Вақт шунчалик қиммат ва бебаҳо бўлишига қарамай, кўпчилик инсонлар унинг бу қийматини ҳис этмайдилар, натижада ундан фойдаланиб қолиш учун эмас, балки уни зое қилиб, йўқотиш учун мусобақалашадилар. Бундай “мусобақачилар” унинг бебаҳо улушидан маҳрум инсонлардир. Бу ҳақда ҳадиси шарифда қуйидагича баён қилинган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икки неъмат борки, кўп инсонлар улардан маҳрумдир, (Улар): Соғлик ва бўш вақтдир” (Бухорий ривояти).
Инсон гоҳида соғлом бўлса-да, оғир меҳнат билан банд бўлганлиги сабабли фазилатли амалларни ўзлаштириш учун фурсат топа олмайди. Баъзида эса оғир меҳнатлардан қутулган бўлса-да, унинг соғлиги бўлмайди. Агар бир инсоннинг соғлиги ҳам, бўш вақти ҳам бўлса-ю, фазилатларга эришиб қолишга ҳаракат қилмаса, унинг ана шу дангасалиги улардаги улушдан маҳрумликдир. Зеро, ҳар хил тўсиқларга тўла ва қисқагина умрдан имкон қадар фойдаланиб қолмасдан беҳуда ўтказиб юбориш энг қимматли улушдан бенасиб қолишдир.
Бугунги кунда вақтни беҳуда амалларга сарфлаш одатий ҳолга айланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. “Фалон жойда янги ошхона очилибди”, дейилса, вақтини исроф қилаётганига парво ҳам қилмай янги ошхона сари отланадиганлар, ҳатто овқатланиб келиш учун шаҳар ташқарисига ёки бошқа шаҳарларга ҳам бориб келадиганлар борлиги ҳақиқатдир. Аслида инсон ейиш учун яшаши билан эмас, балки яшаш учун ейиши билан бошқа жонзотлардан фарқланиб турмайдими?
“Бир марта келадиган дунёда ўйнаб, кулиб юриб қолиш”ни айтиб, шу “ташвиш” билан яшаётганларга уламолар қуйидагича насиҳат қилганлар: “Аслида дунёга бир марта келадиган бўлганимиз учун амал қилиб қолишимиз лозим. Чунки бизга абадий роҳат-фароғатни қўлга киритиш учун фақат бир марта дунёда туриш муддатигина имконият қилиб берилган. Ана шу бир марталик имкониятни вақтинчалик нарсаларга чалғиб қўлдан бой бериш ақлли инсонларнинг иши эмас”.
Қуръони каримда ҳар бир кишига эртанги кун учун қандай амал қилганига қараш буюрилган:
“Эй, иймон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (“Ҳашр” сураси, 18-оят).
Ушбу оятда қиёмат куни эртанги кун деб хабар берилган. Эътибор бериладиган бўлса, ҳамманинг ўтказган умри кечагидек кўз олдида туради. Қиёмат ҳам оятда хабар берилгани сингари эртадек жуда тез келиб қолади. Уламолар мусулмон кишининг вақти доимо уч амалдан бирига сарфланишини баён қилганлар:
Ушбу мубоҳ амалларни бажаришда фарз ва суннат амалларга куч-қувват йиғиб олиш ният қилинса, мубоҳ амал туфайли ҳам савобга эга бўлинади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Тунни қоим қилиб савоб умид қилганим сингари, ухлашимдан ҳам савоб умид қиламан”.
Мусулмон киши учун вақтнинг тўртинчи бўлаги бўлмайди. Тўртинчиси ҳаддан ошишдир. Ким ҳаддан ошса, ўзига зулм қилган бўлади.
Вақтга эътиборли бўлиш муҳимлиги баён этилар экан, ўртача етмиш беш йиллик умр таҳлил қилиб кўриладиган бўлса, асосий вақт нималарга сарфланиши яққол намоён бўлади:
Мазкур ишларнинг барчаси ният билан адо этиш туфайли ибодатга айланиши мумкин. Бу эса, мусулмон кишида етмиш беш йиллик умрни дақиқа-ю сонияларигача тўлиқ ибодатга айлантириб олиш имкони бор, деганидир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши ўтаётган кунида қанча фарз ва вожиб, суннату мустаҳаб амалларни, ота-она, қариндошлар, қўни-қўшни, юрт-ватан ҳақларини ва ҳакозо шариат талаб қилган амалларни ният билан бажарганини ҳар доим сарҳисоб қилиб бориши лозим. Ўтаётган ҳар бир вақт ҳисоб-китоблидир.
Аллоҳ таолодан ўтказаётган кунларимизни хайр-баракали қилишини, бугунимизни кечамиздан, эртамизни эса бугунимиздан афзал қилишини сўраймиз.
Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин!
Шайх Абдул Фаттоҳ Абу Ғудданинг “Уламолар наздида вақтнинг қадри” китобидан
Қудратуллоҳ Сидиқметовнинг таржимаси
15 декабрь куни Бирлашган Араб Амирликлари Президенти ташаббуси билан 2026 йил “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилиниши муносабати билан оила қадриятларини мустаҳкамлашга бағишланган халқаро анжуман бошланди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда.
Конференция Қуръони карим тиловати ва “Оила – халқ юраги” номли видеолавҳа намойиши билан бошланди. Очилиш маросимида БАА Бағрикенглик ва бирдамликда яшаш вазири Шайх Наҳаён бин Муборак Ол Наҳаён, Амирликлар Фатво Кенгаши раиси Абдуллоҳ бин Байя, Марокаш подшоҳлиги Вақфлар ва Ислом ишлари вазири доктор Аҳмад Тавфиқ, Амирликлар Ислом ишлари, вақф ва закот бош бошқармаси раиси, доктор Умар Ҳабтур ад-Диръий, Мавритания фатво кенгаши раиси, доктор Аслам бин Саййид Мустафо, таниқли уламолар, машҳур муфтийлар ва илмий-тадқиқотчилар каби 300 нафардан зиёд иштирокчи қатнашди.
Сўзга чиққан нотиқлар Ислом динида оила мустаҳкамлигига катта эътибор қаратилиши баробарида бугунги кунда оила масаласига янада жиддий аҳамият қаратишга катта урғу беришди.
Жумладан, шариат буюрганидек, инсон насл-насабини сақлаш, силаи раҳм қилиш, ота-онани эъзозлаш, жуфти ҳалолига эътиром кўрсатиш, фарзандларни яхши тарбиялаш сингари муҳим вазифаларни кенг тарғиб этиш, ҳозирги хавф-хатарлар даврида оилани мустаҳкамлаш, унинг жамият ривожидаги ўрни, бирдамлик манбаи эканини тушунтириш каби масалалар ҳақида сўз борди.
Шунингдек, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ривожланган паллада оилавий ришталарни муҳофаза қилиш ва мазкур тараққиёт имкониятларидан унумли фойдаланиш зарурлиги, давр талабидан келиб чиққан ҳолда замонавий таҳдидларга жавоб берадиган, оила қадриятларини асраб-авайлайдиган, унинг саодатини таъминлайдиган долзарб фатволар ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди.
Анжуман давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати