Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Декабр, 2025   |    ,

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:19
Қуёш
07:44
Пешин
12:25
Аср
15:15
Шом
17:00
Хуфтон
18:19
Bismillah
19 Декабр, 2025, ,

Такфир тушунчаси ва унга оид ҳукмлар

10.05.2021   8136   7 min.
Такфир тушунчаси ва унга оид ҳукмлар

Куфр сўзи луғатда “ёпиш”, “беркитиш” маъносини англатади. Шу сабаб деҳқонинг бир номи ҳам араб тилида “кофир”дир. Чунки у уруғни ерга яширади, яъни экади. Бу ҳақда Қуръонда бундай келади:

 «(У) бамисоли бир ёмғирки, унинг (сабабидан униб чиққан) гиёҳ кофирларни таажжубга солур» (Ҳадид, 20). 

Самарқандий, Фахриддин Розий, Имом Қушайрийлар ўз тафсирларида кофирлардан мурод – деҳқонлар деган бўлсалар, бошқа муфассирлар ҳақиқий кофир ҳам деб ўтганлар.  Бир инсонга нисбатан кофир дейилиши ботил ила ҳақни беркитгани сабаблидир.

Куфр шаръий истилоҳда имоннинг зидди бўлиб, “тониш”, “бош тортиш” маъноларидадир.  Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай дейди: «Бизлар (бу икки китобнинг) ҳар бирига кофирдирмиз», дедилар (Қасос, 48).

Шу эътибордан шаръий маъноси ва луғавий маъноси ўзаро узвий боғлиқдир. “Кофир” дегани “куфр эгасининг қалби куфр сабабли ёпилган” деган маънодадир. “Дуррур мухтор” асарида бундай дейилади: “Куфр шариатда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни динга оид олиб келган нарсаларида ёлғончига чиқаришдир”.

Шариатда мусулмонни унинг мусулмон эканлигига қарши далил топилмагунича мусулмон, деб ҳукм қилинади. Зеро, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бундай дейдилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий ва Имом  Муслим ривояти).

Бир мусулмонни кофирга чиқаришдан олдин куфрга сабаб деб ўйланаётган у гапирган сўзи ёки ишига қараш, уни яхшилаб ўрганиш шартдир. Зеро, барча фосид сўз ёки иш куфр қилувчи эмасдир. Шунингдек, барча инсонлар ўзгаларни кофирга чиқаришдан сақланмоқлари, бу ишдан қочиб, бу жуда нозик масала бўлгани учун ҳам уни олимларга ҳавола этиш вожибдир. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир киши биродарига “эй кофир!” деса бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади. Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса, гапирувчининг ўзига қайтади”, деб айтдилар (Имом Бухорий ва Имом  Муслим ривояти).

 Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. У зот Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни бундай деяётганларини эшитган: “Ким бир кишини “кофир” деб чақирса ёки “Аллоҳнинг душмани” деса, аслида у одам бундай бўлмаса, гаплари ўзига қайтади” (Имом  Муслим ривояти).

Агар бир мусулмон одам куфрга ўхшаш сўзни гапириб қўйса, модомики унинг сўзини бошқа бир яхши маънога йўйишнинг имкони бўлса, уни кофир дейилмайди. Шунингдек, у гапирган сўзни куфр сўз эканлигида олимлар ўртасида ихтилоф бўлса, агарча у ихтилоф заиф ривоятда келиб, ривоятда у сўзни куфр эканлиги шак қилинган бўлса-да, у мусулмон кофирга чиқарилмайди.

Зеро, мусулмонни нима нарса имонга олиб кирган бўлса, ана ўшандан тонишгина имондан чиқариб юборади. Чунки кишидаги мавжуд ислом шак билан йўқ бўлмайди. Ислом шак билан йўқ бўладиган нарса эмас. Агар бир киши бир сўзни айтиб қўйса ё қилиб қўйса ва бир қанча таъвилларга кўра у кофир бўлиши керак бўлган вақтда биттагина таъвилга кўра у кофир бўлмаслиги чиқса, бу масала нозик бўлгани ва мусулмон ҳақида яхши гумон қилиш лозимлиги эътиборидан ана шу бир кўринишга кўра, у кофир эмас дейилади. Олимлар шунга фатво беришган. Бундан ташқари куфр жиноятнинг энг юқориси бўлиб, у жазонинг ҳам энг юқорисини тақозо қилади. Энди шак ва эҳтимол билан эса бир одамга энг катта жазо қўлланмайди ( Раддул мухтор хошияси. III жилд. 385 бет).  

Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатар сабабидан Қуръони карим ва Сунна ўзга бировни куфрга чиқаришдан қайтарган. Жумладан Нисо сураси 94-оятида Аллоҳ таоло бундай дейди: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда аниқ иш тутинг! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингизлар.  Сўнгра Аллоҳ сизга неъмат ато этди. Бас аниқлаб иш тутингиз! Албатта Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир”.

Бу оятни нозил бўлиши ҳақида Ибн Касир ўз тафсирида бундай дейди: Имом Аҳмад Ибн Аббосдан ривоят қиладилар: “Бану Салимдан бир киши ўзининг қўйларини боқаётганида Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларининг бир гуруҳининг олдидан ўтиб туриб, уларга салом берди. Улар: “бизга салом берма, балки биздан паноҳ сўра”, дедилар. Сўнг уни ўлдирдилар, кейин уни қўйи билан Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурига олиб келдилар. Сўнг ушбу оятни “Эй имон келтирганлар...” дан охиригача нозил бўлди.

Жумҳур калом ва фиқҳ уламолари иттифоқига кўра, бирор бир аҳли қибла бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик лозимдир.

Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳазратлари ҳам аҳли қибла бўлганларнинг бирортасини кофирга ҳукм қилмаган эканлар.

Имом Шофеъий (раҳматуллоҳи алайҳ) фақатгина бидъат аҳлидан бўлган хаттобийларни очиқ суратда ҳаромни ҳалол деганлари учун кофирга ҳукм қилган эканлар.

Таҳовий ақидасида: “Қибла аҳлидан бўлган бирор-бир мусулмонни гуноҳи кабира туфайли кофир санамаймиз”, дейилади (Ал-Манҳажус саҳиҳ фи фаҳми ақидати аҳли сунна вал жамааъ. Ҳасан Али Саққоф,703-бет). Шунингдек, бошқа ақида ва уларга ёзилан шарҳларда катта гуноҳ қилган кишилар гарчи уни содир этиш пайтида вафот этса ҳам, қилган ишини ҳалол санамаса, кофир бўлмаслиги, агар ўз уқубатларини дунёда олса катта гуноҳи учун каффорот бўлиши, мабодо вафот этса, бу – Аллоҳнинг хоҳиши: хоҳласа азоблаши, хоҳласа кечиши баён этилган.

Ақида илимининг етук билимдони Абул Ҳасан Ашъарий айтадилар: “Мен аҳли қибладан бирортасини кофирга чиқармайман. Чунки уларнинг барчалари ёлғиз маъбудга ибодат қиладилар”.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ўзга инсонни кофир дейиш, унга жаҳаннамда абадий қоласан, дейишга тенг гапдир. Бунинг устига жамият кишилари орасида унинг ўрнини ўз билганича белгилаб бериш демакдир. Бу иш жуда нозик бўлгани ва эҳтиёткорликни талаб қилгани учун ҳам зинҳор бу ишга шошилмаслик керак. Балки бу ишларни ўз эгалари: олимлар, муфтийлар ҳукмига ҳавола қилиш лозим. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундан қайтарганликлари ҳам бу ишни нақадар нозик эканлигини белгилаб беради. Биз юқорида кўрганимиздек, У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир киши биродарига “эй кофир!” деса, бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади. Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса гапирувчининг ўзига қайтади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти) деганлари ҳам бизга ибрат ўлароқ етади.

 

Н.Саидакбарова

Р. Бадриддинова

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Фуқаролар мурожаатига амалий ечимлар берилди

17.12.2025   4550   1 min.
Фуқаролар мурожаатига амалий ечимлар берилди

#xabar #qabul #murojaat

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан олиб бораётган очиқ ва самимий мулоқотлари фуқаролар муаммоларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қабуллар жараёнида ҳар бир мурожаат эътибор билан ўрганилиб, аксарияти ўз вақтида ижобий ҳал этилаётгани қувонарлидир.
 

 Жумладан, бугун 17 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Диний идорага келган фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, арз ва таклифларини тингладилар. Қабул давомида имом-хатиблар фаолияти, ҳаж ва умра масалалари, оилавий муаммолар ҳамда моддий ёрдам билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.


 Хусусан, оилавий масалалар бўйича мурожаат қилганларга муаммолар ечими юзасидан маслаҳатлар берилди, шаръий саволларга атрофлича тушунтиришлар қилинди ҳамда моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак кўрсатилди.


 Самимий қабул ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролар кўрсатилган эътибор учун миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилишди.


 Дарҳақиқат, инсон дардига шерик бўлиш ва унинг ташвишини енгиллатиш — савоби улуғ амалдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади", деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).


 Шу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликлари ҳамда барча жоме масжидларида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Фуқаролар мурожаатига амалий ечимлар берилди Фуқаролар мурожаатига амалий ечимлар берилди Фуқаролар мурожаатига амалий ечимлар берилди Фуқаролар мурожаатига амалий ечимлар берилди Фуқаролар мурожаатига амалий ечимлар берилди Фуқаролар мурожаатига амалий ечимлар берилди Фуқаролар мурожаатига амалий ечимлар берилди
Ўзбекистон янгиликлари