Бугун, 10 июнь куни эрта тонгда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Президент маслаҳатчиси Шоазим Минаваров, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев Андижон шаҳридаги “Мирпўстин ота” зиёратгоҳига ташриф буюришиб, муборак қадамжони зиёрат қилишди. Меҳмонларга Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд Алимов ва Диний идора ишбошқарувчиси Рустам Жамилов ҳамрохлик қилмоқда.
Диний соҳа раҳбарлари зиёрат асносида Мирпўстин ота ва бошқа улуғ ота-боболаримиз ибратли ҳаёти ва фаолиятлари эсга олиниб, юртимиздаги муборак масканлар обод этилаётгани, зиёрат туризмига алоҳида эътибор қаратилаётгани, улуғ ота-боболаримиз қўним топган масканларни обод қилиш, уларнинг беқиёс меросини ўрганиб, ёш-авлодни уларга муносиб қилиб тарбиялаш зарурлиги таъкидланди.
Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, савоби азиз авлиёлар руҳига бағишланди, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Шунингдек, ушбу муборак масканда Ҳақ таоло ризолиги учун бир қўчқор сўйилиб, савоби ўтган улуғларимиз ҳаққига бахшида этилди.
Андижон сафари давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Мадинаи мунаввара шаҳридаги «Zamzam Pullman» меҳмонхонасида бўлиб турган зиёратчилар билан суҳбатлашдилар. Юртдошларимиздан соғликлари, кайфиятлари, ибодатларини қандай адо этаётганлари, меҳмонхонадаги шароитлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини сўрадилар.
Бўлажак ҳожилар зиёрат ва ибодатларни бекаму кўст адо этишлари учун кўрсатилаётган хизматлардан ниҳоятда мамнунлигини билдиришди. Айниқса, меҳмонхона Ҳарами шарифга жуда яқинлиги ёши улуғ кишилар учун ҳам қулай бўлаётгани, беш маҳал намозни Масжиди Набавийда адо этишнинг шукуҳи ҳақида сўзладилар. Малакали имом-хатиблардан ташкил топган элликбошилар, ишчи гуруҳи, шифокорлар туну-кун шай туришганини алоҳида эътироф этишди.
Муқаддас заминда тоат-ибодатларини хотиржам бажараётган зиёратчилар яқинлари, оила аъзолари қаторида тез-тез эл-юртимиз, давлатимиз раҳбари ва бошқа мутасаддилар ҳақларига дуолар қилиб, офият ва фаровонлигимиз бардавомлигини Аллоҳдан сўрашмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати