Тобеин олимлардан Абул Асвад ад-Дуалий ҳикоя қилади: Ҳазрати Умарнинг халифалик йилларининг бирида Мадинага боргандим. Ўша кунларда Мадинада бир касаллик пайдо бўлганди, инсонлар бир-бирининг ортидан ўлаётган эдилар. Ҳазрати Умарнинг ёнида ўтиргандим. Шу вақт у ердан бир тобут кўтардилар. Шу ерда ҳозир бўлганлар ўлган одам ҳақида чиройли сўзларни сўзладилар. Шу чокда ҳазрати Умар: "Қабул бўлди”, деди. Сўнгра яна бир тобут кўтарилди. Бу тобутдаги одам ҳақида ҳам чиройли гапларни айтдилар. Ҳазрати Умар яна: “Қабул бўлди”, деди. Ундан кейин учинчи тобут кўтарилди. Бу сафар мусулмонлар ўлган одам ҳақида ёмон гапларни гапирдилар. Ҳазрати Умар яна: "Қабул бўлди”, деди. Мен ундан ажабланиб:
- Нима қабул бўлди, эй мўминларнинг амири? - деб сўрадим. Ҳазрати Умар бундай жавоб берди:
- Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатганлари каби сўзладим. У зот бундай марҳамат қилган эдилар: "Ҳар қандай мусулмон ҳақида тўрт киши "яхши одам эди", деса Аллоҳ уни жаннатига киритади". Шу гапни айтганларидан кейин у зотга бир неча саволлар берган эдик.
– Уч киши унинг яхши одам эканини сўзласа нима бўлади, ё Расулуллоҳ?
– Уч кишининг яхши дейиши ҳукми ҳам шундай бўлади, - дедилар.
- Икки киши яхши деса-чи? - деб сўрашда давом этдик.
– Икки кишининг яхши дейиши ҳам шу ҳукмдадир, - дедилар. Кейин Пайғамбар алайҳиссаломдан бир кишининг яхши дейиши-чи? деб сўрашдан ҳаё қилдик.
«Саҳобадан 101 хотира» китобидан.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони
Фуқароларнинг расмий саналарни нишонлаш даврида тўлиқ дам олиши учун шарт-шароитлар яратиш, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш учун дам олиш ва байрам кунларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Қуйидаги қўшимча дам олиш кунлари белгилансин:
(а) 2025 йилда барча ходимлар учун (иш ҳафтасининг туридан қатъи назар) 31 декабрь – чоршанба;
(б) 2026 йилда:
(i) барча ходимлар учун (иш ҳафтасининг туридан қатъи назар): 2 январь – жума, 28 май – пайшанба, 29 май – жума, 31 август – душанба;
(ii) олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун: 3 январь – шанба, 30 май – шанба, 31 декабрь – пайшанба.
2. Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ:
(а) ишланмайдиган байрам кунлари ҳисобланувчи 8 март – Хотин-қизлар куни байрами 2026 йилда якшанба – дам олиш кунига ва 21 март – Наврўз байрами ҳамда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрамлари беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун шанба – дам олиш кунига тўғри келиши муносабати билан ушбу дам олиш кунлари мос равишда 2026 йил 9 март, 23 март ва 11 май – душанба кунларига кўчирилиши;
(б) ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмаслиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун дам олиш куни 2026 йилда 12 декабрь – шанба кунидан 31 декабрь – пайшанба кунига кўчирилсин.
4. Байрам (ишланмайдиган) кунларининг узайтирилишини ҳисобга олган ҳолда республика аҳолисининг мароқли дам олиши учун:
(а) Туризм қўмитаси ва Маданий мерос агентлиги туризм намойиши объектлари (маданий мерос объектлари, музейлар) ва меҳмонхона хизматлари учун чегирмалар берилиши ҳамда акциялар ўтказилишини ташкил этсин;
(б) Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясига Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда санаторийлар ва соғломлаштириш муассасалари учун чегирмалар бериш ҳамда акциялар ўтказиш тавсия этилсин;
(в) “Uzbekistan Airways” АЖ ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга ички транспорт қатновлари учун чегирмалар бериш ва акциялар ўтказиш тавсия этилсин.
5. Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясига:
(а) меҳнат жамоалари ўртасида ушбу Фармоннинг мақсади, мазмун-моҳияти тўғрисида тушунтириш ишларини ташкил этиш;
(б) узайтирилган байрам кунларида ходимлар ва уларнинг оила аъзолари мароқли дам олишини таъминлаш юзасидан касаба уюшмалари ташкилотларининг ишини фаоллаштириш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда байрам кунлари ўтказиладиган тадбирлар тўғрисида оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали аҳолининг кенг хабардор қилинишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги “Янги йил байрамини нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунни белгилаш ва дам олиш кунини кўчириш тўғрисида”ги ПҚ–452-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Белгилансинки, ушбу Фармон 2027 йил 1 январдан эътиборан ўз кучини йўқотади.
9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш. Мирзиёев