларини тингладилар. Қабул давомида имом-хатиблар фаолияти, ҳаж ва умра масалалари, оилавий муаммолар ҳамда моддий ёрдам билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Хусусан, оилавий масалалар бўйича мурожаат қилганларга муаммолар ечими юзасидан маслаҳатлар берилди, шаръий саволларга атрофлича тушунтиришлар қилинди ҳамда моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак кўрсатилди.
Самимий қабул ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролар кўрсатилган эътибор учун миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилишди.
Дарҳақиқат, инсон дардига шерик бўлиш ва унинг ташвишини енгиллатиш — савоби улуғ амалдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади", деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).
Шу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликлари ҳамда барча жоме масжидларида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати