Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Декабр, 2025   |    ,

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:19
Қуёш
07:44
Пешин
12:25
Аср
15:15
Шом
17:00
Хуфтон
18:19
Bismillah
19 Декабр, 2025, ,

Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги фазилати

02.05.2021   6438   2 min.
Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги фазилати

Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойининг охирги ўн кунида бошқа кунларидан кўра кўпроқ ибодат қилар, у кунларни этикоф билан ўтказар ва қадр кечасини ушбу кечалардан қидирар эдилар[1].

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ўз саҳиҳларида Оиша онамиз розиёллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: “Албатта Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам, Рамазон ойининг охирги ўн куни кириб келса, аҳлларини уйғотар, тунларини тирилтирар ва белларини маҳкам боғлар эдилар”[2]

Ҳадиси шарифдаги Оиша онамизнинг: “Белларини маҳкам боғлар эдилар”,  дегани Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатга одатдагидан кўпроқ жидду-жаҳд  қилиб ҳаракат қилганларидан киноя. Баъзилар бу аёлларидан четлашганлари, яқинлик қилмаганларидан киноя дейдилар.

“Тунларини тирилтирар эди” деганлари эса, намоз ва бошқа ибодатлар билан туннинг барчасини бедор ўтказар эдилар деган маънода. Оиша онамиз розиёллоҳу анҳодан ривоят қилинган бошқа ҳадисда: “ Мен Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни Рамазон ойидан бошқа бирор пайтда бир кечада Қуръони каримнинг барчасини ўқиганларини ҳам, туннинг ҳаммасини то тонггача бедор бўлганларини ҳам, бир ой аввалидан охиригача тўлиқ рўза тутганларини ҳам билмайман”[3] деганлар.

“Аҳлларини уйғотар эди” деганлари эса, аёлларини намозга уйғотар эди деган маънода. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг одатларидан маълумки, У зот аҳлларини бошқа кунларда ҳам ибодатга уйғотар эдилар. Витр ўқимоқчи бўлсалар Оиша онамизни уйғотганлари каби.[4] Аммо Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли оилаларини Рамазон ойининг охирги ўн кунида уйғотишлари йилнинг бошқа кунларига нисбатан кўпроқ бўлар эди.  

 

 

Шайхонтоҳур тумани “Ислом нури” жоме  масжиди имом хатиби,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси

А. Собиров

 

[1] Имом Муслим Оиша розиёллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилган(1175)

[2] Имом Бухорий ривояти(1913)

[3] Имом Насаий ривояти(1641)

[4] Имом Бухорий ривояти(952)

РАМАЗОН-2021
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Барча ёмонликлардан ҳимояда бўлиш зикри

03.11.2025   6887   1 min.
Барча ёмонликлардан ҳимояда бўлиш зикри

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Бомдод намозидан кейин оёғини йиққан ҳолида туриб, гапирмасдан олдин ўн марта «Лаа илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, юҳйи ва юмийту ва ҳува ъала кулли шайин қодийр» деса, унга ўн ҳасанот ёзилур, унинг ўн хатоси ўчирилур, унинг ўн даражаси кўтарилур. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсалардан ҳимояда бўлур ва шайтондан сақланур. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаган бўлса», дедилар.

Дуонинг маъноси: "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг Ўзи ёлғиздир, Унинг шериги йўқдир, мулк ва ҳамд Унгадир, тирилтирур ва ўлдирур, ва У ҳамма нарсага қодирдир".

Деярли кўпчилик машойихлар ва ўтган азизлар ушбу ривоятда келган дуони ўзларига кундалик вазифа қилиб олганлар. Ҳар бир киши бунга амал қилмоғи лозим. Чунки бомдод намозидан кейин ўрнидан турмай, оёқлари йиғилган ҳолда, дунёвий гапларни гапирмай туриб бу дуони ўқиган одамга кўпгина яхшиликлар ваъда қилинмоқда:

1. Унга ўн ҳасанот ёзилур.
2. Унинг ўн хатоси ўчирилур.
3. Унинг ўн даражаси кўтарилур.
4. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсадан ҳимояда бўлур.
5. Шайтондан сақланур.
6. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаган бўлса. Агар Аллоҳ таолога ширк келтирган бўлса, иши чатоқ бўлади.

Бу ҳадиси шарифга амал қилишни йўлга қўйиш керак.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузидан

Мақолалар